2. Рационал билишнинг хусусиятлари.
Рационал билиш ақлни ҳиссий (сезги, идрок, тасаввур) билишга нисбатан устуворлигини тан олади. Агар инсон ўз сезгилари ёрдамида нарса ва ҳодисаларнинг фақат ташқи хосса ва хусусиятларини билса, тафаккур воситасида нарса ва ҳодисаларнинг ички моҳиятини билиб олади.
Рационаллик – бу инсон ақлини билишнинг ва кишилар хулқ-атворининг асоси деб ҳисобловчи фалсафий тушунча. Рационалликка кўра, илмий (яъни объектив, умумий, зарурий) билимга билишнинг манбаи ва унинг ҳақиқийлиги мезони — ақл воситасидагина эришилади.
Фан ривожланишининг асосий омили сифатида рационаллик муҳим ўрин эгаллайди. Чунки рационалликка таяниб ҳаракат қилиш фаннинг ҳам фалсафанинг ҳам ютуғидир. Инсон ривожланиши, унинг фаолияти асосан фан билан боғлиқ экан, фан рационалликнинг энг юқори босқичи ҳисобланиб, унинг ривожланиши бир томондан қараганда техника ва технологияларнинг асоси бўлиб, жамият илмий-техник тараққиётининг сабабчисидир. Фан рационалликка асосланган ҳолда илмий билим олиш воситаси сифатида шаклланган. Шунинг учун фан ижтимоий институтлар орасида специфик хусусиятга эга.
Рационаллик инсоннинг ҳар қандай билиш жараёнига нисбатан ақлий билишни устун қўяди. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти ва фаолияти давомида мақсадга мувофиқ, рационал ва режа асосида ҳаракат қилади. Шундай экан рационаллик инсоннинг билиш жараёни ва бошқа кўринишидаги фаолиятида ҳам ҳиссий билиш шаклларига нисбатан ақлни устивор қўювчи таълимоти бўлиб, инсоннинг маънавий, руҳий фаолиятида барча ашё, нарсалар, ҳодисаларни қандай бўлса айнан ана шундай ҳолда билиш қобилияти, мавҳум фикрлаш ва тушунчалар яратиш хусусиятидир.
Адабиётларда биз рационалликнинг қуйидагича таърифларини учратамиз:
1) Илмий фаолиятнинг рационаллиги. Фалсафа ва фан методологиясида билиш фаолиятининг меъёр ва идеаллари, асослаш, тушунтириш ва тавсифлаш, меъёр ва эталонлари, исботлаш меъёрлари, билимларни ташкил этиш идеалларига катта эътибор берилади: 2) Рационаллик ижтимоий англанган мақсадларга етишиш ва уларни муайян илмий жамоа томонидан қабул қилишнинг оптимал нормативлик, қоида, меъёр, эталон, стандартлар мажмуаси сифатида.
Рационалликка бўлган қизиқишнинг асоси шундаки, рационаллик табиати билан боғлиқ масала фақатгина назарий бўлмай, балки хаётий-амалий масала ҳамдир. Чунки жамият ривожланиши ижтимоий онг, фалсафа ва социологияда рационалликка чуқур қизиқиш ўйғотди.
Агар биз сезгилар воситасида ҳодисалар оламини акс эттирсак, сезги билан идрок этиб бўлмайдиган моҳиятни ақл билан билиб оламиз. Ақл бизнинг сезги аъзоларимиз ташқи оламдан олган ахборотларга асосланиб, ҳодисалар моҳиятини хиралаштирувчи ва яширувчи ташқи, тасодифий ҳолатлардан абстрактлашиб ҳодисалар дунёсини ташқи, номуҳим хусусиятлар ва алоқалардан халос қилади. Муҳимни номуҳимдан фарқлантира ва ажрата олмайдиган сезгилардан фарқли ўлароқ, ақл ҳодисалардан ҳамма нарсани эмас, балки фақат энг муҳимини, барқарорини, қонуниятлисини олади. Шунинг учун абстракциялар хиссий билиш учун ғоят ҳаракатерли бўлган ёрқинлик, бевоситалик ва яққолликдан маҳрумдир.
Рационал, абстракт-мантиқий тафаккур ҳодисалар оламининг қонуниятли алоқаларини билишга имкон беради, бу эса инсонга ташқи дунёни бемалол тушуниб олиш ва теварак-атрофдаги воқелик ҳодисалари ва жараёнларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |