Ёғларнинг ёғ тўқимаси ва жигарда синтези Жигар ва ёғ тўқимасида ёғлар синтези абсорбтив даврда бўлади. Ёғлар синтези учун субстратлар ацил-КоА ва глицерол-3-фосфат. Жигар ва ёғ тўқимасида ёғлар синтези бир хил кечади, фақат глицерол-3-фосфат ҳосил бўлиш йўллари билан фарқланади.
Жигар ва ёғ тўқимасида ёғлар синтези оралиқ маҳсулот – фосфатид кислота ҳосил бўлиши орқали кечади. Фосфатид кислота ўтмишдоши — глицерол-3-фосфат жигарда икки йўл орқали ҳосил бўлади:
Қондан жигарга тушаётган эркин глицеролни (ХМ ва ЗЖПЛП ёғларига ЛПЛ таъсири маҳсулоти) глицеролкиназа таъсирида.
Ёғ тўқимасида глицеролкиназа бўлмаганлиги сабабли дигидроксиацетонфосфатни қайтариш глицерол-3-фосфат ҳосил қилишнинг ягона йўлидир. Демак, ёғ тўқимасида ёғларнинг синтези фақат абсорбтив даврда, инсулин орқали фаолланадиган глюкозани ташувчи оқсил ГЛЮТ-4 ёрдамида глюкоза адипоцитларга кирганда содир бўлади ва гликолиз йўлида парчаланади.
Ёғ тўқимасида ёғлар синтези учун асосан ХМ ва ЗЖПЛП ёғлари гидролизида ҳосил бўлган ёғ кислоталаридан фойдаланилади. Ёғ кислоталари адипоцитларга киради, КоА ҳосилаларига айланади ва глицерол-3-фосфат билан боғланиб аввал лизофофатид кислота, кейин эса фосфатид кислотани ҳосил қилади. Фосфатид кислота дефосфорилланиш натижасида диацилглицеролга айланади, у эса ацилланиш натижасида триацилглицеролни ҳосил қилади.
Қондан адипоцитларга тушувчи ёғ кислоталардан ташқари бу ҳужайраларда ёғ кислоталар глюкозанинг парчаланиш маҳсулотларидан ҳам синтезланади. Адипоцитларда ёғ кислоталари синтезини таъминлаш учун глюкоза парчаланиши икки йўл билан боради: глицерол-3-фосфат ва ацетил-КоА ҳосил бўлишини таъминловчи гликолиз ва ёғ кислоталар синтези реакцияларида водород донори бўлган НАДФН ҳосил бўлишини таъминловчи пентозофосфат йўлининг оксидланишли реакциялари.
Адипоцитларда ёғ молекулалари сув сақламайдиган катта ёғ томчиларини ҳосил қилади.
Жигарда учацилглицероллар синтези. Жигарда ЗЖПЛП ҳосил бўлиши ва ёғларни бошқа тўқималарга ташилиши Жигар гликолиз маҳсулотларидан ёғ кислоталари синтезланадиган асосий аъзо. Гепатоцитлар силлиқ ЭРида ёғ кислоталар фаолланади ва глицерол-3-фосфат билан реакцияга киришиб ёғлар синтезида фойдаланилади. Ёғ тўқимасидаги каби бу ерда ҳам ёғлар синтези фосфатид кислота ҳосил қилиш орқали боради. Жигарда синтезланган ёғлар ЗЖПЛПга жойлашади ва қонга секреция қилинади.
ЗЖПЛП таркибига ёғлардан ташқари холестерол, фосфолипидлар ва апо В-100 оқсил киради. Бу 11 536 аминокислотадан иборат жуда “узун” оқсил. Бир молекула апо В-100 липопротеиннинг бутун юзасини қоплайди.
ЗЖПЛП жигардан қонга секрецияланади, уларга ЛПЛ ХМ га таъсир қилгандек таъсир этади. Ёғ кислоталар тўқималарга, хусусан адипоцитларга, киради ва ёғлар синтезида ишлатилади. ЗЖПЛПдан ёғлар ЛПЛ таъсирида ажралганда аввал ОЗЛПга, сўнгра ЗПЛПга айланади. ЗПЛПда асосий липид компоненти бўлиб холестерол ва унинг эфирлари ҳисобланади, шунинг учун ЗПЛП холестеролни периферик ҳужайраларга етказиб берувчи липопротеин ҳисобланади. Липопротеинлардан ажралган глицерол қон орқали жигарга транспорт қилинади ва ёғлар синтезида яна қатнашиши мумкин.
Жигарда ёғ кислоталар ва ёғлар синтезининг тезлиги овқат таркибига боғлиқ. Агар овқатда 10 %дан ортиқ ёғ бўлса, жигарда ёғ синтезланиш тезлиги кескин пасаяди.