5.Миллий ғоя қандай концепциясига асосланади?
5. Миллий ғоя инсонпарварлик тамойилига амал қилишни тақозо этади. Мамлакатимизда инсонпарвар ва демократик жамият барпо этилмоқда. Биз халқимизнинг муқаддас қадриятлари ҳамда улкан тарихий меросига таяниб, шунингдек, умумэътироф этилган демократик тамойил ва меъёрларга риоя қилган ҳолда, инсонпарвар жамият барпо этмоқдамиз. Бугунга келиб мустабид тузум асоратларидан, унинг ғайриинсоний ғояларидан, шунингдек якка мафкурачилик амалидан халос бўлдик. Ҳозирги мураккаб ривожланиш босқичида Ўзбекистоннинг демократик истиқболини жамиятда инсоннинг туб манфаатларига мос ижтимоий муносабатларни шакллантириш орқалигина таъминлаш мумкин. Бунда миллий ғоянинг инсонпарварлик ва демократик тамойиллари мазмуни инсон ва жамият манфаатлари уйғунлигини белгилаб берувчи таянч нуқта ва жипслаштирувчи куч ҳисобланади.
Миллат тафаккури, руҳияти ва фикрлаш тарзи қарашлар хилма–хиллигини асло инкор этмайди. Халқимизнинг «Кенгашли тўй тарқамас» деган мақоли ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умумбашарий демократик тамойилларнинг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олиши, маънавий куч-қудратимиз тимсоли бўлган миллий ғояда акс этган инсонпарвар тузум, барқарор тараққиёт, хавфсизлик, миллий давлатчиликнинг маънавий таянчлари нечоғлик мустаҳкам бўлишига боғлиқ.
Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тўла кафолатланган. Ушбу ҳуқуқий асосга таянган ҳолда ғайриинсоний қарашларнинг ҳаётимизга таъсиридан мутлоқ халос бўлиш, миллатнинг куч қудратини заифлаштирувчи айрим маънавий нуқсонларга барҳам бериш жараёни изчил амалга оширилиши керак. Бу эса демократия моҳиятини том маънода англаб етишни, ҳокимият органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар маданиятини юқори савияга кўтаришни талаб этади.
Мамлакатимизда демократик жараёнлар ривожланиши ва жамият ҳаётини янги шароитга мос равишда маънавий–маърифий янгиланиш, одамларни ана шу жараёнларга мослашуви бозор муносабатлари шаклланишидан орқада қолаётганлиги кузатилмоқда.
Шунингдек, жамиятнинг демократиялашуви учун яратилган имкониятлар, ҳуқуқий базалар билан уларнинг реал ҳаётга айланиши ўртасида номутаносиблик сезилмоқда. Юртимизда жамиятни демократиялашуви учун ҳуқуқий база ва имкониятлар яратилган. Аммо, уларнинг реал амалга ошуви мавжуд эҳтиёж даражасидан орқада қолмоқда.
Бугунги кунда бизнинг турмуш тарзимизга, руҳиятимизга турли маънавий–маърифий хуружлар бўлмоқда, «демократия» ва «эркинлик» ниқоби остида сохта демократия ва эркинлик ғоялари турли усуллар орқали узлуксиз равишда тиқиштирилаяпти. Ҳозир бизнинг миллий тушунчаларимизни барбод этишга, мафкуравий иммунитетимизни сусайтиришга, ёшларимизни дурагайлаштиришга қаратилган тажовузларни, мунтазам ҳаракатларни сезиб турибмиз. Бугунги кунда инсон қалбини эгаллаш учун бутун дунёда тўхтовсиз кураш кетаяпти. Бу зарарли ғояларга қарши халқимизнинг ор–номуси, имон-эътиқоди, маънавий қадрияти мафкуравий иммунитет вазифасини ўташи зарур.
Инсонийликни ҳар нарсадан азиз билган халқимиз бундай «демократия», бундай «эркинлик»ни асло қабул қилолмайди. Шу сабабли ҳам бундай зарарли ғоя ва ҳаракатларнинг турмуш тарзимизга кириб, ёшларнинг қалбини эгаллаши ва миллий урф–одат, қадриятларимизни қадрсизлантиришига муросасиз бўлиш ҳар бир маърифатли инсоннинг ватанпарварлик бурчидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |