1-расм. Республикамизда 2013 – 2017 йилларда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони ва буджетга ундирилган қатъий белгиланган солиқ миқдорининг ўзгариш динамикаси Юқоридаги расм маълумотларидан кўриниб турибдики, Республикамизда
сўнги 5 йилда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони ҳам фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан буджетга ундирилган қатъий белгиланган солиқ миқдори ҳам кўпайган. Жумладан, фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 2017 йилда 2013 йилга нисбатан 122,1 минг тага ёки 1,8 баробарга, бюджетга ундирилган қатъий белгиланган солиқ миқдори 667,2 млрд.сўмга ёки 2,6 баробарга кўпайган. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сонининг кўпайишига сабаб юртимизда яратилган ишбилармонлик муҳитидир, фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан буджетга ундирилган қатъий белгиланган солиқ миқдорининг кўпайишига сабаб эса якка тартибдаги тадбиркорлар сонининг кўпайишидир.
Фаолиятнинг айрим турларини тавсифловчи физик кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда солиқ солинадиган айрим фаолият турларини амалга оширувчи солиқ тўловчилар фаолиятнинг қатъий белгиланган солиқ тўлаш татбиқ этиладиган қисмига доир солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқига эга эмас.
Қатъий белгиланган солиқ белгиланган фаолият турини тавсифловчи физик кўрсаткич солиқ солинадиган объектдир.
Солиқ солинадиган база физик кўрсаткичларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Қатъий белгиланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг календар ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
Солиқ даври — бир ой.
Қатъий белгиланган солиқ ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига:
янги ташкил қилинаётган (бошловчи) солиқ тўловчилар томонидан — давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай;
фаолият юритаётган солиқ тўловчилар томонидан — ҳисобот йилининг 10 январигача тақдим этилади2.
Солиқ солиш объекти ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчилар аниқлик киритилган ҳисоб-китобни навбатдаги тўловни тўлаш муддатидан кечиктирмай тақдим этишлари шарт.
Қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг
10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда, солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Агар фаолият амалга оширилган жой учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалардан фарқ қилса, қатъий белгиланган солиқ энг юқори ставка бўйича тўланади3.
Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида қатъий белгиланган солиқ тўлаш билан бир қаторда қуйидагиларни тўлайдилар:
1) божхона тўловлари;
2) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;
3) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ - сув ресурсларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда;
4) аксиз солиғи - аксиз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарилганда;
5) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;
6) давлат божи;
7) автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун Республика йўл жамғармасига йиғим.
Агар якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ солинадиган мол-мулкка ва ер участкасига эга бўлсалар, Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш мажбурияти уларнинг зиммасида сақланиб қолади.
Агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани топширади. Бунда ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкаларини ҳам белгиланган муддатларда топширади4.
Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги аризани ва унинг давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олган, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширадиган орган солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган шаклда ахборот тақдим этади.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тўхталадиган бўлсак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли Қарорида хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати келтирилган. Жисмоний шахслар 2011 йил 1 апрелдан бошлаб қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилмаган фаолият турларини амалга ошириши мумкин эмас. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспексиялари ва давлат солиқ хизмати органлари фаолият турлари бўйича хусусий тадбиркорларга рухсатномалар расмийлаштириш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказишда тасдиқланган Рўйхатга қатъий амал қилинади.