Сомонийларнинг давлат бошқарув тизими
Амир
Олий даргоҳ
Шайхулислом
Девонлар
Мустовфий девони.
Давлат хазинаси
Вазирлик девони
Мушрифлар девони.
Давлат ишлари назорати
Нуҳ ибн Наср (Наср II) даврида бухоронинг Регистон майдонида амир қасри қаршисида сарой қурилиб, барча девонлар унга жойлаштирилади. Маҳкама хизматчилари муайян билимга эга бўлган, араб ва форс тилини пухта билган задогон ва руҳонийлардан танланган. Почта-алоқа хизматидан бошқа ҳамма девонларнинг вилоятларда вакиллари бўлиб, улар ҳам марказий девонга, ҳам вилоят ҳокимига бўйсунган. Ҳар бир шаҳарда шаҳар бошлиғи – раис маъмурияти мавжуд бўлган. Давлатда ислом динининг таъсири ғоятда катта бўлганлигидан, олий диний мансаб – Шайхул исломнинг роли юқори даражада эътироф топган.
Сомонийлар даврида қишлоқ хўжалиги, маҳаллий ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ муносабатлари, шаҳарлар ҳаёти анча юксалди. Ўлканинг Шош, Фарғона ва Хоразм воҳаларида турли хил ғалла экинлари етиштириш, боғдорчилик, соҳибкорлик, полизчилик, пахта етиштириш анча кенгайиб борди. Кўплаб сув иншоотлари барпо этилади. Қишлоқ аҳли мавжуд хомашё маҳсулотларидан турлича ишлов бериш йўли билан ҳар хил матолар ишлаб чиқара бошлади. Жумладан, Занданақишлоғида сифатли, тилла ранг «занданачи» деб ном олган бўз тўқиш (у четга ҳам чиқарилган), Самарқанд яқинидаги Вадор қишлоғида сарғиш тусли чиройли юмшоқ, пишиқ «водорий» деб номланган матолар тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу ердаги тўқилган матодан мамлкатнинг олий амалдорлари ҳам кийим тиктиришда фойдаланганлар. Шаҳарларда кўплаб ҳунармандчилик корхоналари, ўнлаб карвонсаройлар, бозор расталари мавжуд бўлиб, доимий равишда ишлаб турган. Шаҳар мақомига эга бўлиш учун мазкур жойда камида 32 хил ҳунар-касб турлари бўлиши кераклиги ўша давр учун хос бўлган. Сомонийлар даврида Самарқанд, Бухоро, Марв, Шош, Исфижоб, шунингдек, Фарғона, Хоразм воҳаси шаҳарлари савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик марказлари сифатида ғоятда равнақ топган. Буюк ипак йўли бу шаҳарларни халқаро карвон савдоси билан туташтириб, улар етиштирган барча ноёб мато-ю маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқишини таъминлаган. Металл ишлаш, нодир металлардан, чунончи, олтин, кумуш, мис ва бошқа маъданлардан қимматли, безакли буюмлар, асбоб-анжомлар тайёрлаш шаҳарларда кенг ривожланган. Уч жойда (Бухоро, Самарқанд, Фарғона) кумуш пуллар зарб этилган. Шошда чарм маҳсулотлари, Фарғона ва Илоқда қурол-яроғлар юқори даражада тайёрланган. Шунингдек, Фарғона водийси, Оҳангарон, Самарқанд, Нурота туманларининг тоғли ҳудудларида кон-руда ишлаб чиқариши тараққий топди. Ип - йигириш, тўқувчилик ва тўқимачилик (гиламлар, поёндозлар в.б) ҳунарлари ривожланган бўлиб, бу соҳа юмушларига хотин-қизлар ҳам жалб қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |