5-мавзу: Илк ўрта асрлар ўзбек давлатчилиги: ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт


Ўрта Осиёни Араб халифалиги томонидан забт этилиши. Араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари



Download 0,57 Mb.
bet4/16
Sana22.02.2022
Hajmi0,57 Mb.
#110421
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   16
Bog'liq
3-мавзу

2. Ўрта Осиёни Араб халифалиги томонидан забт этилиши. Араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари. Амударёдан шимолда жойлашган ерларни араблар «Мовароуннаҳр», яъни «дарёнинг нариги томони» деб атардилар (қ. Мовароуннаҳр). Ҳозирги Афғонистоннинг шимоли, Эроннинг шимоли-шарқий қисми ҳамда ҳозирги Жанубий Туркманистоннинг Амударёгача бўлган ерлари Хуросон деб юритилар, унинг маркази Марв шаҳри эди. Бу вилоятни бошқариш учун халифалик томонидан махсус волий тайинланарди, унинг қароргоҳи Марвда бўлган. Мовароуннахрга қаратилган ҳужумлар Хуросон волийси томонидан уюштирилар эди.
Арабларнинг Мовароуннаҳрга қарши ҳарбий юришлари ўз мақсад ва режалари билан икки даврга бўлинади. Дастлаб халифалик босиб олишни эмас, балки маҳаллий ҳукмдорларнинг ҳарбий қудратини синаб кўриш режасини амалга оширди. Араблар ўз ҳарбий мавқеларини кучайтириш мақсадида Басра ва Куфадан 50 минг араб оиласини Хуросон вилоятига кўчириб ўрнаштирдилар. Арабларнинг Мовароуннаҳрга илк бор ҳужумлари 654 йилда Маймурғ ва 667 йилда Чағониёндан бошланди.
Наршахийнинг ёзишича, 673 йилнинг кузида халифа Муовия (661-680) фармони билан Убайдуллоҳ ибн Зиёд Амударё­дан кечиб ўтиб, Бухоро музофотига киради. Пойканд ва Ромитанни эгаллаб, Бухоро шаҳрини қамалга олади. Ёрдамга кел­ган турклар билан бухороликларнинг бирлашган қўшинлари жангда араблардан енгилади. Шахзода гўдаклиги туфайли ҳукмдорлик тахтида ўтирган Бухоро ма­ликаси, Убайдуллоҳ ибн Зиёдга бир лак дирҳам ҳажмда бож тўлаб, у билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Бождан ташқари араблар тўрт минг асир, қурол, кийим-кечак, олтин ва кумуш буюмлардан иборат кўп ўлжалар билан Марвга қайтади. Орадан 3 йил ўтгач, Хуросон волий­си Сайд ибн Усмон бошлиқ араб қўшинлари яна Бухорога бостириб киради. Суғд, Кеш ва Насаф вилоятларидан ёрдамга келган бир юз йигирма мингли ҳарбий кучга суяниб Бухоро маликаси душман билан жанг қилиш учун ўз қўшинини сафга тортади. Бироқ суғдликлар ваҳимага тушиб, Бухорони ўз тақдирига ташлаб, жанг майдонидан чиқиб кетадилар. Натижада малика катта бож тўлаб, маликзода ва деҳқон аслзодалардан 80 нафарини гаровга бериб, яна сулҳ тузишга мажбур бўлади. Сайд ибн Усмон Бухородан Самарқанд сари қўшин тортиб жангда суғдликлар қаҳрамонона қаршилик кўрсатади. Сайд ибн Усмон улар билан сулҳ тузиб, Самарқанддан ўлжалар билан бирга 30 минг нафар асир олиб қайтади. Йўл-йўлакай у Термиз шаҳрини ҳам эгаллайди.
IX аср араб муаррихи Балазурий ва Нар­шахийнинг ёзишича, Сайд ибн Усмон томонидан гаровга олиб кетилган 80 нафар Бухоро аслзодалари ваъдага мувофиқ Марвдан қайтариб юборилмай, Мадинага олиб кетилади.
Хуросон волийлари VIII аср бошларигача Мовароуннаҳрнинг турли вилоятларига ҳужум қилиб, кўпгина жойларни талаб Марвга қайтиб турган. Натижада Мовароуннаҳрнинг бир қанча вилоятлари таланиб, хонавайрон этилган. Бир ойдан ортиқ давом этган Араблар юришларига қарши курашиш мақсадида Мовароуннахрнинг маҳаллий ҳукмдорлари ўртасида ҳарбий иттифоқ тузиш учун уринишлар бўлган, лекин сиёсий тарқоқлик натижасида бу ури­нишлар самара бермаган. Араб лашкарбошилари эса бундай вазиятдан усталик билан фойдаланган. Бу даврда Ғарбий Турк хоқонлиги ички қабилавий низолар оқибатида сиёсий инқирозга юз тутиб, парчаланиб кетган эди. VII аср ўрталарида Чоч вилояти, Еттисув, Талас ва Чу водийларида кўчиб юрган йирик туркий қабилалардан туркашлар, шунингдек, VIII аср бошларида Фарғона ва Тохаристонда яшаб турган қарлуқлар, Зарафшон водийсининг ўрта қисмидаги турклар арабларга қарши курашда суғдийларга ёрдам бериб, жангларда фаол қатнашадилар.
VII аср охирларида бутун халифаликни қамраб олган чуқур ички зиддиятлар ва синфий қарама-қаршиликлар бартараф этилиб, мамлакатда тартиб ўрнатилгач, араблар Мовароуннаҳрни узил-кесил босиб олишга киришдилар. 705 йилда Қутайба ибн Муслим Хуросонга волий қилиб тайинланди. Унга Мовароуннаҳрдан то Хитой чегараларигача бўлган вилоятларни халифаликка бўйсундиришдек жиддий вазифа юкланди. Қутайба 705— 715 йилларда бу вазифани уддалаган.
Мовароуннаҳр бутунлай босиб олингач, бу ўлкада халифалик ҳукмронлиги мустаҳкамланди. Мовароуннаҳрнинг барча шаҳар ва йирик қишлоқларига ҳарбий қисмлар жойлаштирилди. Истилочилар Мовароуннаҳрда ўзларининг солиқ тартибини жорий этдилар. Экин ерларидан 0,20-0,25 ҳисса миқдорда хирож, чорва, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқдан қирқдан бир ҳиссасида закот ҳамда исломни қабул қилмаган мажусийлардан жизя каби жонбоши со­лиғи олинадиган бўлди.
Араблар Мовароуннахрда ўрнатилган сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун ислом дини тарғиботини ерли аҳоли ўртасида бутун чоралар билан кучайтирдилар. Улар ерли аҳолининг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган оташпарастлик, насроний, моний, буддавий ва қам динларни хурофий сохта динлар деб эълон қилди. Айниқса Мовароуннаҳр аҳолисининг асосий дини ҳисобланган оташпарастликка қарши қаттиқ кураш олиб бордилар. Ибодатхоналар ўрнига жоме масжидлар бино қилинди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётда мусулмон ҳуқуқи жорий этила бошлади.
Араб халифалигининг маҳаллий халқ манфаати ва тартиботига қарши сиёсати халқ орасида норозиликни кучайтириб қўзғолонлар кўтарилишига сабаб бўлди.
Халифа Умар ибн Абдулазиз (717—719) Ажам (Эрон, Хуросон ва Мовароуннаҳр)даги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, бўйсундирилган халқлар билан муросасозлик сиёсатини амалга оширишга мажбур бўлди. У янги ерларни бундан буён забт қилишни тўхтатиш ҳамда молиявий ислоҳ ўтказиш тўғрисида фармон берди. Бунга биноан, му­сулмон араблар билан бир қаторда ислом­ни янги қабул қилган ажамликлардан хирож ва жизя солиқларини олиш бекор қилинди. Аммо Хуросон волийлари фармонни халифаликнинг молия сиёсатига зид деган баҳона билан уни бажаришдан бош тортадилар. Бироқ Мовароуннаҳр зодагонларининг кўпчилиги ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблаб, солиқ тўламай қўйгач, халифалик маъмурлари бир йўла ҳаммадан жизя олиш ҳақида буйруқ беради. Натижада Мова­роуннаҳрда ёппасига исломдан чиқиш ва эски динларга қайтиш бошланди. Бунинг оқибатида зиддият кескинлашиб, бутун ўлка бўйлаб араблар зулмига қарши халқ қўзғолонлари бошланди. Биринчи бўлиб, 720 йилда Суғд аҳолиси қўзғалди. Қўзғолонга Самарқанд ихшиди Ғурак ва Панжикент ҳокими Диваштич бошчилик қилдилар. Суғдликларга ёрдам бериш учун Еттисувдан туркаш­лар хоқони шаҳзода Курсул бошлиқ турк лашкарини Самарқандга юборди. Қўзғолончиларнинг бирлашган кучлари араб­ларга қаттиқ зарба бердилар. Фақат айрим шаҳар ва қалъалар ичида қуршовда қолган араб ҳарбий қисмларигина катта ўлпон эвазига ва эътиборли вакилларини қўзғолончилар ихтиёрига гаровга бериш билан жон сақладилар.
Табарийнинг ёзишича, қўзғолонни бостириш учун Хуросон ноиби Саъид ибн Абдулазиз Суғдга қарши 3 марта юриш қилди. Ҳатто у Самарқанд ва унинг теварак-атрофини сувсиз қолдириш билан қўзғолончиларни таслим бўлишга мажбур этиш учун Дарғом каналининг бош тўғони Варқсарни ва шу тўғонни қўриқлаб турган истеҳкомни эгаллашга ҳаракат килади. Қўзғолонни бостириш йўлида кўрилган барча чора ва тадбирлар натижа бермайди.
721 йилда Саъид Хараший Хуросонга ноиб қилиб тайин этилади. У Ироқда халқ қўзғолонини бостиришда шафқатсизлиги билан танилган эди. Унга суғдликлар қўзғолонини бостириш ва уларни исломга қайтариш топширилади. Саъид Харашийнинг қўзғолончилар билан олиб борган музокаралари натижасида Ғурак бошлиқ суғд зодагонларининг бир қисми араблар томонига ўтди. Кучлар бўлиниб кетгач, Хўжандда бўлиб ўтган жангда қўзғолончилар енгилди. Корзанч бошлиқ қўзғолончилар Фарғонага чекиндилар. Сулҳ тузилгач, катта маблағ эвазига омон қолган 400 савдогардан ташқари, деярли барча қўзғолончилар хиёнаткорона қириб ташланди. Панжи­кент ҳокими Диваштич бошчилигида аслзода деҳқонларнинг бир қисми қўзғолонни бир муддат яна давом эттирдилар, аммо енгилганларидан сўнг омон қолганлари юқори Зарафшонда Обигар қалъасида қамалга олинади. Омон қолдириш шарти билан қўлга туширилган Диваштич Арбинжонда (Ҳозирги Каттақўрғон яқинида) қатл этилади, боши Ироқ ҳокимига юборилиб, танаси оташпарастларнинг хилхонаси - новус деворига қоқиб қўйилади.
Суғдда қўзғолон бостирилгач, Саъид Хараший Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқларида жазо чораларини кучайтирди. Табарийнинг ёзишича, Саъид Хара­шийнинг Кешга ҳужуми катта ўлпон эвазига тўхтатилди. Аммо эрксевар Мовароуннаҳр аҳолиси халифалик ҳукмронлигига қарши озодлик ва мустақиллик учун курашни тинмай давом эттира берди. 723 йилда арабларга қарши Фарғона ҳокими лашкар тортади. Унга Чоч, Насафдан ва Ғарбий Турк хоқонлигидан ёрдамга борадилар. Иттифоқчилар душманга қаттиқ зарба бериб, уни Хўжанддан то Самарқандгача таъқиб қиладилар.
Халифаликнинг солиқ сиёсатига қарши 725 йилда Хутталонда, 728 йилда эса яна Суғдда қўзғолон авжига чиқади. Ху­росон волийси кўп уринса-да, аммо бу ҳаракатни бостира олмайди. Халқ қўзғолони кенг авж олиб, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонга ёйилади. Бу ҳаракат Мовароуннахрнинг жанубий қисмларида, айниқса, Хутталонда кучайиб кетади. Қўзғолончилар турклар ёрдами билан араб­лар устидан ғолиб чиқиб, уларни мамлакатдан қувиб чиқара бошлайди. Мовароуннаҳр аҳолисини тинчлантириш ва араблар ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида Хуросон ноиби Ашрос ибн Абдуллоҳ ислом динини қабул қилганлардан вақтинчалик хирож ва жизя солиқларини олмасликка қарор килади. Натижада зодагон деҳқонларнинг кўпи ўз чокарлари ва кадиварлари билан ислом­ни қайтадан қабул қилиб, араблар то­монига ўтади. Шу тариқа Суғдда араб­лар ўз мавқеларини бирмунча мустаҳкамлаб олади. Бироқ бу билан халифалик­нинг шарқида вазият барқарорлашмайди. 736-737 йилларда Тохаристонда ва Ҳорис ибн Сурайж бошчилигида Ўрта Осиёда яна қўзғолон кўтарилади. Араблар, айниқса, 737 йилда танг аҳволда қолади. Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиб ва амирлари бир неча бор ўзгартирилади. Хуросоннинг янги ноиби Наср ибн Сайёр 738-739 йилларда қўзғолонни бостириш учун Самарқанд, Чоч, Фороб ва Фарғонага бир неча бор юриш қилади.
Мамлакатда ўз мавқеини мустаҳкамлаб олишда у аввало молия ислоҳоти ўтказади. Исломни янги қабул қилган кишилар жизядан озод этилиб, барча мусулмонлар ҳуқуқ жиҳатдан тенглаштирилади. Ер эгаси, эътиқодидан қатьи назар, хирож тўлаши шарт қилиб қўйилади. Шу асосда Мовароуннахр ва Ху­росоннинг барча вилоятлари учун хи­рож миқдори белгилаб берилади. Айни вақтда Наср маҳаллий зодагонлар билан яқин алоқа ўрнатиш ва улар ёрдамида мамлакатни итоатда тутиб туришга ҳаракат қилади. Шу мақсадда у халифалик томонига ўтган йирик деҳқонларнинг аввалги имтиёзларини тиклайди. Олий мартабали араб лашкарбошилари билан зодагон деҳқонлар ўртасида қон-қариндошлик алоқалари ўрнатилишини ҳар томонлама рағбатлантиради. Айни вақтда ўзи ҳам намуна кўрсатиб, Бухорхудотнинг қизига уйланади. Натижада араблар билан маҳаллий зодагонлар ўртасида маълум даражада иттифоқ юзага келади. Бу, ўз навбатида, иттифоқчи кучларнинг бўлиниб, кураш шиддатини сусайишига сабаб бўлса-да, аммо озодлик йўлида олиб борилаётган халқ ҳаракатларига барҳам бера олмайди.
VIII асрнинг 1-ярмида Мовароуннаҳрда халифаликка қарши кўтарилган халқ қўзғолонлари араб истилочиларига қарши курашнинг биринчи босқичи эди. Қўзғолончиларнинг ижтимоий таркиби ҳам, уларнинг олдига қўйган мақсад ва талаблари ҳам турлича бўлган. Мовароуннаҳр халифаликдаги энг нотинч ва исёнкор ўлкалардан бири бўлиб қолаверди. Айни вақтда халифаликнинг иж­тимоий ва сиёсий ҳаётида ҳам кескин ўзгаришлар пайдо бўла бошлаган эди. Араб зодагонлари Умавийларнинг қўпол сиёсати оқибатида ажам халқларининг узлуксиз давом этаётган қўзғолонларидан ниҳоятда ташвиш чекиб мамлакат­да сиёсий барқарорликни ўрнатиш чора-тадбирларини изламоқда эди. Мамлакатдаги умумий вазият ўта зўравонлик ва босқинчилик сиёсатига асосланган Умавийлар ҳукмронлигини барҳам топишини тақозо қилмоқда эди. Натижада бу ҳукмрон сулолага қарши ишчан рақиблар гуруҳи пайдо бўлиб, тобора куч ола бошлайди. Бу гуруҳга Муҳаммад пайғамбарнинг амакиси Аббоснинг эвараси Муҳаммад ибн Али бошчилик қилади. Умавийлар Расулуллоҳ авлодини қириб ташлашда айбланади. Халифаликни Аббосийларга топшириш керак деган даъво илгари сурилади. Мамлакат аҳолисида Умавийларга нисбатан пайдо бўлган нафрат ҳамда забт этилган ўлкаларнинг мазлум халқларининг норозилиги ва озодлик йўлида олиб бораётган қўзғолонларидан фойдаланиб Умавийларни ағдариб ташлашга ҳаракат қилинади. Аббосийлар ҳаракатини тарғиб қилишда айниқса шарқий вилоятларга алоҳида аҳамият берилади. Абу Ҳанифа ад-Диноварийнинг ёзишича, VIII асрнинг 30-йилларидаёқ Марв, Бухоро, Самарқанд, Кеш, Насаф, Чағониён, Марвируд, Ҳирот, Таликон, Бушанж ва Сейистонда Аббосийлар ҳаракатини тарғиб қилиш авж олиб кетади. Тарғиботчилар аҳолининг мазлумлигига фақат Умавийлар сабабчи, деган фикрни илгари сурадилар. Шу тарзда халифаликда Умавийлар ҳукмронлигини ағдариб ташлаш учун кескин ҳаракат бошланиб кетади.
Умавийларга қарши курашда Аббо­сийлар, айниқса, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг зодагон деҳқон табақа вакилларини турли ваъдалар бериб жалб этишга ҳаракат қиладилар.
746 йилда Аббосийлар тарғиботига раҳбарлик қилиш учун Абу Муслим Хуросонга юборилади.
Абу Муслим 747 йилда Марв шаҳридан уч фарсах ғарбда Ҳархон ариғи соҳилига жойлашган Сафизанж қишлоғини ўзига қароргоҳ қилиб олади. Аббосийлар ҳаракатининг тимсоли сифатида тим қора ранг қабул этилгани учун Абу Муслим ва унинг сафдошлари қора либос кийиб, қора байроқ остида Умавийларга қарши қўзғалган кучларни бирлаштиришга киришади. Дастлаб араб зодагон­лари ва баъзи араб қабилалари, сўнгра маҳаллий деҳқонлар Абу Муслимни қўллаб-қувватлайди. Умавийларга қарши ташвиқотнинг садоси тез орада Хуро­сон, Мовароуннахр ва Тохаристон ви­лоятлари бўйлаб кенг тарқалади.
Қўзғолончилар Абу Муслим қароргоҳи атрофида тўплана бошлайди. Сафи­занж қишлоғи тобора кўпайиб бораёт­ган қўзғолончиларни сиғдира олмагач, Абу Муслим Мохувон қалъасига кўчиб ўтади. Қўзғолончиларга қочоқ қуллар ҳам келиб қўшилади.
Абу Ҳанифа ад-Диноварийнинг таърифлашича, Абу Муслим қароргоҳи ат­рофида 100 мингга яқин лашкар йиғилган эди. Етарли лашкарий куч тўпланиб, ҳаракат учун қулай вазият вужудга келгач, 747 йилнинг саратонида Абу Муслимга Умавийларга қарши очиқ курашга даъват этишга рухсат берилади.
Хуросон ноиби Наср ибн Сайёр Абу Муслим лашкари билан тўқнашишга журъат килмай, 748 йилнинг бошида Хуросон­нинг пойтахти Марв шаҳрини қўзғолончиларга жангсиз бўшатиб беради. Ўша йили Нишопур ва Тус шаҳарлари ҳам қўзғолончилар қўлига ўтади. Гарчи халифа Марвон II ўз ихтиёридаги барча ҳарбий кучларни қўзғолончиларга қарши сафарбар қилиб, ҳатто Аббосийлар ҳаракатининг раҳнамоси Имом Иброҳим ибн Муҳаммадни қатл эттирса-да, аммо Умавийлар ҳокимиятини сақлаб қололмайди. Халифа Марвон II тахтдан ағдарилиб, ўрнига Аббосийлар хонадонидан бўлган Абулаббос Саффоҳ (749-754) ха­лифалик тахтига кўтарилади. Халифалик­да ҳокимиятнинг Аббосийлар қўлига ўтишида саркарда Абу Муслимнинг хизмати катта бўлди. Абу Муслимнинг Эрон ва Мовароуннаҳрдаги шуҳрати ва обрўсидан хавотирланган Аббосийлар уни пойтахтдан узоқлаштириб, Хуросон ва Мовароуннаҳрга ноиб қилиб юборадилар. Бироқ Аббосийлар ва ноиб Абу Муслим даврида Хуросон, Хоразм ва Мовароуннаҳрда меҳнаткаш халқ оммасининг аҳволи янада оғирлашди.
Янги сулолага нисбатан яна халқ но­розилиги кучайди. 750 йилда Бухоро шаҳрида Шарик қўзғолони кўтарилади. Қўзғолон ўша йили Бухоронинг маҳаллий ҳукмдори бухорхудот Қутайба ибн Туғшода ёрдамида жуда қийинчилик билан бостирилади.
Мовароуннаҳрдаги бу нотинчликдан фойдаланган Хитой императорининг қўшинлари Ўрта Осиёга бостириб киради. Абу Муслим томонидан юборилган Зиёд ибн Солиҳ бошчилигидаги кат­та ҳарбий куч 751 йилда Талас жангида Хитой қўшинларига зарба бериб, уларни мамлакат чегарасидан қувиб чиқаради.
Гарчи Абу Муслим халифаликни мустаҳкамлашда Аббосийлар хонадонига сидқидилдан хизмат қилган бўлса-да, аммо Халифа Мансур унинг халифалик тахтига даъвогар бўлишидан қўрқар эди. Ниҳоят 755 йилда Абу Муслим халифа Мансур (754—775) томонидан пойтахтга чақиртирилиб хоинона ўлдирилади. Абу Муслимнинг ўлдирилиши билан халифалик шарқда, айниқса Хуросон ва Мовароуннаҳрда Аббосийларга қарши халқ оммасининг ҳаракатлари авж олиб кетди.
VIII асрнинг 70-80-йиллари Мовароуннаҳрда араб халифалигининг ҳукмронлиги ва маҳаллий зодагонлар зулмига қарши катта халқ қўзғолони кўтарилади. Қўзғолон 14 йил давом этади (769-783 йй.) Қўзғолончиларнинг жанговар гуруҳи оқ кийингани учун тарихда у «Оқ кийимлилар» қўзғолони деб аталади. Бу ҳаракатнинг раҳбари Муқанна («Ниқобдор») лақаби билан машҳур бўлган марвлик ҳунарманд Ҳошим ибн Ҳаким эди. У Маздак ғояларига асосланган ижтимоий тенглик ва эркин ҳаётга даъват этувчи таълимотни тарғиб этиб, пайғамбарлик даъвосини қилгани ва Хуросон ноибининг халифага қарши исёнида қатнашгани учун халифа Мансур томони­дан Бағдодда зиндонга ташланади. Бир неча йилдан сўнг зиндондан қочиб 769 йилда яна Марвга келади. Атрофига ўз тарафдорларини тўплайди, ажнабийлар ҳукмронлиги ва зулмига қарши қўзғалишга даъват қилиб Мовароуннаҳр вилоятларига ташвиқотчиларини юборади.
Муқанна ўз яқинлари билан Нахшаб ва ундан Кеш шаҳрига етиб келиб, шаҳар яқинидаги тоғ тепасига қурилган Сом қалъасини ўзига қароргоҳ қилади. Кўпгина қишлоқларнинг кадиварлари, шаҳар ҳунармандлари ва айрим зодагон деҳқонлар унга эргашади.
Тез орада бутун Қашқадарё воҳаси Муқанна тарафдорлари қўлига ўтади. «Оқ кийимлилар» ҳаракати кенгайиб, катта халқ қўзғолонига айланади (қ. Муқанна қўзғолони).
777 йилда «Оқ кийимлилар»га узил-кесил зарба бериш учун халифа Маҳдий Нишопурга келади. Хуросон ноиби Маоз ибн Муслим ва Ҳирот амири Саъид Хараший бошлиқ катта қўшин Самарқандга юборилади. Қўзғолончилар Сирдарё бўйларида яшовчи кўчманчи қабилаларни ёрдамга чақирадилар. Жангда араблар қўшини мағлубиятга учрайди. Натижада Маоз ибн Муслим Хуросон ноиблигидан истеъфо беради. Ўрнига Саъид Хараший тайин этилади ва унга қўзғолонни бостириб, Муқаннани қўлга тушириш топширилади. «Оқ кийимли­лар» ва туркий қабилалар Самарқандда арабларга қарши икки йил жанг қилади. Ниҳоят қўзғолончилар енгилиб, Самарқанд таслим бўлади.
Наршах ва Самарқандда «Оқ кийим­лилар» енгилгач, маҳаллий зодагон деҳқонлар сотқинлик қилиб, арабларга ёрдам бера бошлайдилар. Улар Саъид Хараший қўшин билан бирга Муқаннага қарши Кешга томон юришида қатнашади. Курашнинг охирги босқичида Кеш воҳасидаги тоғлар орасида жанглар шиддатли тус олади. Муқаннанинг Сом қалъасидаги қароргоҳи қамалга олинади.
Узоқ давом этган қамалдан сўнг курашдан тинкаси қуриган муқанначилар таслим бўлади. Аммо истилочиларга тас­лим бўлишни истамаган Муқанна ўзини ёниб турган оловга ташлаб ҳалок бўлади. Ўн йилдан ортиқ давом этган ва ўша даврда жаҳоннинг энг йирик давлати ҳисобланган Араб халифалигини ларзага келтирган Мовароуннаҳр халқининг озодлик ҳаракати шу тариқа тугади.
Аммо бу билан араб истилочиларига қарши ҳаракат узил-кесил тўхтаб қолмади. «Оқ кийимлилар» қўзғолонидан 20 йил ўтар-ўтмас 806 йилда халифа Ҳорун ар-Рашиднинг Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги ноиби Али ибн Исо зулмига қарши Ўрта Осиёда Рофе ибн Лайс қўзғолони кўтарилади. Қўзғолон Самарқанддан бошланиб, Шош, Фарғона, Хўжанд, Бухоро, Нахшаб, Хоразм ва бошқа вилоятларга тарқалади. Ҳаракат авж олиб, мазкур вилоятлар халифалик қўлидан кетади.
Қўзғолонни бостириш учун шахсан халифа Ҳорун ар-Рашид ўғли Маъмун билан Мовароуннаҳрга қўшин тортади. Халифа Тусга етиб келгач, тўсатдан вафот этади (809 йил март). Али ибн Исонинг истеъфосидан кейин Хуросон но­иби бўлиб олган Маъмун (809—813) жами қўшинни қўзғолонни бостиришга ташлайди, лекин натижага эриша олмайди.
Маъмун маҳаллий зодагон деҳқонлардан Сомонхудотнинг набиралари Нуҳ, Аҳмад ва Яҳёларни ёрдамга чақиради. Улар Рофе ибн Лайсни қўлга олиб, уни халифага таслим бўлишга рози қиладилар. Йўлбошчисиз қолган деҳқонлар қўзғолони 810 йилда бутунлай тор-мор этилади.
Шу тарзда Араб халифалиги VIII аср бошларида Мовароуннаҳрни фатҳ этишга муваффақ бўлди. Босиб олинган ерларда ислом дини ёйилиб, маҳаллий халқларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаёти Араб халифалигининг тартиб-қоидаларига бўйсундирилади.
Бу даврда Мовароуннаҳр ва Хуросонда содир бўлган мураккаб сиёсий вазиятнинг тадрижий ривожи ва у билан чамбарчас боғлиқ бўлган ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар мамлакат аҳолисининг маданий ҳаётига ҳам кучли таъсир этади.
Мовароуннаҳрда араб тилининг давлат ва фан тили сифатида жорий этилиши билан уни ўзлаштиришга бўлган интилиш ҳам ортди. Айниқса, маҳаллий зодагонлар араб тилини халифалик маъмурлари билан яқинлашиш ва мамлакатда ўз сиёсий мавқеларини тиклаб, уни мустаҳкамлашнинг гарови деб билдилар. Уни ўзлаштиришга астойдил киришдилар.
Натижада кўп вақт ўтмай Мовароуннаҳрда араб тили ва ёзувини ўз она тилидек ўзлаштириб олган билимдонлар пайдо бўлади. Араблар орасида бу пайтда жойларда ҳокимиятни бошқаришга яроқли билимдон маъмурлар жуда оз бўлган.

Download 0,57 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish