V асрнинг 2-ярми — VI асрнинг 1-ярмиларида Олтой ва Жанубий Сибирда Ашина қабиласининг ябғулари Асаншод, Туу ва Буминлар бошчилигида туркий қабилаларнинг иттифоқи вужудга келади. Қадимги турк манбаларида бу иттифоқ «турк», «туркэл», «туркют» ва «турк будун» каби номлар билан тилга олинган. Хитойликлар Ашина қарамоғидаги одамларни «тукю» деб атайдилар. «Турк» сўзининг луғавий маъноси «кучли, чидамли» демакдир (қ. Турк). V асрда Ашина теварагига тўпланган ўрда аскарлари «турк» номи билан аталган бўлсалар, VI — VII асрларда фақат турк тилида сўзлашадиган аҳоли шу ном билан аталарди.
VI аср ўрталарида Бумин бошлиқ турк иттифоқи теле қабиласини ўзига бўйсундиргач, Марказий Осиёдаги энг кучли Жужан хоқонлигига қақшатқич зарба беради. 551 йилда Бумин «хоқон», яъни хукмдор унвонига муяссар бўлиб, Турк хоқонлигига асос солади. Олтой хоқонликнинг маркази бўлиб қолди (қ. Бумин хоқон).
Ҳукмронликни мустаҳкамлаб олгач, Бумин ва унинг укаси Истоми хоқонлик чегараларини кенгайтиришга киришади.
Қисқа вақт ичида Енисей дарёси бўйларида яшовчи қирғизлар ва шу ат-рофдаги бошқа халқлар жануби-ғарбий Манжуриянинг мўғул қабилалари—киданлар бўйсундирилади. Шимолий Хитой вилоятлари босиб олиниб, Хитой императори турклар билан сулҳ тузишга, кейинчалик эса ҳатто йилига 100 минг тўп ипак мато хисобида хоқонликка ўлпон тўлаб туришга мажбур бўлади.
Турклар ғарбга томон Истами бошчилигида шиддатли юриш қилди. Истамига «Ябғу хоқон» унвони берилади. Тез орада Еттисув ва Шарқий Туркистонга туташ юртларда яшовчи нушиби, дулу ва туркаш каби туркий қабилалар бўйсундирилади.
555 йилдаёқ турклар Шарқий Туркистоннинг обод деҳқончилик вилоятларининг каттагина қисмини ва бой ҳунармандчилик шаҳарларини ҳамда Сирдарё ва Орол денгизи бўйларигача чўзилган кенг дашт минтақасини бутунлай эгаллаб олади, хоқонлик ҳукмронлиги Хоразмга ҳам ёйилиб, унинг чегараси Эфталийлар давлати ерларига бориб туташади.
558 йил турклар Ёйиқ (Урал) ва Итил (Волга) бўйларига чиқиб, ундан ғарбда ва Шимолий Кавказда бепоён ерларни эгаллаб олган аварлар билан тўқнашади. Ғарбдаги душманларга узил-кесил зарба бериш мақсадида турклар Эрон ва Византия билан алоқа ўрнатишга интилади. Турклар тазйиқи оқибатида бу даврда юзага келган қулай вазиятдан фойдаланиб Сосонийлар Тохаристон, Зобулистон, Кобулистон ва Чағониённи эфталийлардан тортиб олади. Бундай вазият шубҳасиз, ўз-ўзидан туркларни аввал Эрон, сўнгра Византия билан яқинлаштиради, Эрон эфталийларга бож тўлашдан қутилади. Узоқ вақт эфталийлар тазйиқида яшаган Сосонийлар бу давлатнинг тамомила барбод бўлишидан манфаатдор эди.
Хусрав I Ануширвон (531—579) ташаббуси билан юзага келган ўзаро ҳарбий иттифоқ Эрон шоҳининг Истамига куёв бўлиши орқали янада мустаҳкамланади.
Византиянинг аварларга ҳомийлигини тўхтатишга императорни кўндириш мақсадида 563 йилда Турк хоқонлиги элчилари Константинополь шаҳрига етиб боради. Элчиликка нушиби қабиласининг бошлиғи Эскил раҳбарлик қилади.
Ўша йили Эрон аскарларининг Балхга ҳужуми кўмагида турклар Эфталийлар давлати ерларига бостириб киради. Парак (Чирчиқ) воҳаси ва унинг маркази Чоч шаҳри олинади. Сўнгра Сирдарёдан ўтиб, Зарафшон воҳасига кириб борадилар. Самарқанд, Кеш ва Нахшабни эгаллаб, сўнгра Бухорога яқинлашадилар. Бухоро яқинида саккиз кун давом этган шиддатли жангда эфталийлар қўшини турк ҳоқонлигидан енгилади.
Шундай қилиб, Эфталийлар давлати бир асрдан ошиқроқ ҳукмронликдан сўнг тамомила барбод бўлди. Натижада мағлуб давлатнинг мероси ўзаро бўлиниб, Амударёнинг жанубий қирғоқларигача бўлган вилоятлар Эронга, унинг шимолий соҳиллари бўйлаб Каспий денгизигача чўзилган ерлар Турк хоқонлиги тасарруфига ўтади.
Эрон билан олиб борилган элчилик муносабатлари муваффақиятсиз тугайди. Шундан сўнг турклар Византия билан ҳарбий иттифоқ тузиб, Сосонийларга қарши юриш бошлашга қарор қиладилар.
568—569 йилларда Турк хоқонлиги Константинополга император Юстин II саройига ўз элчиларини юборади. Элчиликка машҳур суғд савдогари Маниах бошлиқ қилиб тайинланади. Унга Истамининг император номига ёзган махсус мактуби билан кўпгина қимматбаҳо ҳадялар топширилади. Византия билан ҳарбий иттифоқ тузиш ва бевосита савдо алоқалари ўрнатиш каби вазифалар юкланади. Турк элчилари Каспий денгизининг шимолий соҳиллари ва Кавказ тоғлари орқали Константинополга етиб борадилар.
Византия билан Турк хоқонлиги ўртасида Эронга қарши ҳарбий иттифоқ тузилади. Қайтишда Маниах билан турклар мамлакатига Земарх бошлиқ жавоб элчилиги юборилади. Византия элчисини хоқон Тангритоғ (Тяньшан)нинг Олтинтоғ этагидаги ўрдугоҳида қабул қилади.
Бироқ кўп вақг ўтмай Византия билан муносабат жиддийлашади. Турклар Юстин II нинг аварлар билан олиб борган тинчлик алоқаларини иттифоқликка хиёнат деб, ундан ранжийди. 575—576 йилларда улар Киммерий Босфорини (Керчь бўғози атрофлари) эгаллаб, Қрим ярим оролигача кириб боради. Кейинчалик Византия ва хазарлар кўмагида турклар бир неча бор Эронга қарши лашкар тортадилар, 588 йилда улар Ҳирот шаҳри яқинида сосоний Ҳўрмузд IV нинг машҳур саркардаси Баҳром Чўбиндан енгилади. Жангда турк хоқони ҳалок бўлади.
Шундай қилиб, VI-асрнинг 70—80 йилларида Енисейнинг юқори оқимидан то Амударё бўйларигача, Манжуриядан то Киммерий Босфоригача чўзилган улкан майдонда аҳолиси аксари кўчманчи чорвадор қабилалардан иборат Турк хоқонлиги ташкил топди.
Турк хоқонлиги чинакам марказлашган давлат эмас эди. Унинг асоси туркий кабилаларнинг иттифоқидан иборат бўлган. Бу иттифоқни хоқон бошқарар эди. Ҳукмдорнинг ҳокимияти уруғ-аймоқ удумларига таянган ҳарбий-маъмурий бошқарувга асосланган.
Мамлакат аҳолиси кўчманчи чорвадор ва ўтроқ деҳқонлардан иборат эди. Кўчманчи чорвадор аҳоли будун ёки қора будун (қора халқ) деб аталарди.
Будун ўз навбатида қабилалар иттифоқи бирлашмасини ташкил этарди. У ўн ўқ будун ёки ўн ўқ эл деб юритиларди. Ўн ўқ будун ёки элнинг ҳокими «ябғу» ёки жабғу номи билан аталарди. Ябғу даражасига фақат хоқон уруғига мансуб бўлганлар кўтариларди. Шу боисдан баъзан у ябғу хоқон деб улуғланарди. Ўн ўқ будун, ўз навбатида, беш ўқ бирлашмаси асосида шарқий ва ғарбий қанотга бўлинарди. Шарқий қанот ўқлари чўр, ғарбий қанот ўқлари — эркин деб аталган ва қабила сардорлари томонидан бошқарилган.
Хуллас, элнинг қабилавий асосда таркиб топган, ҳарбий бўлинмалардан иборат икки қанотга бўлиб бошқарилиши ўтмишда кўпгина йирик туркий қабилавий иттифоқларга хос эди. Ҳарбий юришлар вақтида улар пухта бошқарув тартибларига эга бўлган катта жанговар кучга айланиб, ҳар қандай йирик давлатни ҳам даҳшатга соларди.
Дастлабки даврда турк хоқонлари мамлакатнинг ўтроқ аҳоли яшайдиган обод вилоятларини кўчманчилар ихтиёрига топширсалар-да, аммо эфталийлар каби аҳолини дастлаб ички ҳаётига деярли аралашмайдилар. Манбалардан маълум бўлишича, VI асрда Чирчиқ, Зарафшон, Қашқадарё ва Амударё воҳаларида майда ҳокимликлар мавжуд эди. Уларнинг иқтисодий ва сиёсий бошқаруви ерли сулола ҳукмдорлари қўлида қолдирилиб, турклар улардан фақат божу ясоқ ундириб олиш билан чекланадилар. Бунинг эвазига хоқонликнинг кучли қўшинлари деҳқончилик воҳалари чегараларини ташқи ҳужумлардан мудофаа қиларди.
Бироқ мамлакат бошқарувида уруғ-аймоқчилик удумларининг кучлилиги хоқонликнинг сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланиб, унинг марказлашувига тўсқинлик қиларди. Қолаверса, зодагонларнинг сиёсий мавқеи орта борди, бу эса уларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари кучайишига олиб келди.
VI аср охирларида бошланган ўзаро қабилавий урушлар ва сулолавий курашлар оқибатида Турк хоқонлиги 603 йилда икки мустақил давлатга ажралиб кетади. Улардан бири Мўғулистонда ташкил топган Шарқий турк хоқонлиги, иккинчиси эса, Ўрта Осиё, Жунғария ва Шарқий Туркистоннинг бир қисмини ўз тасарруфига олган Ғарбий турк хоқонлиги эди.
Ғарбий хоқонликнинг маркази Еттисув эди. Хоқоннинг ёзги қароргоҳи Мингбулоқда (Исфижоб яқинида), қишкиси — Суёб шаҳрида (Чу дарёси юқори оқими соҳилида) бўлган. Суёбнинг шарқий томонида дулу қабиласининг беш ўқ будун иттифоқи, ғарбида эса нушиби қабиласининг беш ўқ эл иттифоқининг кенг яйловлари жойлашган эди. Ғарбий хоқонлик ижтимоий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан Шарқий хоқонликдан кескин фарқ қиларди. Шарқий хоқонлик аҳолисининг асосий қисми чорвадор-кўчманчи бўлган. Ғарбий хоқонлик аҳолисининг каттагина қисми эса - ўтроқ-деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул эди.
VII асрнинг 1-чорагида Ғарбий хоқонлик ниҳоятда кучаяди. Унинг шарқий чегараси Олтойга, жанубда эса Ҳинд дарёси бўйларига бориб тақалади. Хоқон Тун ябғу ҳукмронлик қилган йилларда бошқарув тартиблари ислоҳ этилади. Ўтроқ аҳолили вилоят ҳокимларини хоқонлик маъмурияти билан бевосита боғлаш ва улар устидан назоратни кучайтириш мақсадида маҳаллий ҳукмдорларга хоқонликнинг ябғу унвони берилиб, улар хоқоннинг ноибига айланадилар. Натижада Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Тохаристоннинг деярли мустақил ҳокимликлари устидан сиёсий назорат кучайтирилиб, улар ҳузурига хоқонликнинг вакиллари — тудунлар юборилади. Тудунлар вилоятларда божу ясоқларни жамғариш устидан назорат қилар ва уларни хоқон қароргоҳига жўнатиш билан шуғулланарди.
Бироқ хоқонликнинг ҳарбий-маъмурий таянчи ҳисобланган дулу ва нушиби каби қабила уюшмалари зодагонлари ўртасида ҳокимият учун тобора кучайиб борган кураш оқибатида Ғарбий турк хоқонлиги заифлашиб, бўлиниб кетади. Вазиятдан фойдаланган Хитойнинг Тан империяси қўшинлари 657—659 йилларда Еттисувга бостириб киради. Натижада хоқонлик хитойларга қарам бўлиб қолади. Ғарбий туркларнинг уларга қарши муттасил кураши натижасида VII аср охирига келиб хоқонлик мустақилликни тиклаб олади. Чочдан то Бешбалиқ ва Турфонгача бўлган вилоятларда дулу қабила иттифоқидаги туркашлар ҳукмронлиги ўрнатилади. Янгитдан тикланган бу турклар давлати тарихда Туркашлар хоқонлиги номи билан юритилади. Кейинчалик Туркашлар хоқонлиги Шарқда ярим асрдан ортиқроқ вақт давомида Тан империясининг босқинларини даф этиб, Хитой қўшинларини Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистон ерларига бостириб киришларига йўл қўймайди. Ғарбда эса Мовароуннаҳрга жадал босиб келаётган янги ғаним — Араб халифалиги лашкарларига қарши Бухоро, Суғд ва Чоч аҳолиси билан бир сафда туриб шиддатли жангларда қатнашади.
Турк хоқонлигига бирлашган аҳолининг ижтимоий ҳаёти ҳам, хўжалиги ҳам турлича эди. Кўчманчи чорвадор туркларда уруғ-жамоачилик анъаналари кучли эди. Қабила ва уруғ жамоаларининг негизи катта оилалардан иборат бўлган. Бундай патриархал оилада баъзан уй қуллари сақланган. Жамоада тобора қулларнинг кўпайиб бориши билан синфий муносабатлар таркиб топа бошлади. Кўчманчиларнинг асосий қисми камбағал чорвадор ва овчилар эди. Улар ўз уруғи ва қабиласи доирасида оқсуяк табақага тобе ҳолда яйловма-яйлов кўчиб яшарди.
Мамлакат будунлар яшайдиган бир қанча элларга бўлинган эди. Элларни ҳарбий зодагонлардан чиққан беклар бошқарарди. Эллар жойлашган кенг яйловлар хоқон ва бекларнинг қариндош-уруғларига бўлиб берилган эди. Давлатни бош ҳукмдор — хоқон (қаған) бошқарган.
Кўчманчиларнинг асосий машғулоти чорвачилик бўлган. Йилқичиликка катта аҳамият берилган, туячилик ҳам муҳим ўрин тутган. Зодагонлар кўп хусусий чорва, олтин-кумуш буюмлар, қул, чўри ва хизматкорларга эга бўлган.
V-VI асрларда Ўрта Осиёда ер ва сувдан ажралиб қашшоқлашиб бораётган озод зироаткор кашоварзлар зодагон деҳқонлар асоратига тушиб, карам кадиварларга айланади. Қашшоқлик, жабр-зулм ва деҳқонлар асоратига қарши аҳоли бош кўтаришга мажбур бўлади. VI асрнинг 80-йилларида Бухоро воҳасида шундай халқ ҳаракати бўлиб ўтган (қ. Абруй қўзғолони).
VI—VIII асрларда мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан заифлашуви уни бир қанча майда илк давлатларга бўлиниб кетишига сабаб бўлади. V—VI асрлардаёқ Ўрта Осиёнинг айрим вилоят ва воҳаларида йирик шаҳарларга таянган қатор мустақил давлатлар ташкил топган эди. Бундай давлатлардан энг йирикларида Суғдда ихшидлар, Тохаристонда маликшоҳлар, Хоразмда хоразмшоҳлар, Чоч ва Илоқда тудун ва деҳқонлар, Фарғонада ихшидлар ҳукмронлик қилардилар. (Самарқандда – ихшид, Бухоро – бухорхудот, Кеш – ихрид, Уструшона – афшин ва б.)
V—VII асрларда бу майда давлатлар, аввалда эфталийлар, сўнгра Турк хоқонлигига бўйсундирилган бўлса-да, аммо эфталийлар ҳам, турклар ҳам уларнинг ички ҳаётига деярли аралашмайдилар. Марказий ҳокимиятга бож тўлаб туриш билан улар ўз мустақилликларини маълум даражада сақлаб қолади. Бу давлатларнинг ҳукмдорлари ўз атрофидаги мулкдор зодагон деҳқонлар ва уларнинг ҳарбий чокарларига таянарди. Улар орасида энг йириги Суғднинг илк ўрта аср ҳокимликлари уюшмаси эди. Бу иттифоққа Зарафшон ва Қашқадарё водийларида жойлашган Самарқанд, Маймурғ, Иштихон, Кушония, Вардона, Бухоро, Кеш ва Нахшаб мулклари бирлашган. Бу мулкларнинг ҳар бири ўз ҳокими ва ҳарбий чокарларига эга бўлган. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд ихшидига тобе бўлса-да, аммо Бухоро, Кеш ва Нахшаб деярли мустақил эди. Ҳатто улар ўз танга пулларини зарб қиларди. Самарқанд ихшиди саройида аждодлар руҳига атаб қурбонлик қилиш учун махсус ибодатхона бино қилинган. Унда ўтказиладиган ҳар йилги диний маросимларда вилоят ҳукмдорларининг барчаси қатнашарди. Ёзма ва археологик манбалардан маълум бўлишича, Суғд ҳукмдорлари Ўрта Осиё ва ундан ташқаридаги давлатлар билан элчилик алоқалари олиб борган. Масалан, Афросиёбда очилган деворий расмларда Суғд ҳокими Вархуманнинг Чағониён, Чоч ва Хитойдан келган элчиларни қабул қилиш маросими тасвирланган.
Илк ўрта аср давлатларидан яна бири Тохаристон эди. У Амударёнинг юқори ҳавзасида, яъни ҳозирги Сурхондарё вилояти, Тожикистоннинг жануби ва Шимолий Афғонистон ерларида жойлашган эди. Шимолий чегараси «Темир Дарвоза» (Шаҳрисабз - Термиз оралиғидаги Бўзгалахона тоғ дараси)дан ўтган. Подшоси малик (Табарида - ябғуя) аталган. Бу мустақил давлат Хутталон, Чағониён, Термиз, Бадахшон, Қабодиён, Вахш, Шуман, Вахон каби 27 тоғли ва тоғ олди вилоятларни бирлаштирган. Уларнинг ҳар бирини ўз ҳокими ва чокарлари бўларди. Macалан, Чағониён вилоятининг ҳокими чағонхудот, Термиз ҳукмдори термизшоҳ, Хутталонники — малик ёки шери хутталон деб юритиларди. Маҳаллий ҳукмдорларнинг энг кучли ва нуфузлиси Хутталон, Шуман, Қабодиён, Тўғнон ва Вахон вилоятларининг ҳокимлари бўлиб, улар ҳарбий кучлар зарур бўлган пайтларда 50 минггача чокар тўплай олардилар. Тохаристонни аввал эфталийлар, сўнгра Турк хоқонлиги бўйсундирди. Манбаларда таъриф этилишича, VII—VIII асрларда Тохаристон аҳолиси Будда динига сиғинган.
Хуллас, Тохаристон мустақил давлат бўлса ҳам, лекин марказлашмаган эди. Чунки унинг ҳар бир вилоятини ўзининг ворисий сулоласига мансуб ҳокимлари бошқарарди. Ҳатто уларнинг ҳар бири ўзга юртларга элчилар юборарди. Шундай қилиб, Тохаристон илк ўрта асрларда ташкил топган майда давлатлар уюшмасидан иборат эди.
Бу даврда Фарғона водийсида яна бир давлат ҳукм сурарди. Бу мамлакат ҳақидаги дастлабки ёзма маълумот Хитой элчисининг мил.ав. 128 йилга оид ҳисоботида Даван шаклида учрайди. Фарғона номи эса V асрдан маълум. Унинг подшолари — деҳқон, айни вақтда форсча ихшид деб аталган, пойтахти - Қува шаҳри, кейинроқ Ахсикат шаҳри бўлган. Фарғона шимолдан Еттисув, ғарбдан Чоч ва Илоқ, жануби-ғарбдан Суғд, жанубдан Тохаристон ва шарқдан Шарқий Туркистон вилоятлари билан чегарадош бўлган. Хитой манбаларида таърифланишича, Фарғона ерлари жуда унумдор, аҳолиси (қарийб 300 минг киши) деҳқончилик (ғўза ва шоликорлик) ва боғдорчилик (токчилик, мевачилик) билан шуғулланган. Косой, Ахсикат ва Қубо каби йирик шаҳарларида ҳунармандчиликнинг турли соҳалари ривож топиб, унинг маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларда жуда харидоргир бўлган. Фарғонада темирдан буюмлар ясаш мил.ав. 1-минг йиллик ўрталаридаёқ кенг тарқалган эди. Қўшни мамлакатларга арғумоқлар, бўёқ, рангдор шиша буюмлар ва дори-дармонлар чиқарилган.
Шундай қилиб, VI—VIII асрларда Фарғона деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик хўжаликлари ҳамда ички ва ташқи савдо ривож топган мустахкам иқтисодий пойдеворли ўлка эди. Унинг стратегик жиҳатдан қулай географик ўрни, мустаҳкам мудофаа иншоотлари билан таъминланган Косон, Ахсикат, Қубо каби йирик шаҳарлари, тоғ қалъалари, водий бўйлаб жойлашган истеҳкомли қўрғонлари туфайли бу диёр кучли ҳарбий мудофаа имкониятга эга эди. Илк ўрта асрларда Фарғона Ўрта Осиёнинг сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган кучли давлат бўлган.
V—VII асрларда Чирчиқ дарёси водийсида Чоч ҳамда Оҳангарон дарёси водийсида Илоқ (Элоқ) аталмиш иккита мустақил давлат мавжуд эди. Чочнинг пойтахти Чочкант шаҳри (Мингўрик шаҳар харобаси) бўлиб, подшоҳи тудун деб юритиларди. Хитой манбаларида Чоч вилояти Ши ва Чжеши номлари билан маълум. Илоқнинг пойтахти Тункат, ҳокимлари деҳқон деб аталарди. V асрда Чоч вилояти Эфталийлар давлатига, VI асрда эса Ғарбий Турк хоқонлигига бўйсундирилади. VIII аср бошида Чоч билан Илоқ бирлашиб ягона давлатга айланади ва ўз мустақиллигини тиклаб олади. Чоч ва Илоқ шимоли ва ғарб томондан Ғарбий Турк хоқонлиги, шарқдан Фарғона ва жанубдан Уструшона билан чегарадош эди.
Чоч ва Илоқ сертармоқ хўжаликка эга бўлиб, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, айниқса кончилик, ички ва ташқи савдо ривожланган эди. Илк ўрта асрларда Чирчиқ дарёсидан Зоғариқ, Бўзсув, Анҳор ва Кайковус каби йирик суғориш тармоқлари қазиб чиқарилиши билан Чочнинг экин майдонлари кенгайди. Бу даврда Чоч воҳасида сертармоқ суғориш шохобчалари мавжуд бўлган. Деҳқончилиқда кўпроқ арпа, буғдой ва тариқ экиларди. Айниқса Чочнинг пойтахт шаҳри атрофлари обод эди. Унда 50 дан ортиқ катта-кичик истеҳкомлар, деҳқон қўрғонлари ва кўшклари, обод қишлоқлар қад кўтарган эди.
Чоч ва Илоқ тоғлари олтин, кумуш, қўрғошин каби рангли металларга, темир ва чақмоқтошларга бой эди. Бу табиий бойликлар туфайли қадимда бу ўлкада кончилик ва унга асосланган ҳунармандчилик ривож топади. Чатқол ва Қурама тоғларида жойлашган Кўхисим, Лашкарак ва Кони Мансурдан кумуш; Қўшбулоқ ва Қизилолма конларидан олтин ҳамда Унгурликон ва Оқтупроқ конларидан эса феруза қазиб олинарди.
Рангли ва нодир металл конларининг яқинлиги, айирбошлаш бозори бўлган кўчманчи чорвадорлар даштининг Чоч ва Илоққа туташиб кетгани, мамлакатлараро ташқи савдо алоқаларини боғловчи карвон йўлини ўлка орқали ўтиши Чоч ва Илоқда ички ва ташқи савдо кенгайиб, шаҳарларнинг ривожланишга имкон берди.
Чочнинг моҳир усталари металлардан қурол-яроғ, уй-рўзғор буюмлари, олтин ва кумушдан зеб-зийнатлар ясаганлар, тери ошлаб, чарм пишириб, пахта ва жундан мато тўқиб, сопол ва шиша идишлар ясаб, ички ва ташқи бозорни ҳунармандчилик маҳсулотлари билан таъминлаганлар. Чочдан четга олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар, ғалла, қуруқ мева ва йилқилар чиқарилган.
Шаҳар аҳолисининг бир қисми савдо ишлари билан машғул бўлган. VI—VIII асрларда Шарқий Туркистон билан савдо-сотиқ қилишда чочликлар Самарқанд ва Бухоро савдогарларидан кейин турган. Чоч пойтахти ташқи савдо муносабатларнинг маркази эди.
VII—VIII асрларда Чочда кумуш ва мис тангалар ясайдиган зарбхона бўлган. VIII асрда эса кумуш дирҳамлар ҳатто Илоқнинг кумуш конларида ҳам сўқилган. Чоч тудунлари олд томонига ҳукмдорнинг тасвири, орқасига гажак думли силовсин ёки қоплон тасвири, баъзан сулолавий айри тамға туширилган чақа-тангалар зарб этганлар. Чочнинг ўша даврда сўқилган айрим танга пуллари орасида подшоҳ билан ёнма-ён турган малика тасвири туширилган пуллар хам учрайди. Бу илк ўрта асрларда Чочнинг ижтимоий ва иқтисодий, айниқса сиёсий ҳаётида ҳукмдор табақа аёлларининг анча-мунча нуфузга эга бўлганидан гувоҳлик беради.
Бу даврда кўчманчи қабилаларнинг ўтроқлашувини кучайиши, чочликлар билан олиб борилган доимий иқтисодий алоқалар туфайли Чоч воҳаси ўзаро ма-даний мулоқотларнинг марказига айланади.
Бироқ, Чоч ўлкаси бу даврда Турк хоқонлигига тобе бўлишига қарамай, ҳали ўзининг тили, ёзуви ва қаимги маданияти анъаналарини сақлаб қолган эди (яна қ. Тошкент).
V—VII асрларда Ўрта Осиёда юзага келган ўта мураккаб ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий вазият мамлакат ободончилиги, хўжалигининг равнақи, шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси ва аҳолисининг турмуш тарзи-ю аҳволига жиддий таъсир кўрсатди. Кўчманчилар босқинлари даврида Хоразм, Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё каби воҳаларнинг деҳқончилик майдонлари оёқ ости қилиниб, кўпгина шаҳар ва қишлоқлар вайрон этилди. Хўжалик ривожига зарба берилиб, савдо-сотиқ ишлари таназзулга юз тутди. Бироқ аввал Эфталийлар давлати, сўнгра Турк хоқонлиги каби йирик давлатлар ҳукмронлигида юзага келган маълум даражадаги осойишталик даврларида мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти яна тадрижий тараққиёт йўлига тушиб олди.
Деҳқончилик тараққиёти кўчманчи қабилалар ўтроқлашувининг кучайиши билан экин майдонларига эҳтиёж ортиб, зироаткор ерлар кенгайди. Каналлар барпо этилиб, деҳқончилик воҳаларининг сув таъминоти тубдан яхшиланди. Тоғ олдиларида янги ерлар ўзлаштирилди. Шаҳарлар гавжумлашди.
Do'stlaringiz bilan baham: |