Ал-Марғиноний (1123-1197 йй.) фикҳга оид бир қатор йирик асарлар яратган. Бу асарлар қаторига «Бидоят ал-мунтаҳий» («Бошловчилар учун дастлабки таълим»), «Кифоят ал-мунтаҳий («Якунловчилар учун тугал таълим»), «Китоб ул-мазид» («Илмни зиёда қилувчи китоб»), «Маносик ул-ҳаж» («Ҳаж маросимлари»), «Мажмуа ул-навозил» («Нозилда бўлган нарсалар тўплами»), «Китоб ул-фароиз» («Фарзлар китоби»), «Китоб ул-машоих» («Шайхлар ҳақида китоб»), «Мазийдун фи фуруъил-ҳанафия» («Ҳанафия мазҳабига қўшимчалар»), «Билоят ул-мубтадий» асари учун 8 жилдлик шарҳ, «Ал-Ҳидоя» («Кифоят ул-мунтаҳий» учун ёзилган 4 жилдлик шарҳ) ва бошқалар киради. Бу китоблар номларининг ўзиёқ ал-Марғиноний ислом динининг асосий масалаларини нақадар кенг қамраб олганлигидан далолат беради. Ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган шоҳ асари «Ал-ҳидоя» асари саккиз асрдан ошибдики, бутун мусулмон оламига, дунёнинг барча бурчакларилаги дин, маънавият, маданият, руҳият аҳлига, ҳуқуқшуносларга чексиз манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Нажмиддин Кубро (1145-1221 йй.) - тасаввуф таълимотининг Ўрта Осиёдаги йирик вакилларидан бири. Сўфийликдаги Кубровия оқимининг асосчисидир. Кубровия тариқати Яссавия тариқатидан фарқ қилиб, тарки дунёчилик рад этилади. Унда камолот йўлида олиб бориладиган машаққатли меҳнат жараёнида бу дунё ноз-неъматларимдан баҳраманд бўлиш кераклиги илгари сурилади. Бу таълимотда ватанга, халққа бўлган муҳаббат ғояси ниҳоятда кучли бўлиб, ҳар қандай оғир шароитда ҳам халқ билан бирга бўлиш, ватан ҳимояси учун курашиш, унинг мустақиллигини сақлаш зарурлиги даъват қилинади. Ўз ғоясига содиқ Нажмиддин Кубро ватан ҳимояси йўлида мўғулларга қарши курашда шаҳид бўлди ва жасорат намунасини ўз муридларига кўрсата олди.
Хоразм Маъмун академияси. Маъмунийлар академияси — Хоразмда Х аср охири —ХI аср бошларида фаолият кўрсатган илмий муҳит бўлиб, Маъмунийлар давлати (992—1017 йй.) тарихи билан бевосита боғлиқ. Али ибн Маъмун (997—1010) тоғаси Абу Наср ибн Ироқ таклифи билан саройда илм аҳли учун яхши шароит яратиб берган. Шу тариқа 1004 йилдан бошлаб Гурганжда «Дорул ҳикма ва маориф» (баъзи бир манбаларда «Мажлиси уламо») номини олган илмий муассаса тўла шаклланган. Бу илмий муассасада худди Афинадаги «Платон», Бағдоддаги «Байт ул-ҳикмат» академияси фаолиятига ўхшаб илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилган, жуда кўп манбалар тўпланган, таржимонлик ишлари бажарилган; ҳинд, юнон, араб олимларининг ишлари ўрганилган; Ал-Хоразмий, Ал-Фарғонийларнинг ўлмас асарлари, илмий ишларидан фойдаланилган ва тадқиқ қилинган. ХVIII—ХХ аср тарихчи олимлари томонидан илмий муассаса ҳар томонлама ўрганилган ва ўз фаолияти нуқтаи назаридан бу даргоҳ ўз даврининг академияси бўлганлиги исботланган ва унга «Маъмун академияси» номи берилган. Хоразм Маъмун академияси олимлари Юнонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистон илм-фан ютуқларини ижодий, танқидий ўрганиб, уни янада юксак босқичга кўтарганлар. Академия аъзоларининг аксарияти олим сифатида Марказий Осиёда шаклланганлар. Уларнинг илмий фаолияти, асарлари туфайли Қадимги Хоразм бадиий санъати, адабиёти, астрономияси, математикаси, суғориш маданияти ютуқлари жаҳон тамаддуни хазинасига кирган ва бутун инсоният манфаатларига хизмат қила бошлаган.
Хоразмшоҳ Маъмун ибн Маъмун (Маъмун II) саройидаги олимлар шуҳрати ўз даврида узоқ ўлкаларга тарқалган. Бу эса Маҳмуд Ғазнавийнинг ғашига теккан. У уюштирган суиқасд натижасида 1017 йилнинг баҳорида Маъмун II ўлдирилган ва ўша йилнинг июнида куёви учун қасос олиш баҳонаси билан Маҳмуд Ғазнавий Хоразмга бостириб кирган. Катта қирғин ва талон-торожликлар натижасида Хоразм Маъмун академияси фаолияти тугатилган ва бу ердаги олимларнинг кўпчилиги Ғазнага мажбуран олиб кетилган.
Ўзбекистан Республикаси Президентининг «Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида»ги фармони (1997 йил 11 нояб.) Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантиришда қуйилган муҳим қадам бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |