парафирования — расмий равишда тасдиқлангунга қадар халқаро шартномага ўз исм ва фамилиясининг бош ҳарфларини қўйиб, олдиндан ўз розилигини билдириш ва ad referendum имзолаш (давлатнинг ваколатли органи имзоси билан ҳақиқийлигини тасдиқлаш шарти)ни кўрсатиш мумкин. Томонлар бирон-бир шартнинг бажарилишини зарур деб ҳисоблаганлари тақдирда дастлабки тарзда имзолаш усулини қўллайдилар. Шартномани имзолаш тартиби ҳақида одатда томонлар ўртасидаги музокаралар жараёнида келишиб олинади. Айрим халқаро ташкилотларда қабул қилинган тартиб-қоидаларда имзолаш жараёни бутунлай кўзда тутилмайди. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилотида конвенцияларни конференция қабул қилади ва тасдиқлаш учун давлатларга юборади. Учинчи босқичда шартномани имзолаш, ратификация қилиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ёки шартномада кўзда тутилган тартиб бўйича унга қўшилиш йўли билан шартноманинг мажбурий эканига розилик билдирилади.
Халқаро шартномани имзолаш чоғида бу жараён қуйидаги 5 босқичга бўлинади:
биринчи босқич — шартнома борасидаги ташаббусни илгари суриш;
иккинчи босқич — музокараларга киришиш ва уларни олиб бориш;
учинчи босқич — шартноманинг матнини тузиш (тайёрлаш) ва уни қабул қилиш;
тўртинчи босқич — шартноманинг матни тент бир хиллигини (аутентлигини), яъни асл нусха ва ҳуқуқий эканини белгилаш;
бешинчи босқич — шартноманинг мажбурий эканига розилигини билдириш.
Халқаро шартнома тузиш жараёнининг ҳар қандай босқичида иштирок этиш учун давлат ёки ташкилот вакили тегишли ваколатларга эга бўлиши шарт. Олий мансабдор шахслар (давлат раҳбари, ҳукумат бошлиғи, ташқи ишлар вазири ёки халқаро ташкилотнинг бош котиби) эгаллаб турган мансаби нуқтаи назаридан бундай ваколатларга эга ҳисобланади. Бошқа шахсларнинг алоҳида ваколатга — ёзма ҳужжатга эга бўлиши тақозо этилади. Икки томонлама шартномани тайёрлаш даврида бундай ваколатлар ўзаро алмашинади. Кўп томонлама шартномаларни тайёрлашда эса ваколат ҳужжатлари текшириш учун тақдим этилади.
Халқаро шартноманинг кучга кириши у ўзида қайд этилган шарт-шароитга мувофиқ равишда юридик ҳужжатга айланган пайтдан бошланади. Ратификация қилиниши ёки тасдиқланиши тақозо этилмайдиган халқаро шартнома имзоланиши биланоқ кучга киради. Ратификация қилиниши зарур бўлган халқаро шартнома эса ратификация қилингач (ёки тасдиқлангач) кучга кирган ҳисобланади. Халқаро шартнома кучга киришига қадар уни қабул қилганларга мажбурият юкламайди. Аммо умумий халқаро ҳуқуқ нормалари таъсир кучига кўра, томонлар шартнома имзоланган пайтидан то кучга киришига қадар шартномани объектидан маҳрум қилишга қодир бўлган, шартнома мақсадларини рўёбга чиқаришга халал берадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиб туришга мажбурдир. Халқаро шартнома, худди қонун каби, орқага қайтиш кучига эга эмас. Халқаро шартноманинг расмий тарзда эълон қилиниши жиддий амалий аҳамият касб этади. Шу пайтдан эътиборан у мамлакат ҳуқуқ тизимининг узвий қисмига айланади ва барча давлат органларида қўлланиши мажбурий тус олади.
Халқаро ҳуқуқда мажбурий тусдаги халқаро шартнома шакли белгиланмаган.