«Грамматик формалар табиати ва хитой тили руҳи ҳақида» номли асарида биринчи маротаба Ҳумбольдтнинг тилнинг пайдо бўлиши, ривожи ва моҳияти тўғрисидаги фикрлари шаклланган. 1820-31 йиллари Ҳумбольдт тилларни ўрганишнинг кенг қамровли режасини тузади. У Суматрадан Пасхи оролларигача ва Янги Зелландиядан Сандвич оролларигача тарқалган тилларни ўрганишга киришади. Унинг фикрича Малайя-Полинезия тиллари ҳинд ва америкаликлар тиллари орасидаги кўприк вазифасини бажаради. Бундай фикрга Ҳумбольдт Полинезиянинг ўлик тили- кавини ўрганиш орқали келди. У тил илмий ва шеърий тил эди. Тилнинг моҳиятини тушунтиришда Ҳумбольдт асосан умуминсон руҳи ғоясидан келиб чиқади. У «Халқ руҳи намоѐн бўлишининг шакли бу миллатнинг тилидир», деб уқтиради. Руҳ тушунчаси ўша вақт фалсафасида барча руҳий ва илмий бойликлар, халқ фикри ва хиссиѐти, маданияти, ўзига хос хусусияти ва маънавий ўзига хослигининг асоси ҳисобланар эди. Ҳумбольдтнинг «халқ руҳи» ҳақидаги таълимоти Ҳегельнинг абсолют ғоя ва ўзини ўзи ривожлантириш назариясини бошқача талқин қилиш эди. У абсолют руҳнинг мавжудлигидан келиб чикиб, унинг тилда ва маданиятда намоѐн бўлишини таъкидлайди.
«Тилда нимаики мавжуд бўлса - бу абсолют руҳ орқали пайдо бўлган, тилларнинг ҳар хиллиги бу фақат товуш ва белгилар ҳар хиллиги эмас, бу дунѐқарашнинг ҳар хиллигидадир»,-дейди Ҳумбольдт. У ѐзади: «Халқнинг руҳий (маънавий) ўзига хослиги ва тилнинг қурилиши шундай бир-бирига чуқур киришиб кетганки, тез орада уларни битта ҳодиса деб тан олинади, хатто уларни бир-бирлари орқали ажратиб олиш ҳам мумкин. Онгли фаолият ва тил ўзларини қониқтирадиган шаклларни яратадилар. Тил худди халқ руҳининг ташқи кўринишидир, халқ тили унинг руҳидир, халқ руҳи эса унинг тилидир. Бундай бир бутунликни бошқа нарсаларда кўриш қийин. Тил руҳнинг доимий фаолиятидир, товушни тўхтовсиз фикр ифодасига айлантирувчидир». Олимнинг фикрича, тил орқали халқ характерини ҳам англаб олиш мумкин. Миллий, руҳий хусусияти орқали тилнинг ўзига хослиги ҳам аниқлаб олиниши мумкин. У тил миллий хусусиятларининг тарихий шаклланиш ѐки тараққиѐт билан боғланганлигини тан олмайди, балки қандайдир руҳий боғланиш, бизнинг онгимизга маълум бўлмаган абсолют ғоя билан боғлиқлик борлигини таъкидлайди. Ҳумбольдтнинг машҳур антиномияларидан «турғунлик ва ўзгарувчанлик» антиномиясига кўра тилда ҳамма нарса ўзгарувчан, тил тўхтовсиз ўзгариб туради ва бир вақтнинг ўзида у турғун, унинг фикрича, тил тўхтовсиз ижодий жараѐн, тил ўлик нарса эмас, тўхтовсиз фаолиятдир. «Ижтимоийлик ва индивидуаллик» антиномияси борасида Ҳумбольдт ѐзади: «Тил халқнинг ижоди ва бир вақтнинг ўзида у якка шахснинг ҳам ижоди. Шунинг учун тил бир шахс тилида гапирилади ва унинг тилида яшайди. Бу нуқтаи назардан тил шахслар маҳсулидир». Бу антиномия билан кейинги «тил ва нутқ» антиномияси боғлиқ бўлиб, тилшуносликда Ҳумбольдт бу масалани илк бор асослаб берди ва уларнинг илмий изланиш объектлари ажратиб кўрсатилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |