Ҳавойи полимерларда занжирлар орасидаги мустаҳкамлик кимёвий боғланиш яхлит ҳавойи каркас ҳосил қилади. Мукаммал боғланиш юз берганда полимер қаттиқ эластик жисм ҳолатига ўтади.
Чизиқли полимерлар қиздирилганда юмшайди ва қовушоқ-эластик ҳолатда бўлади. Бунда молекулалараро кучлар ва занжирлар ўртасидаги ҳарорат таъсирида кучсизланади.
Термопластик полимерлар асосий хоссаларини сақлаб қолган ҳолда қиздирилганда юмшайди ва совутилганда қаттиқ (қовушоқ-эластик) ҳолатга ўтади.
Термореактив полимерлар (реактопластлар) қотирилгач қиздирилганда қайтадан пластик ҳолатга ўтмайди. Ҳарорат оширилса термореактив полимерлар структураси бузилади ва ёниб кетиши мумкин.
Полимеризацион полимерлар
Полиэтилен (-СН-СН-)н этиленни полимеризациялаш усулида олинади. Полиэтилен оқ рангли қаттиқ шохсимон маҳсулот бўлиб, ўлчами 3-5 мм ли гранула кўринишида ёки кукун ҳолида ишлаб чиқарилади.
Полиэтиленнинг хоссалари молекуляр массасига занжирнинг тармоқланишига ва кристалланиш даражасига боғлиқ бўлади. Унинг зичлиги 0,92-0,97 г/см3,чўзилишдаги мустаҳкамлик чегараси 12-32 МПа, сув шимувчанлиги 0,03-0,04%. Полиэтилен турли агрессив муҳитларга бардошли ва совуққа чидамли. Полиэтиленнинг эластиклик модули 150-800 МПа, иссиққа бардошлилиги 108-1300С, иссиқдан чизиқли кенгайиш коэффиценти юқори, қаттиқлиги эса кам бўлади. Полиэтилен қурилиш тизимида гидроизоляция ўрама материали, турли диаметрдаги сувсозлик ва оқава сувларни оқизишга мўлжалланган қувурлар, вақтинчалик ёпма маҳсулот ва санитария-техника қисмлари сифатида ишлатилади.
Поливинилхлорид (ПВХ) винилхлоридни полимеризациялаб олинади. Мономер (СН2СН сл) нормал шароитда эфир ҳидли рангсиз газ ҳолатида бўлади. Поливинилхлорид юқори физик-механик хоссаларга эга, сувга ва агрессив муҳитларга чидамли.
Поливинилхлориддан бир ва кўп қатламли, асосли ва асоссиз (матоли ва иссиқлик изоляцияси) линолеумлар тайёрланади. У асосида гидроизоляцион ва безак маҳсулотлари олинади. Поливинилхлорид кислоталар, ишқорлар, бензин, спирт, мойларга бардошли бўлгани сабабли турли диаметрдаги сувсозлик, канализацион ва технологик қувурлар, буюм ва қисмлар тайёрланади.
Поливинилхлорид асосида плинтуслар, тутқичлар, санитария-техника предметлари ва иссиқлик изоляцияси материаллари тайёрланади.
Юқори ҳарорат таъсирида мустаҳкамлигининг кескин пасайиши, узоқ муддат куч таъсирида деформацияланиши ва хусусий ҳолларда хлор бирикмалари ажраб чиқиши поливинилхлориднинг камчиликларидан ҳисобланади. Таркибидан хлор бирикмалари ажралиб чиқишини бартараф этиш мақсадида поливинилхлоридга уларни боғлайдиган стабилизаторлар қўшилади.
Полистирол стирол мономерини (С5Н5.СНСН2) полимеризациялаш усулида олинади. Полистирол хидсиз, физиологик зиёнсиз, оддий ҳароратда қаттиқ, шаффоф материал бўлиб, 90% нурни ўтказади. Полистирол гранула (6-10мм), майда ва йирик кукун ҳамда бисер (0,2% намликда) кўринишда ишлаб чиқарилади.
Полистиролнинг чўзилишдаги мустаҳкамлиги 35-60 МПа, сиқилишдаги мустаҳкамлиги 80-110 МПа. У сув муҳитига, концентрланган кислоталарга (азот ва сирка кислотасидан ташқари), ишқор эритмаларига (40% концентрациягача) бардошлидир. Полистиролнинг камчиликларига иссиққа бардошлилигининг юқори эмаслиги, мўртлиги ва ёнувчанлиги киради. У асосида қоплама плиталар, қоришмалар, мастикалар, иссиқлик изоляцияси материаллари олинади, бетон ва бошқа ғовак буюмларни модификациялашда (қисман ёки тўла шимдиришда) ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |