Пластмассалар таркиби
Боғловчи моддалар сифатида полимерлар-синтетик смолалар, каучуклар, целлюлоза бирикмалари ишлатилади. Полимер боғловчининг тури пластмассаларнинг иссиққа бардошлилик, кислота ва ишқорларга бардошлилик, мустаҳкамлик ва деформативлик ва бошқа хоссаларини белгилайди.
Полимер боғловчилар ишлаб чиқаришда нефт, тошкўмир, табиий газлар, ўсимлик дунёси ва бошқа органик моддалар ишлатилади. Полимерларни органик синтез қилиш жараёнида ҳаводан олинадиган азот, кислород ва бошқа газлар ишлатилади.
Полимерлар таннархини белгиловчи омиллар хомашёнинг таннархи ва синтез жараёнининг мураккаблик даражаси ҳисобланади. Техник тараққиётнинг ривожланиши ва органик синтезни мукаммаллашиши ва арзонлашиши полимер боғловчилар хоссаларини яхшиланишига ва таннархининг арзонлашишига сабаб бўлади.
Кукун тўлдиргичлар ноорганик ва органик хомашё асосида олинади. Улар тузилиши жиҳатидан кукун ва дисперс толасимон бўлиши мумкин. Дисперс кукунлар сифатида кварц қуми, алюминий, гилтупроқ, оҳактош, доломит ва бошқа минераллардан майдалаб олинган материаллар ишлатилади.
Толасимон тўлдиргич сифатида шиша, асбест, базалт, нитрон, текстил чиқиндилари ишлатилади. Қатламли пластмассалар олишда қоғоз, матолар, ёғоч шпони ва бошқа юпқа қатламли материаллар қўлланилади. Кукун тўлдиргичлар пластмассалар хоссаларини яхшилайди ва полимер боғловчини тежайди. Масалан, минерал кукунлар пластмассаларнинг иссиққа бардошлилигини, кимёвий муҳитларга чидамлилигини, толасимон ва матоли тўлдиргичлар чўзилишдаги ва эгилишдаги мустаҳкамлигини оширади.
Дисперс (кукун) тўлдиргичлар юзасига механик-кимёвий активация усулида ишлов бериб пластмассаларнинг хоссаларини кескин яхшилаши мумкин. Бунда тўлдиргич юзасига майдаланиш жараёнида турли туз бирикмалари ва гидрофоб ёки дифил сирт-актив моддалар ва бошқа модификаторлар билан ишлов берилади.
Пластификаторлар полимер таркибига эластикликни ошириш ва мўртликни камайтириш мақсадида киритилади. Пластификаторлар сифатида дибутилфтолат, камфора, олеин кислотаси, поливинилацетат, СГС-65 ГП латекси ва бошқалар тавсия қилинади.
Қотиргичлар (катализаторлар) пластмасса ва бошқа композицион полимер материаллар қотиш жараёнини тезлаштиради ва юқори мустаҳкамликдаги маҳсулотлар олишни таъминлайди. Қотиргичлар сифатида кислоталар ва ишқорлар, оргоно-минерал комплекслар ва ш.к. ишлатилади.
Қотиргичлар (катализаторлар) полимерлар қотиши жараёнида реакцияга киришиб янги модда ҳосил қилмасдан фақат жараённи тезлаштириш хоссасига эгадир. Улар қўлланилиши туфайли полимерланиш жараёнлари атмосфера босими ва хона ҳарорати шароитида қисқа муддат ичида юз беради ва маҳсулот таннархини кескин камайишига сабаб бўлади.
Стабилизаторлар пластмасса ва бошқа композицион полимер материалларнинг вақт бўйича эскиришини олдини олади. Улар пластмассаларни қуёш нури, ҳаводаги кислород ва бошқа газлар, иссиқлик ва ш.к. муҳитлар таъсирига чидамлилигини оширади.
Бўёқлар пластмассаларга маълум ранг беради. Бўёқлар сифатида органик моддалар (нигрозин, хриозоидин) ва минерал пигментлар (охра, мўмиё, ултрамарин, белила, умбра ва бошқ.) ишлатилади.
Порофорлар (ғовак ҳосил қилувчи) пластмасса таркибида полимерларни (кўпайтириш) усулида енгил материаллар олиш учун хизмат қилади.
Пластмасса ва бошқа композицион полимер материаллар таркиби учун компонентларни тўғри танлаш ва улар орасидаги мутаносибликни сақлаш улар асосида тайёрланадиган буюм ва конструкциялар хоссаларини ва ишлатилиш соҳаларини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |