1.3. Банкларда бухгалтерия аппаратини ташкил қилиш Бухгалтерия ҳисобининг юритилиши, бухгалтерия ишининг тўғри ташкил этилиши ва назоратнинг аниқ олиб борилиши банкнинг ўз вазифаларини тўғри бажаришини, мавжуд ва бўлғуси инвесторлар, кредиторлар, ҳукумат муассасалари, вазирликлар, идоралар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор фойдаланувчилар, шунингдек, банк раҳбарияти ва ходимлари учун банк фаолиятига ҳаққоний баҳо бериш имконини яратадиган аниқ ва фойдали ахборот олишни таъминлайди. (ЎзР АВ томонидан 11.07.2008 й. 1834-сон билан рўйхатга олинган) Ўзбекистон Республикаси банкларида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома.
(ЎзР АВ томонидан 11.07.2008 й. 1834-сон билан рўйхатга олинган) 1.3. Банкларда бухгалтерия аппаратини ташкил қилиш Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни банк филиали раҳбари амалга оширади.
Бухгалтерия аппаратига банкнинг бош бухгалтери раҳбарлик қилади. Бош бухгалтер бўлмаган вақтда унинг вазифаларини бош бухгалтер ўринбосари бажаради.
Банкларда бухгалтерия ишларини юритиш учун бухгалтерия аппарати тузилади. Бухгалтерия аппарати ходимларининг аниқ вазифалари бош бухгалтер томонидан белгилаб берилади ва банк раҳбари томонидан тасдиқланади.
Банк бухгалтерия аппаратига шартнома асосида четдан жалб қилинган бухгалтерлар ёки бухгалтерия фирмаси ходимларининг киритилиши қатъиян тақиқланади.
Иш ҳажми катта банкларда бухгалтерия аппарати 1834-сонли Йўриқнома талабларини ҳисобга олган ҳолда фронт офис ва бек офис бўлимлари тарзида ташкил этилиши лозим.
Бунда банклараро ҳисоб-китоблар, чет эл валютаси бўйича операциялар ва банкнинг ички ҳисобварақлари бўйича операцияларнинг ҳисобини юритиш махсус бўлимларга топширилиши мумкин.
Иш ҳажми кичик банкларда бухгалтерия аппарати банкнинг яхлит бўлинмаси сифатида фаолият юритиши мумкин.
Банк бухгалтерия аппаратининг ташкилий тузилиши ва унда ташкил этиладиган бўлимлар сони амалга ошириладиган операциялар ҳажмига ва уларнинг автоматлаштирилганлик даражасига боғлиқ бўлади.
Масъул ижрочи ва назоратчи бухгалтерлар зиммасига муайян ҳисобварақларни юритиш ёки алоҳида операцияларни амалга ошириш ишлари юклатилади.
Ҳисобварақлар банк ички тартиб қоидалари бўйича ходимлар ўртасида шундай тақсимланадики, бунда битта хўжалик юритувчи субъектнинг барча депозит ва ссуда ҳисобварақлари битта бухгалтерия ходимига бириктирилади.
Чет эл валютасида очилган ҳисобварақлар бошқа ходим томонидан юритилиши мумкин.
Ҳисобварақларни бухгалтерия ходимлари ўртасида тақсимлаш ва қайта тақсимлаш китоби қўлда ёки дастурий равишда бош бухгалтер томонидан юритилади.
Банк муҳрлари ва бурчакли штампларининг ҳисоби уларни сақлаётган шахс фамилияси ва лавозими кўрсатилган махсус дафтарда юритилади.
Банк бош бухгалтери муҳрлар, штамплар ва бланкларни сақланиши ҳамда фойдаланиши устидан назоратни таъминлаши шарт.
Банк ходимларининг иш жойлари шундай жойлаштирилган бўлиши керакки, бунда мижозлар ва бошқа бегона шахсларнинг банкнинг муҳрлари, штамплари, ҳужжатлари ва бланкларини олишларига имкон бўлмаслиги лозим.
Ходим айрим сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда унга бириктирилган ҳ-қлар ҳамда унинг вазифалари муҳр ва штамплар билан биргаликда бошқа ходимга топширилади ва бу ҳақда махсус дафтарда тегишли ёзувлар қайд этилади..