*
Парламент тизимини ислоҳ қилиш Олий Кенгаш фаолият юритаётган бир шароитда бошланди. Ўзбекистон ҳали кўппартиявийлик ва профессионал қонун чиқарувчи орган борасида тарихий тажрибага эга эмас эди. Ушбу босқичнинг аввалида 1990 йилда сайланган Олий Кенгашнинг ваколатлари Олий Мажлис шакллангунига қадар сақлаб қолинди. Олий Кенгаш иш бошлаган вақтда собиқ совет тузумида қабул қилинган қонунлар амалда бўлиб, мустақиллик қўлга киритилгач, ушбу орган олдида янги, демократик шароитларга мос келадиган қонунчиликни яратиш вазифаси қўйилди. Олий Кенгаш ушбу вазифани самарали уддалади – қабул қилинган 200 га яқин янги қонунлар, 4 та кодекс ва 500 дан ортиқ қарорлар ҳуқуқий давлатнинг пойдеворини яратди. Олий Кенгаш ниҳоятда мураккаб даврда фаолият кўрсатиб, давлат мустақиллигининг сиёсий-ҳуқуқий асосларини, маънавий негизларини тайёрлади ва амалга оширди. Олий Кенгаш мамлакатимиз тарихида биринчи бор Президентни сайлади. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги ҳақидаги тарихий қонунларни ва Асосий Қомусни қабул қилди.
Олий Кенгаш ва давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари ўзаро аҳиллик билан фаолият кўрсатди. Ўзбекистон жаҳон миқёсига чиқди, парламентимиз бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Жумладан, парламентимиз 1992 йил сентябрь ойида дунёдаги энг катта ва обрўли халқаро ташкилотлардан бири – Парламентлараро Иттифоққа 119-аъзо бўлиб кирди, 1993 йил январь ойида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеясига аъзо бўлди. Ушбу ташкилотларга аъзо бўлиш парламентимизга дунёдаги етакчи давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик қилиш, қонунчилик борасида жаҳонда тўпланган бой тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштириш имконини берди.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган ва халқаро умумэътироф этилган демократик стандартларга тўла мувофиқ бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда парламентнинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Асосий қонунимиз парламентаризм ривожланиши учун зарур бўлган ҳуқуқий принцип ва қоидаларни мустаҳкамлаб берди. Бу принциплар қаторига халқ ҳокимиятчилиги, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши, ижтимоий ҳаётнинг сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, демократик сайлов тизими ва бошқалар киради.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба 1994 йил декабрда янги парламент – Олий Мажлисга очиқ-ошкора, демократик сайловлар ўтказилди. Мазкур сайловлар собиқ Олий Кенгашга бўлган сайловлардан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилди:
биринчидан, депутатлар сайлови биринчи марта кўппартиявийлик асосида ўтказилди, ҳар бир сайлов округида икки-уч номзод депутатлик учун курашди. Сайловчиларга ана шу номзодлардан танлаб олишнинг реал ҳуқуқи берилди;
иккинчидан, Олий Мажлисга сайловларни ташкил қилишнинг дастлабки дамларидаёқ синфий ёндашув нодемократик тамойил сифатида рад этилган эди. Илгариги пайтларда Олий Кенгашни шакллантириш жараёнида ишчилар синфи, колхозчи деҳқонлар, халқ зиёлиларининг ўрни ва сони аввалдан белгилаб қўйилар эди. Олий Мажлис депутатлари эса турли партия ва ҳаракатларнинг вакилларидан иборат номзодлар орасидан муқобиллик асосида сайланди. Республикамиз фуқаролари сайловларда қатнашар экан, энг аввало, қўйилган номзодларнинг ижтимоий келиб чиқишига эмас, аксинча, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий сифатларига, энг муҳими, дастурларининг мазмун-моҳиятига катта эътибор бердилар.
2000 йилга қадар янги сайланган Олий Мажлис олдида мамлакат келажагини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган ниҳоятда масъулиятли вазифалар турган эди. Ўша даврларда 250 депутатдан иборат бўлган бир палатали парламент ўтиш даврида бизнинг мамлакатимиз учун энг мақбул тизим эди. Зеро, тегишли ҳуқуқий асосларга бўлган юқори эҳтиёж шароитида бир палатали парламент тизими мамлакат ривожланиши учун зарур бўлган қонунларни тезкорлик билан қабул қилиш имкониятини берар эди.
Олий Мажлис нафақат миллий қонунчилик базасига, балки парламент фаолиятининг ривожланишига ҳам сезиларли ҳисса қўшди. Ушбу даврда парламент ўз тузилмаларининг иш самарадорлигини, парламентдаги партия фракцияларининг роли ва таъсирини ошириш бўйича муҳим вазифаларни муваффақиятли бажарди. Хусусан, Олий Мажлис Регламенти, Олий Мажлиснинг қўмита ва комиссиялари тўғрисидаги Низом (1995 й.), “Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида” (1995 й.), “Сиёсий партиялар тўғрисида” (1996 й.), “Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (1997 й.) қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ушбу қонун ҳужжатлари парламентаризмни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Парламент қўмиталари нафақат қонунларни дастлабки муҳокама қилиш, балки уларнинг ижро этилиши самарадорлигини мунтазам ўрганиш билан ҳам шуғулланди.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида, парламентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти ташкил қилинди ва унинг ҳузурида инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия тузилди.
Ушбу босқичда Олий Мажлиснинг халқаро алоқалари сезиларли даражада кенгайди: парламент делегациялари билан алмашиш кўпайди, Ўзбекистоннинг олий қонунчилик органида кўплаб давлатларнинг бошлиқлари, парламент спикерлари, халқаро ташкилотлар вакиллари қабул қилинди. Олий Мажлис делегациялари Парламентлараро Иттифоқ конференцияларида ва ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг йиллик сессияларида иштирок этдилар.
Биринчи чақириқ Олий Мажлиснинг фаолияти парламентнинг демократик асосларини мустаҳкамлашга, парламент фаолияти шакл ва услубларининг ривожланишига хизмат қилди ва кўплаб ижобий натижалар берди: бир тарафдан, қонунчилик такомиллаштирилди, иккинчи тарафдан, қонунларнинг амалда самарали татбиқ этилиши таъминланди. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси ҳамда уларнинг экспертизадан ўтказилиши амалиёти жорий этилди. Қонун ижодкорлиги депутатлар фаолиятининг асосий йўналишига айланди. Олий Мажлис томонидан 10 та кодекс, иккита миллий Дастур, 138 та қонун қабул қилинди.
Олий Мажлис иккинчи чақириғига сайловлар ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш парламент ислоҳотлари биринчи босқичининг мантиқий якуни бўлди (1999 й). Давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан бир қаторда бешта сиёсий партия иштирок этган мазкур сайловлар мамлакатда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган сайлов қонунчилиги шаклланганлигини тасдиқлади.
Ушбу даврда парламент фаолиятининг устувор вазифаси қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган ҳуқуқий нормаларнинг бажарилишини назорат қилишдан иборат бўлди. Парламент қўмиталари ва комиссиялари жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларида қабул қилинган қонунларнинг амалда татбиқ этилишини ўрганишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Мамлакатнинг олий қонунчилик органи фаолиятининг самарали давом этиши учун сиёсий партиялар депутатлик фракциялари фаоллигининг ўсиб бориши муҳим аҳамият касб этди. Улар парламентнинг қонунчилик фаолиятига сезиларли ҳисса қўшдилар. Депутатлик ишларининг самараси ва қонун лойиҳаларининг сифати ошди.
Ушбу босқичда қонунчилик органининг икки палатали тизимга ўтиши масаласи кенг муҳокама қилинди. Хусусан, биринчи Президентимиз томонидан Олий Мажлиснинг 2000 йил 25-26 майда бўлиб ўтган иккинчи чақириқ иккинчи сессиясида парламентни доимий, профессионал асосда ишловчи икки палатали тизимга ўтказиш ҳақида билдирилган ғоя миллий парламентаризм тарихида мутлақо янги босқични бошлаб берди.
2002 йил 27 январда ўтказилган референдумда Ўзбекистон халқи мамлакатда икки палатали парламент тузиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Мазкур референдум натижаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2002 йил 4 апрелда қабул қилинган “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги конституциявий қонун мамлакатимизда икки палатали парламентни шакллантиришга оид муҳим қоидаларни белгилади ва янги қонунларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига тегишли ўзгартишлар, қўшимчалар киритишга ўзига хос замин яратди.
Ушбу конституциявий қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунлар (2002 йил 12 декабрь), “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (2003 йил 24 апрель), “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун (2003 йил 29 август) қабул қилинди ва икки палатали парламент фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий асослар яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |