5. Милоддан аввалги IV аср охири-милодий IV асрнинг бошларида Ўрта Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий географияси
Милоддан аввалги 323 йилда Александр Македонский ўлгандан кейин македониялик маҳалллий зодагонлар Ўрта Осиё халқларининг сиёсий бирлигини йўқотиш мақсадида мамлакатни майда бўлакларга бўлиб ташлайдилар.
Милоддан аввалги 312 йилда Искандарнинг саркардаларидан бири бўлган Салавкага Бобил (Месопотамия) ва унинг шарқидаги мамлакатлар топширилади. Орадан кўп вақт ўтмай, у ўзи ҳукмронлик қилаётган мамлакатларнинг чегараларини кенгайтириб, Сирдарё ва Ҳинд дарёси нарёғидаги ерларни ҳам эгаллайди, шу тариқа салавкийлар сулоласини бошлаб беради.
Юнон-македонияликлар ҳарбийларнинг Бақтрияда ва Суғдда бир ярим аср давом қилган ҳукмронлиги маҳаллий аҳоли маданиятини бойитишга ёрдам бермади. Ўша замондан бизга етиб келган жуда кам миқдордаги ёдгорликлар Ўрта Осиёда юнонлар таъсири тарқалганлигидан далолат беради.
Салавкийларга қарши халқ оммасининг кураши аста-секин кучайиб борганлиги натижасида милоддан аввалги III аср ўрталарида Юнон-Бақтрия давлати ажралиб чиқади. Бу давлат қулдорликка асосланган бўлиб, салавкийларнинг Бақтриядаги вориси Диодот тарафидан асос солинган. Марказлашган монархия шаклидаги Юнон-Бақтрия давлати тепасида подшо турган. Бу давлатнинг асоси Бақтрия бўлиб, баъзи ҳокимлар даврида (Евтидем, Деметрий, Евкратид) Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисми, Амударё ва Сирдарё ўртасидаги катта ерлар қўшиб олинади. Давлатнинг пойтахти Шимолий Афғонистондаги Бақтро шаҳри эди26. Давлат бир неча сатрапликларга бўлинган бўлиб, маълум даражада мустақил бўлган. Юксак даражадаги иқтисоди, ҳунармандчилиги, шаҳарлари билан машҳур бўлган. Эллин маданияти ва маҳаллий маданиятнинг қўшилишидан ўзига хос маданият яралган. Товар-пул муносабатлари юксак бўлган. Пул тизими кумуш ва бронза тангалари бўлиб, аттик (тетра-драхма) тангаларидан иборат бўлган.
Милоддан аввалги II асрнинг сўнгги чораги (баъзи манбаларда айтишларича, милоддан аввалги 166 йил)да Юнон-Бақтрия подшолиги сак ва юэчжилар қабилалари томонидан истило қилинган. Юнон манбаларининг ёзишича, бу давлатга турли қабилалар томонидан барҳам берилган. Хитой манбаларида эса Юнон-Бақтрия подшолигини фақатгина юэчжи қабилалари истило қилган деб ёзилган27.
Милоддан аввалги II аср бошларида кўчманчи қабилалар Қанғ давлатини барпо қиладилар. Ушбу давлатлар ҳақида илк маълумот Чжан Цзян (милоддан аввалги 128 йил) ёзма манбаларида учрайди. Қанғ давлати таркибига Ўрта Осиёнинг Амударё ва Сирдарё ўртасидаги ерлари (Бақтриядан ташқари) кирган.
Пойтахти Битян шаҳри бўлган. Хитой манбаларининг маълумот беришича, Қанғ давлати аҳолиси 600000 кишини ташкил этган. Қўшиндаги аскарлар сони эса 120000 ҳарбийдан иборат бўлган. Аҳолисини қанғлар деб юритишган. Қанғ давлати конфедерация шаклида бўлиб, унга милоддан аввалги I аср- милодий I асрда 5 та мустақил мулклар кирган. Бу мулклар қуйидагилар:
1. Сусе (Кеш, ҳозирги Қашқадарёнинг шарқий қисми).
2. Фуму (Зарафшон водийси).
3. Юни (Чоч-Тошкент воҳаси).
4. Ги (Эҳтимол, Бухоро).
5. Юеган (Урганч, Хоразм ).
Бу мулклар умум Қанғ давлати подшосига бўйсунган. Улар ўзларининг тангаларини зарб қилганлар.
Милоддан аввалги I аср ва милодий I асрларда Қанғ давлати иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган давлат эди. Давлатнинг асосий аҳолиси ўтроқ ва ярим ўтроқ бўлиб, унинг ҳудудида кўчманчи чорвадорлар ҳам яшар эди. Ўтроқ аҳоли асосан водийда яшаб, деҳқончилик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган.
Воҳада яшовчи ўтроқ аҳоли деҳқончилик билан бир қаторда чорвачилик билан ҳам шуғулланган. Ёзма манбаларда қанғарларнинг сут-қатиқлари мўллиги ва кўплаб зотли отлари борлиги алоҳида таъкидлаб ўтилади. Қанғарларнинг энг ашаддий душманлари усун қабилалари эди. Милоддан аввалги II-I асрларда усунлар Хитой императорлари билан яқинлашиб, хуннлар ва қанғарлар билан кураш бошлайдилар. Лекин қанғарлар уларни ўз ҳудудларига яқин йўлатмаганлар. Милоднинг III асрига келиб Қанғ давлати бир неча мустақил мулкларга бўлиниб, давлат сифатида барҳам топди28.
Милоддан аввалги II-I асрларда Хитой манбаларида кенг, бой ва кўп аҳолили деб эслатилган Довон давлатини тарихчилар Фарғона деб ҳисоблайдилар. Бу давлат ҳақидаги илк маълумотлар Чжан Цзян (милоддан аввалги 128 йил) ёзма манбаларида учрайди. Довон, шубҳасиз, Фарғонанинг хитойча талаффузидир. Давлатнинг пойтахти Эрши шаҳри бўлган. Давлатнинг ҳудудлари Тошкентгача бориб, давлат бошида ҳукмдор турган. Давлат бошқарувида ёши улуғ кишиларнинг йиғини катта аҳамиятга эга бўлиб, улар ҳатто ҳукмдорларни ҳам ўзгартиришлари ҳам мумкин бўлган.
Чжан Цзян маълумотларига қараганда, Довон аҳолиси бир неча юз минг киши бўлиб, 70 дан ортиқ катта ва кичик шаҳарлар бўлган.
Иқтисодда асосий ўринни қишлоқ хўжалиги эгаллаган. Деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли арпа, шоли, беда каби турли экинлар экканлар. Шунингдек, улар узумчилик билан ҳам шуғулланган. Винони катта сопол хумларда узоқ вақт сақлашни ҳам билганлар.
Ўз даврида Довон давлати ”афсонавий” ва “самовий” отлари билан шуҳрат қозонган. Довон арғумоқлари мамлакатдан ташқарида ҳам, айниқса, Хитойда жуда ҳам қадрланган. Хитойликлар Фарғона отларини илоҳийлаштириш даражасига бориб етганлар.
Милоддан аввалги 104-102 йилларда Довон билан Хитой ўртасида урушлар бўлиб ўтган. Хитойликлар бу ерда ўз ҳокимиятларини ўрнатгач, қайтиб кетганлар. Лекин фарғоналиклар улар қолдириб кетган ҳукмдорни ағдариб ташлаб, ўз ҳокимиятларини ўрнатадилар. Фарғоналиклар Хитойга ҳар йили самовий отлар бериш мажбурияти эвазига ўз мустақилликларини сақлаб қолганлар29.
Милоддан аввалги II-милодий IV асрларда асрларда Ўрта Осиёнинг катта қисми, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ва бошқа бир қатор ерларни ўз ичига олган Кушон империяси Ўрта Осиё халқлари тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Милоддан аввалги I асрга келиб катта юэчжи уюшмасидаги Гуйшуан (Кушон) ҳокимлиги анча кучайиб ва ҳудуди кенгайиб борди.
Подшо Вима Кадфиз даврида кушонларга Ҳиндистоннинг каттагина қисми бўйсунадиган бўлди. Канишка I даврида эса Кушон подшолиги ўзининг ривожланган палласини бошдан кечирган. Ўрта Осиёда кушонларнинг шимолий чегаралари Ўзбекистон жанубидаги Ҳисор тоғ тизмаларидан ўтган ҳамда тоғли довонда (Дарбанд) чегара деворлари қурилган30.
Кушон даври иқтисоди ҳақида гап кетар экан, унинг тангаларига тўхталиб ўтиш жоиздир. Бу тангалар давлатда ривожланган пул тартиби бўлганлигидан дарак берибгина қолмасдан, товар-пул муносабатлари ривожланганини ҳам кўрсатади31.
Кушон давлатида қишлоқ хўжалиги ҳам юксак даражада бўлган. Текисликларда суғорма деҳқончилик билан биргаликда чорвачилик ҳам ривожланади.
Кушон подшолиги теократик давлат бўлиб, подшо мамлакатнинг бош коҳини ҳам ҳисобланган. Подшолик сатрапликларга бўлиниб, сатраплар бир мунча мустақил сиёсат олиб борганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |