Сувда эримайдиган фосфатлар
Фосфорит уни. Фосфоритни майда ун тарзида янчиш йўли билан олинади. Ундаги фосфор гидроксил-апатит 3Ca3(PO4)2Са(ОН)2, карбонат-апатит 3Ca3(PO4)2 СаСО3, фтор-апатит 3Ca3(PO4)2 7СаF, тарзида ва Ca3(PO4)2 кальций трифосфат шаклида учрайди. Бу бирикмалар сувда, кучсиз кислоталарда эримайди ва кўп экинлар уни қийин ўзлаштиради.
Фосфорит уни гигроскопик эмас, муштлашиб қолмайди, оҳакдан ташқари ҳар қандай ўғит билан аралашади. Ўғит ишлаб чиқиш саноати фосфорит уни таркибидаги фосфорнинг умумий миқдори қуйидагича бўлган тўртта навини ишлаб чиқаради: олий нав-30%, 1 нав-25%, 2 нав-22%, 3 нав-19%. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, намлиги қайси сорт бўлишидан қатъий назар 3% дан ошмаслиги, майдаланиш даражаси 0,18 мм, элакда қолган қолдиғи 20% дан ошмаслиги керак.
Фосфорит уни тайёрлаш учун кимёвий қайта ишлаб, суперфосфатга айлантириш учун ярамайдиган, паст сортли фосфоритлардан фойдаланиш мумкин. У энг арзон фосфорли ўғит бўлиб, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмига нисбатан суперфосфатдан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Фосфорит унини қўллашда тупроқнинг умумий ютиш хусусиятини аниқлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уни билиш тупроқнинг асослар билан тўйинмаганлигини қандай намоён бўлишини, яъни тупроқ томонидан катионларни алмашинувли ютиш даражаси қандай эканлиги ҳақида фикр юритиш имконини беради. Бундан ташқари тупроқнинг асослар билан тўйиниш даражасини ҳам ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Агар унинг катталиги 70 дан паст бўлса фосфорит унини самарадорлиги эҳтимоли анча баланд бўлади. Фосфорит унининг самарадорлиги фосфоритлар таркибига, майдаланганлик даражасига, ўсимликларнинг хусусиятларига, тупроқнинг хоссаларига ва бирга солинадиган ўғитлар турига боғлиқ. Фосфорит унини ўғит сифатида қўллаш уни солишдан маълум фойда олишда ишонч бўлган тақдирдагина ўринли бўлади.
Д.Н.Прянишников фосфорит унини юқори нормада солиш (фосфоритлаш) ҳозирги МДҲ давлатларининг 80 млн гектар тупроқларида ўтказилиши зарур эканлигини исботлаб берди.
Д.Н.Прянишниковнинг фосфоритларни табиати ва хоссаларини ўрганишга бағишланган тажрибалари шуни кўрсатадики, кристалл фосфоритларга нисбатан аморф хилларини қўллаш яхши самара берар экан, чунки улар тезроқ парчаланиш хусусиятига эга. Бу каби хусусиятлар фосфоритни майдалаш даражасига боғлиқ, чунки заррачаларнинг диаметри қанча кичик бўлса, уларнинг нисбий юзаси шунча катта бўлади. Тупроқ эритмаси таркибидаги кислоталар ҳам, фосфорит унининг энг майда заррачалари билан таъсирланади ва унинг фосфатларини эрийдиган шаклга ўтказади. Долгопруд (Россия) агрокимёвий станцияда олиб борилган кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, майдаланган фосфорит унини бир хил меъёрда ишлатилганда (1 га ерга 45 кг P2O5) унинг таъсири кузги жавдар хосилига худди суперфосфатникига ўхшаб тенг кучли таъсир этади (42-жадвал).
Д.Н.Прянишников маълумотларига кўра, физиологик нордон ўғитлар (аммиак тузлари ва бироз миқдорда калийли, кулдан цемент чанги ва нефелиндан ташқари) фосфорит унини тупроқда парчаланишини тезлаштиради, аксинча физиологик ишқорий ўғитлар (селитра) бу жараённи бироз сусайтиради. Фосфоритни солишдан олдин тупроққа оҳак солиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки тупроқ эритмасини нордонлигини ва тупроқнинг қаттиқ фазасини анча харакатчан потенциал (алмашинувчи) нордонлигини нейтраллайди.
42-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |