8-Мавзу: Жамиятнинг ижтимоий, маънавий, сиёсий тизими масалаларини ўрганиш
(2-соат учун)
Жамиятдаги ана шу хилма-хилликни гетерогенлик ва тенгсизлик тушунчалари орқали тушунтириб бериш мумкин.
Гетерогенлик жамиятдаги ранг-баранглик, турличалик, хилма-хиллик даражаларининг кўрсатгичлари йиғиндисини ифодалайди. Бу ана шу кўрсатгичларга кўра бир гуруҳда муайян социал позицияни эгаллаган бирор киши бошқа гуруҳда муайян позицияни эгаллаган бошқа кишидан юқори ёки пастда турганлигини аниқлаб бўлмаслигини англатади. Бошқа сўзлар билан айтганда, гетерогенлик кишиларнинг мартабалари, даражалари ҳақида эмас, балки индивидлар позицияларининг фарқлари ҳақидагина хабар беради, демакдир. Гетерогенлик инсоният жамиятининг горизонтал бўлинишидаги номинал кўрсатгичларни ифодалайди. Одамнинг жинси, миллати, диний эътиқоди номинал кўрсатгичларга мисол бўлиши мумкин. Шу маънода бирор бир кишини унинг жинси ёки динига кўра бошқа кишидан устун туради, дейиш мумкин эмас.
Гетерогенлик муайян инсоният жамиятининг қанчалик даражада зиддиятсиз ва барқарорлигини кўрсатади. Паст даражадаги гетерогенликка эга (ёки кўплаб номинал кўрсатгичлар бўйича бир хил бўлган) жамият юқори даражадаги гетерогенлик кўрсатгичларига эга жамиятга нисбатан барқарор ҳисобланади. Бошқача айтганда, бунда кишилар ўзлариники деб ҳисоблаган гуруҳларни қўллаб-қувватлайдилар ва уларни бошқа гуруҳлардан устун қўядилар.
Тенгсизлик жамиятнинг иккинчи асосий характеристикасини ташкил қилади. У жамиятдаги кишилар табиий аҳволининг бир неча кўрсатгичлар бўйича фарқланишини кўрсатади. Бундай кўрсатгичлар уларнинг мартабалари, даражаларини ифодалайди. Уларга кўра бирор бир киши ёки ижтимоий гуруҳ бошқасидан пастда ёки юқорида турганлиги ҳақида гапириш мумкин. Масалан, фойда бўйича тенгсизлик, мансаб бўйича кишиларнинг тенгсизлиги ҳақида гапириш мумкин, аммо уларнинг миллатига кўра тенгсизлиги ҳақида гапириб бўлмайди. Юқоридаги каби тенгсизликлар ҳар бир жамиятда муайян ижтимоий институциялар билан мустаҳкамлаб қўйилади. Бунда муайян нормалар, қоидалар тизимлари яратилади ва кишилар шуларга мувофиқ тенгсизлик муносабатларига киришадилар, уни қабул қиладилар ва унга қарши чиқмайдилар. Масалан, ҳар бир корхонадаги мансаблар кўрсатгичи, ахлоқий, ҳуқуқий, диний нормаларнинг муайян қисмлари. Бундай кўрсатгичлар ҳар бир жамиятда доимо кузатиб, баҳоланиб турилиши керак. Тенгсизлик кўрсатгичлари муайян даражадан ошиб кетмаслиги керак. Йўл қўйилган даражадан ортиб кетган тенгсизлик жамиятдаги кишилар ҳаёт кечириш даражаларида катта фарқларни вужудга келтириши бундай ҳолат дискриминация (камситилиш), баъзи гуруҳлар ҳуқуқининг чекланиши деб баҳоланишга олиб келиши ва оқибат натижада ижтимоий зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳар бир жамият ижтимоий тенгсизлик даражасини камайтириш механизмлари тизимини ишлаб чиқиши керак.
Кўпгина жамиятлар кўпроқ бойлик ва ҳокимиятга эга бўлган гуруҳлар ва ана шулардан маҳрум бўлган гуруҳларнинг мавжудлиги билан характерланади. Тараққиёт жараёнида ҳар бир жамият жамиятдаги гуруҳларнинг қатъий иерархиясини ўрнатади. Бир-биридан мартабалари, даражаларига кўра фарқ қилувчи гуруҳлар жамиятнинг статус гуруҳлари дейилади. Статус гуруҳларнинг икки асосий тури бир-биридан фарқ қилинади: стратлар ва ижтимоий синфлар.
Гуруҳлар бир-биридан тенгсизлик тамойили бўйича фарқланишса социал стратлар вужудга келади. "Страта" сўзи лотинча бўлиб, қатлам, табақа маъносини англатади. Шу маънода социал стратификация иерархияли тузилган ижтимоий тенгсизликни англатади. Социал стратификация назариясига кўра ҳозирги замон жамияти кўп даражали, қават-қават, ташқаридан қараганда ер қобиқларидаги геологик қатламларга ўхшайдиган ҳодисадир. Социал стратификация икки белгиси билан оддий қатланишдан фарқ қилади. Биринчидан, бундай тузилган жамиятдаги юқори қатламлар ресурсларга эгалик ёки ҳақ олиш имкониятларига кўра пастки қатламларга нисбатан имтиёзли ҳолатда бўлади. Иккинчидан, юқори қатламлар унга кирувчи аъзолар миқдори бўйича ҳам паст қатламлардан сезиларли даражада кам. Бир-биридан фарқланувчи бир ўлчамли ва кўп ўлчамли стратификациялар мавжуд. Бир ўлчамли стратификацияда бир ўлчам боирасида амал қилувчи тенгсизлик ифодаланади, масалан, жамиятни олинадиган фойдага, ҳокимиятга эгаликка кўра стратификациялаш мумкин. ˆозирги пайтда бир ўлчамли стратификациянинг уч тури кўпроқ қўлланилади: иқтисодий, сиёсий, касбий.
Жамиятнинг ижтимоий тузилишини синфий стратификациялаш тури ҳам мавжуд. Ижтимоий синф тушунчасини биринчи бўлиб К.Маркс ишлаб чиққан эди. Унинг фикрича синф ташкил қилувчи белги кишиларнинг мулкка муносабати ҳисобланади. Баъзи синфлар мулкка эга ва уни тасарруф қилиши мумкин, айни пайтда жамиятдаги бошқа синфлар мулкдан маҳрумдир. Жамиятнинг бундай бўлиниши синфлар ўртасида низоларни вужудга келтириши мумкин, бу низолар энг аввало мулкни қайтадан бўлиш ва қайтадан тақсимлашга йўналтирилган.
К.Марксдан фарқли равишда немис социологи Макс Вебер жамиятнинг синфларга бўлинишидаги бир қанча белгиларни кўрсатади. Жумладан, у ижтимоий синфнинг энг муҳим белгиларидан бири обрўдир дейди. Обрўдан ташқари Вебернинг фикрича бойлик ва ҳокимиятга эгалик, мулкка муносабат ҳам синфнинг белгилари ҳисобланади. Шунинг учун унинг фикрича жамиятда К.Маркс кўрсатгандан кўра кўпроқ синфлар мавжуд.
Ижтимоий синфларнинг ҳар бири ўзига хос субмаданиятга1 эга бўлиб, у махсус ҳатти-ҳаракат усулларини, қабул қилинган қадриятлар тизимини ва социал нормалар тўпламини ўз ичига олади. ˆукмрон синф маданиятнинг етакчилигига қарамай ижтимоий синфларнинг ҳар бири ўзининг шахсий қадриятларини, ҳатти-ҳаракат моделларини ва идеалларини ишлаб чиқади ва сингдиради. Ушбу субмаданиятларнинг етарли даражадаги аниқ чегаралари мавжуд бўлиб, унинг ичида индивидлар ўзларининг муайян синфга оидлигини ҳис қиладилар, ўзларининг ўхшашлигини англайдилар.
ˆозирги пайтда жамиятнинг синфий тузилиши ҳақида кўплаб моделлар мавжуд. Улардан кенг тарқалганларидан бири У.Уотсон моделидир. Унга кўра ҳозирги замон жамияти олтита асосий синфлардан ташкил топган. Унда айниқса жамиятнинг юқори ва ўрта синфлари қатъий кўрсатиб берилган. Бозор иқтисодиётига ўта бориш билан ана шу моделда ифодаланган синфлар тобора ёрқинлашиб бориши туфайли у ҳозирги пайтда катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасида изчил амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотларда мулк ва мулкчилик марказий ўринни эгаллайди. Давлатимиз ижтимоий йўналтирилган барқарор бозор иқтисодиётини шакллантиришни ўзининг асосий мақсадларидан бири, деб белгилаб олди. Кўп укладли иқтисодиётни ва рақобатлашиш муҳитини яратиш эса бозор муносабатларига ўтишнинг асосий шартидир. "Мулкчилик масаласини ҳал қилиш, - деб ёзади Президентимиз И.Каримов ўзининг "Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида" китобида, - бозорни вужудга келтиришга қаратилган бутун тадбирлар тизимининг тамал тоши бўлиб хизмат қилади".
Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, айнан мулкдорлар табақасига мансуб одамлар туфайлигина жамиятда барқарорлик, фаровонлик, тараққиёт асослари қарор топади. Мисол учун ҳар қандай иқтисодий ривожланган мамлакатни олиб кўрайлик. У ерда ҳал қилувчи куч ана шу мулкдорлар синфи ҳисобланади. Қаерда аҳоли таркибида ҳақиқий мулк эгаси бўлган одамлар ҳиссаси, шу жумладан ўртача мулк эгалари ҳиссаси, деярли катта бўлса, ўша ерда иқтисодиёт барқарор ривожланади. Чунки мулк эгаси қўлидаги мулкка хиёнат қилмайди, бу мулкнинг катта-кичиклигидан қатъий назар уни авайлайди, уни ўз моддий фаровонлигининг манбаи деб билади.
Ўрта мулкдорлар синфи асосан кичик ва ўрта хусусий корхона эгаларидан ташкил топади. Уларнинг яхши маош оладиган мутахасислари, ўрта бўғин бошқарувчилари бўлади. ˆар икки соҳа вакиллари ҳам ўз касбидан даромад топади. Ўртаҳоллар табақасининг жамият тараққиётида тутган ўрни бир неча сабаблар билан изоҳланади. Уларнинг кўпчилик қисми елиб-югуриб, катта қийинчиликлар билан моддий фаровонликка эришган, ўзига тўқ кишилар. Улар фарзандларини маърифатли қилишдан, бунинг учун тинчлик-хотиржамлик сақланишидан ўта манфаатдор. Ўрта мулкдор табақага ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштирувчи куч сифатида қаралишининг биринчи сабаби шу. Ўрта мулкдорлар ҳар хил ур-сурларга қарши бўлиб, қонунни ҳамма нарсадан устун қўйишади. Ўрта табақа, биринчидан, мулкдор бўлса, иккинчидан, меҳнат билан банд. Уларнинг йўқотадиган нарсаси бор. Сийқаси чиққан шиорлар билан уларни йўлдан уриб бўлмайди.
Сиёсий:
Кишиларнинг ҳар қандай жамоаси фаолияти мувофиқлаштириш ва бошқаришга эҳтиёж сезади. Жамият ҳаёти – бу инсоний муносабатларининг вужудга келиши, ривожланиши ва тугалланишидан иборат бўлиб, улар алоҳида кишилар, кишилар жамоаларининг турли соҳалардаги манфаатларидан келиб чиқади. Шунинг учун жамиятда ҳатти-ҳаракатларни бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг умумэътироф этилган шакли бўлмиш ижтимоий нормалар албатта пайдо бўлади.
Инсон ҳатти-ҳаракатларининг жамият манфаатлари нуқтаи назаридан қандай бўлиши мумкинлиги ва қанақа бўлиши лозимлиги ижтимоий нормалар томонидан аниқлаб берилади. Улар одамлар онгли фаолиятининг натижаси бўлиб, ҳамжамоа бўлиб яшашни такомиллаштиришга йўналтирилган. Нормалар жамият тарихий тараққиёти жараёнида вужудга келади ва уларни конкрет тарихий муайянликдан ажратиб бўлмайди. Улар мавжуд жамиятдаги маданият типига ва унинг ташкилий характерига мос бўлади. Планетамизда турли-туман ҳуқуқий ва сиёсий тизимлар амал қилиши ҳодисасини худди ана шу нарса билан изоҳлаш мумкин. М.Вебер айтганидек, айнан маданият дунёга маъно бағишлайди, кишилар ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳукм чиқаришга асос яратади (бу ҳақда сиёсий маданият ҳақидаги фикрларга қаранг).
Юриш-туриш, ҳатти-ҳаракат нормалари давлатчилик пайдо бўлишидан анча илгари вужудга келган бўлиб, унинг аниқ вақтини айтиш мушкул. Аслини олганда бу "Шахс ва жамият" предметининг вазифасига кирмайди. Биз учун жамиятда ҳукмронликка оид муносабатлар қандай қилиб вужудга келганлигини, кишиларнинг ўзаро алоқадорликлари, ижтимоий муносабат жараёнларининг қандай бошқарилишидаги муҳим механизмларни кўриб чиқиш аҳамиятлироқдир. Кенг маънода ижтимоий нормалар воситасида бошқариш ҳар бир халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилашдек асосий ҳуқуқи6 билан боғлиқ. Унга мувофиқ давлат бошқарув ва ҳокимият органлари конституцион воситалар ёрдамида ўзларининг фуқаролар ва уларнинг бирлашмалари билан ўзаро муносабатлари тартибини, шунингдек, суверен давлатнинг халқаро муносабатларда қатнашуви тартибини белгилаб оладилар. Ижтимоий бошқарув жамият ва давлатдаги ички тартибни таъминлаш воситаси бўлиб, халқларнинг бир-бирини яхши тушуниб олишларига ёрдам беради7. Жамиятдаги муносабатларни бошқариш жараёни давлатга хос ва нодавлат аспектларни, миллий ҳамда халқаро ҳуқуқий ва сиёсий воситаларни ўз ичига олади.
"Жамиятнинг сиёсий тизими" ибораси сиёсий фаннинг муҳим тушунчаси сифатида ХХ асрнинг иккинчи ярмида қарор топди. Бу сиёсий жараёнларда қуйидаги сифатий янгиликлар пайдо бўлиши билан боғлиқ: айнан ХХ асрда давлат сиёсий ҳукмронликда ўзининг монопол аҳамиятини (яъни яккаҳокимликни) йўқотди ва партиялар, жамоат ташкилотлари, институциялар (ташкилий ҳодисалар) ва ижтимоий муносабатларга муҳим таъсир кўрсатувчи шу каби ташкилотлар қатори сиёсий тизим элементларининг бирига айланиб қолди. Айнан ана шу институциялар давлатнинг фуқаролик жамияти билан алоқасини ўрнатишга ва демократик характердаги ҳокимият вужудга келтиришга имкон берди. Ижтимоий ҳаётнинг сиёсий жараёнларга таъсирининг ана шундай кенгайиши "жамиятнинг сиёсий тизими" деган умумлашган янги тушунчанинг пайдо бўлишига олиб келди. Шунинг учун ҳозирги сиёсий жараёнларни ўрганишда нафақат давлат ва давлат ҳокимияти органлари тизимини, шу билан бирга сиёсий жараёнларда қатнашувчи ва сиёсий қарорлар қабул қилинишида иштирок этувчи барча ижтимоий-сиёсий институцияларни кўриб чиқиш керак.
Ҳозирги замон сиёсий луғатида "жамиятнинг сиёсий тизими" иборасидан-да зиддиятли иборани топиш қийин. Сиёсий тизимга таъриф беришнинг қийинлашувига унга турли мамлакатлардаги нафақат ижтимоий-гуманитар йўналишдаги фан мутахасислари (юристлар, сиёсатшунослар, тарихчилар), балки ушбу йўналишдан анча узоқ бўлган кишилар – популистлар ҳам таъриф беришга уринаётгани таъсир этмоқда.
Жамиятнинг сиёсий тизими тушунчаси ҳар бир мамлакатдаги сиёсий тизим тушунчасига нисбатан кенгроқдир ва уларни белгилаб беради. Жамиятнинг сиёсий тизими ўзаро алоқадор бўлган тўртта асосий торроқ тизимни ўз ичига олади: институциявий (ташкилотга оид), коммуникатив (муносабатга оид), норматив (қоидага оид), маданий-мафкуравий.
Сиёсий институциялар – сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилот ва муассасалар йиғиндисидир. Сиёсий институциялар ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: а) давлат ва унинг органлари; б) жамоат ташкилотлари; в) юридик шахс мақомидаги бошқа ташкилот ва муассасалар. Сиёсий институцияларнинг хусусияти шундаки, уларнинг фаолияти амалда доимо қонун томонидан, яъни муайян норматив ҳужжатлар орқали бошқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |