5. Қарз мажбуриятлари таъминланганлигига қараб:
Гаровли облигациялар мутлақ ёки аниқ мулк билан таъминланади. Хорижнинг ривожланган мамлакатларида тез-тез маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бундай облигациялар муомалага чиқарилади. Гаровсиз облигацияларда аниқ бир нарса таъминланмайди: унинг таъминланиш асоси бўлиб давлатнинг ёки маҳаллий ҳокимият органларининг жами мулки ҳисобланади. Марказий бошқарув органлари, одатда, гаровсиз облигацияларни муомалага чиқаришади. Уларнинг ишончлилиги жуда юқори бўлганлиги учун улар қўшимча кафолатга эҳтиёж сезмайди.
6. Тўланадиган даромаднинг характери бўйича:
ютуқли қарз мажбуриятлари;
фоизли қарз мажбуриятлари;
ноль купонли қарз мажбуриятлари.
Ютуқли облигациялар бўйича даромадларнинг тўланиши лотореялар асосида амалга оширилади. Бу облигациялар катта талабга эга эмас. Чунки инвесторлар тасодифга таяниб эмас, балки барқарор даромад олишга интиладилар. Ютуқ олишни истаганлар эса лоторея чипталари сотиб олишни ихтиёр этадилар. Бу турдаги қарз мажбуриятларининг асосийси фоизли облигациялар бўлиб, улар бўйича даромад купонлар асосида йилда бир, икки ёки тўрт марта тўланади. Инвесторларнинг кўпчилиги ана шундай қарз мажбуриятларини маъқул кўришади.
Давлатнинг қисқа муддатли қарз инструментлари купонларга эга эмас. Улар номиналидан чегирмалаш асосида сотилади ва номинал бўйича сотиб олинади. Айрим узоқ муддатли қарз мажбуриятлари ҳам купонларга эга бўлмаслиги мумкин. Улар бўйича барча даромадлар асосий қарзнинг суммаси билан биргаликда тўланади. Худди қисқа муддатли облигациялар сингари улар ҳам номиналидан чегирмалаш орқали сотилади ва номинали бўйича сотиб олинади. Амалиётда бундай облигациялар ноль купонли облигациялар номини олган.
7. Даромадларни аниқлаш методига кўра:
барқарор (қатъий) даромадли қарз мажбуриятлари;
“сузувчан” даромадли қарз мажбуриятлари.
Айрим ҳолларда қимматли қоғозлар бўйича қатъий ставкалар фоизларни тўлаш борасида давлат харажатлари ўсишининг сабаблари бўлиши, бошқа бир ҳолларда эса улар фоиз даражасининг ошишини кутиб ўтирган инвесторларни қўрқитиб юбориши мумкин.
Бюджет дефицитини қоплаш учун қарзларни нисбатан юқорироқ даражада бўлган фоиз ставкаларида жойлаштиришга тўғри келади. Қарз муддати, одатда, 20-30 йилни ташкил этаётган қарз даври давомида ўзининг қарз мажбуриятлари бўйича ана шундай фоизни ўрнатиб, давлат солиқ тўловчиларнинг зиммасига қўшимча харажатларни юклайди. Амалиётда бундай вазиятдан чиқиб кетишнинг икки варианти мавжуд:
1) пул маблағларига бўлган эҳтиёжни қисқа ёки узоқ муддатли қарзлар ва узоқ муддатли қарзларни (фоиз стакаси пасайиб кетган пайтда) чиқариш билан қоплаш. Бироқ бу ҳолда қарз олувчи яна битта қарзни чиқариш, жойлаштириш ва уни қайтариш (узиш) билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатларни амалга оширишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, инвесторлар фоиз ставкасининг (кўтарилишини) кутиб, иккинчи чиқарилган қарзга нисбатан қизиқиш билдирмаслик эҳтимоли ҳам ерда бор;
2) қимматли қоғозлар бўйича тўланадиган фоизларни узлуксиз равишда қайта кўриб бориш. Бу ҳолда юқорида келтирилган барча муаммолар ҳал қилинади. Ҳисоб-китоб асоси сифатида, одатда, мамлакатдаги банклараро кредитлар бўйича фоиз ставкасидан фойдаланилади. Бироқ бундай қарзлар жуда катта камчиликка эга, яъни қарздор ўз харажатларини режалаштириш имконияга эга бўлмайди.
8. Қарз чиқарилган пайтда белгиланган (ўрнатилган) қарзни қайтариш муддатларига қатъий риоя қилиш бўйича қарздорнинг мажбуриятларига мувофиқ:
муддатидан олдин қайтариш ҳуқуқига эга бўлган мажбуриятлар;
муддатидан олдин қайтариш ҳуқуқига эга бўлмаган мажбуриятлар.
Молиявий бозорда кескин ўзгаришлар содир бўлган пайтда қарз мажбуриятларини муддатидан олдин қайтариш (узиш) масаласи алоҳида долзарблик касб этади. Масалан, қарз олувчи йиллик қатъий даромадли 12%ли облигациялар чиқарган ва бир йилдан сўнг фоиз ставкаси пасайиб, 6%га тенг бўлган бўлсин. Бундай вазиятда қарздор кескин йўқотишларга, инвестор эса аксинча, катта ютуқларга эга бўлади. Агар облигациялар муддатидан олдин қайтариш ҳуқуқига эга ҳолда чиқарилган бўлса, янги қарзни чиқариш ва уларни жойлаштириш ҳамда эски қарзни қайтариб, инвестор ўз йўқотмаларини камайтириши мумкин.
Қарзларни қайтаришнинг икки усули бўлиши мумкин:
бир вақтнинг ўзида;
қисмларга бўлиб.
Агар қарзлар қисмларга бўлиниб қайтарилаётган бўлса, қайтариш муддатлари бўйича қарз суммаларининг тақсимланишига кўра қуйидаги уч вариант бўлиши мумкин:
1) аниқланган давр, масалан, 4 йил ичида тенг қисмларга бўлиб қайтариш. Бу ҳолда, масалан, қарзнинг суммаси 10 млн. сўм бўлса, ҳар йили 2,5 млн. сўмдан қайтарилади;
2) ошиб бориладиган қисмларда. Масалан, биринчи йил 1 млн. сўм, иккинчи йилда – 2 млн. сўм, учинчи йилда – 3 млн. сўм ва тўртинчи йилда – 4 млн. сўм. Қарздорнинг даромадлари йилдан-йилга ўсиб (ошиб) бораётган пайтда бу тизим жуда қулай ҳисобланади. Масалан, бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда, ишбилармонлик фаоллигининг ошиши натижасида солиқ тушумлари ўсиши кўзда тутилади ёки қурилишга қарз маблағлари жалб қилинган объект, секин-асталик билан ўз қувватига эга бўла бориб, йилдан-йилга каттароқ суммада фойда келтира бошлайди;
3) пасайиб борадиган қисмларда. Масалан, биринчи йилда – 4 млн. сўм, иккинчи йилда – 3 млн. сўм, учинчи йилда – 2 млн. сўм ва ҳ.к. Бундай тизим қарздорнинг даромадларини пасайиши ёки харажатларининг ортиши кутилаётган пайтда афзалликларга эга ва устувор аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |