2-савол баёни. Бюджет дефицитини молиялаштириш учун давлат бошқарув органлари қарз маблағларини, қарзларни жалб қилишга мажбурдир.
Қарз маблағларини, қарзларни жалб қилиш, одатда, қарз шартномаси асосида амалга оширилади. Унга кўра, бир томон (қарз берувчи) иккинчи томоннинг (қарз олувчининг) мулкига маълум белгиларга эга бўлган пул маблағлари ёки бошқа буюмларни беради, қарз олувчи эса шу суммадаги пул маблағлари (қарз суммаси) ёки тенг миқдор ва сифатдаги буюмларни қарз берувчига қайтариш мажбуриятини олади. Шартнома бўйича қарз олувчи давлат ёки унинг субъектлари, қарз берувчилар эса фуқаролар ёки юридик шахслар ҳи-собланади. Давлат қарзлари ихтиёрий бўлиб, муомалага чиқарилган қарзларнинг шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Давлат кредити қуйидаги бир неча белгиларга кўра класссификация қилинади:
эмитентлар бўйича:
марказий бошқарув органлари томонидан жойлаштириладиган қарзлар;
ҳудудий бошқарув органлари томонидан жойлаштириладиган қарзлар;
жойлаштирилиш жойига қараб:
ички қарзлар;
ташқи қарзлар.
бозорда айланишига қараб:
бозорли қарзлар;
бозорсиз қарзлар.
Бозорли қарзлар эркин сотилади ва сотиб олинади. Улар бюджет дефицитини молиялаштиришда асосий омил бўлиб ҳисобланади. Бозорсиз қарзлар эркин равишда ўз эгаларини алмаштириши мумкин эмас. Улар қимматли қоғозлар бозорида муомалада бўлмайди. Маълум бир инвесторларни жалб қилиш учун бундай қарзлар давлат томонидан чиқарилади ва шу инвесторларнинг ўзига хос бўлган манфаатларига мос келади. Масалан, ғарб мамлакатларида бозорсиз давлат облигациялари давлат пенсия фондлари, суғурта компаниялари ва кичик инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш учун чиқарилади.
маблағларни жалб қилиш муддатига кўра:
қисқа муддатли (бир йилгача қайтариш муддати билан);
ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача);
узоқ муддатли (беш йил ва ундан юқори).
Қисқа муддатли қарзлардан бюджет даромадларининг келиб тушиши ва харажатларини амалга оширишдаги қисқа муддатли узилишларни молиялаштириш учун фойдаланилади. Одатда, бундай мақсадлар учун векселлар чиқарилади. Италияда ғазначилик векселлари 3, 6, 12 ойлик муддатларда, Японияда – 60 кунлик, Буюк Британияда – 91 кунлик муддатларда чиқарилади. Ғазначилик векселлари муддатларда икки йилгача бўлган Германия бундан мустаснодир.
Баъзи бир мамлакатларда нисбатан узоқ муддатлар учун маблағларни жалб қилишда ғазначилик ноталаридан фойдаланилади ва улар векселларга нисбатан камроқ тарқалгандир. Италияда бундай ғазначилик ноталари 2-3 йиллик қайтарилиш муддати билан, АҚШ да – бир йилдан ўн йилгача қайтарилиш муддатларида чиқарилади. Узоқ муддатлар учун маблағларни жалб қилиш, одатда, облигациялар ёрдамида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |