1. Ишчи гуруҳ ва жамоа тушунчалари. Уларнинг ўзаро фарқлари.
Ҳуқуқшунослар гуруҳи ва жамоасида ишни муваффақиятли ташкил этишда, аввало, жамоа ўзи нима эканлиги, унинг фаолияти қандай ташкил этилиши, жамоа аъзолари ва лидернинг ўзга хос хусусиятлари, жамоа аъзоларидан ҳар бирининг бир-бирини тўлдирувчи ролини билиш талаб этилади.
Жамоа – турли зарур кўникмаларга эга бўлган ва тегишли вазифаларни бажарадиган, муайян лойиҳа, вазифа ёки мақсад устида биргаликда ишлайдиган, бир-бирига кўмаклашувчи ходимлар жамланмаси.
Жамоанинг ишчи гуруҳдан фарқи нимада?
Ишчи гуруҳига кўпроқ қуйидаги хусусиятлар хос бўлади:
* Заиф коммуникатив алоқа, гуруҳ аъзолари ўртасида бир-бирини ўзаро тўлиқ тушунмаслик;
* Биргаликдаги ишларда алоҳида расмий вазифаларга эгалик;
* Иш натижасига ҳар бир аъзонинг индивидуал ҳиссаси, иш қисмларини алоҳида-алоҳида бажариши орқали эришиш;
* Индивидуал натижасигагина жавобгарлик;
* Ўз иш қисминигина бажариш истаги;
* Расмий раҳбар томонидан белгиланган топшириқ ва қарорларнигина бажариш амалиёти.
Жамоанинг хусусиятлари эса қуйидагиларда намоён бўлади:
* Мустаҳкам коммуникатив алоқа, умумий тил, ўзаро алоқа каналларининг ташкил этилганлиги;
* Ҳамкорлик формал бўлмаган алоқалар, кўпинча дўстлик билан, ўзаро тушуниш орқали қўллаб-қувватланади;
* Ишнинг якуний натижаси бўйича умумий хулосага келиш, функционал топшириқларни биргаликда бажариш;
* Умумий натижа учун бирдек масъулият, жавобгарликни ҳис қилиш;
* Коллективлик ҳисси (фаолиятда умумий иштирок);
* Умумий қарор қабул қилиш амалиёти.
Жамоа иши – қўйилган вазифаларни биргаликда муваффақиятли бажариш учун жамоадошлар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ҳисобланади. Жамоа иши иш фаолиятидаги муваффақиятларнинг муҳим бўлагидир.
Масалан, баскетбол жамоавий ўйинида нафақат тўпни нишонга (тўр саватга) муваффақиятли тушириш, балки жамоа ҳар бир аъзосининг ўз вазифаларини тўла ва тезкор бажариши ютуқнинг муҳим омили ҳисобланади. Мазкур спорт турида бир ўйинчи баскетбол тўпини саватга тушириб ҳисобни кўпайтиргани билан, аслида бу ўйинчининг натижаси (очкоси) жамоа аъзоларининг шунга қадар амалга оширган ҳаракатлари – тез режалаштириш, ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва ўзаро жипс ҳамкорлик каби кўникмалари орқали олинган бўлади.
Худди шунга ўхшаш, иш берувчилар, одатда, нафақат бошқалар билан яхши ишлай оладиган одамларни, балки, жамоада ҳамма ҳам тўпни нишонга доим бехато тушириш қобилиятига эга эмаслигини тушунадиган, ўз ҳаракатларини шунга қараб тез ўзгартира оладиган, вазиятга мувофиқлаштира биладиган одамларни излайди. Бошқача қилиб айтганда, ишхонадаги ҳар бир киши мақсадларни амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилганида умумий ниятга осонроқ эришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |