Ижтимоий санкциялар - нормаларнинг шахс хулқида намоён бўлишини назорат қилувчи жазо ва рағбатлантириш механизмлари бўлиб, уларнинг борлиги туфайли биз ҳар бир алоҳида вазиятларда ижтимоий хулқ нормаларини бузмасликка, жамоатчиликнинг салбий фикри объектига айланиб қолмасликка ҳаракат қиламиз. Масалан, юқоридаги мисолда, агар жамоат транспортида катта муйсафид кишига ўрин бўшатишни норма деб қабул қилмаган ўсмирга нисбатан кўпчиликнинг айблов кўзи билан қараши, ёки оғзаки танбех бериши, жуда кам холларда ўзини бебош тутаётган ўсмирнинг қўлидан тутиб, нима қилиш кераклигини ўргатиб, «кўзини мошдай очиб қўйиш» ижтимоий санкциянинг ҳаётдаги бир кўринишидир.
Ҳар бир алоҳида шахс жамият томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ижтимоий нормалар ва санкцияларни у ёки бу ижтимоий ролларни бажариши мобайнида хулқида намоён этади.
Рол - шахсга нисбатан шундай тушунчаки, унинг конкрет ҳаётий вазиятлардаги ҳуқуқ ва бурчларидан иборат ҳаракатлари мажмуини билдиради. Масалан, талаба ролини оладиган бўлсак, уни бажариш - у ёки бу олий ўқув юртида таҳсил олиш, унинг моддий базасидан фойдаланиш, кутубхонасига аъзо бўлиш, стипендия олиб, маъмуриятнинг ижтимоий ҳимоясида бўлиш каби қатор ҳуқуқлар билан биргаликда ўша олийгох ички тартиб - интизоми нормаларига сўзсиз бўйсуниш, дарсларга ўз вақтида келиш, рейтинг баҳолов талаблари доирасида кундалик ўзлаштиришни бажариш, амалиётда бўлиш, деканатнинг берган жамоатчилик топшириқларини ҳам бажариш каби қатор бурчларни ҳам ўз ичига олади. Бу рол унинг уйга боргач бажарадиган «фарзандлик» роли (ота-она, яқин қариндошлар олдида) талаб ва имтиёзларидан фарқ қилади. Яъни, конкрет шахснинг ўзига хослиги ва қайтарилмаслиги у бажарадиган турли-туман ижтимоий ролларнинг характеридан келиб чиқади. Шунга кўра, кимдир «тартибли, баъмани, фозил, ахлоқли ва одобли» дейилса, кимдир - беъмани, бебош, ўзгарувчан, икки юзламачи (яъни, бир шароитда жуда қобил, бошқа ерда - бетартиб) деган ҳаётий мавқега эга бўлиб қолади.
Ҳаётда шахс бажарадиган ижтимоий роллар кўплиги сабабли ҳам, турли вазиятлардаги унинг мавқеи - статуси ҳам турлича бўлиб қолади. Агар бирор рол шахс ижтимоий тасаввурлари тизимида унинг ўзи учун ўта аҳамиятли бўлса (масалан, талаба роли), у бошқа ролларни унчалик қадрламаслиги ва оқибатда, ўша вазиятда бошқачарок, ноқулай ва нобопроқ мавқени эгаллаб қолиши мумкин. Қолаверса, ролларнинг кўплиги баъзан роллар зиддиятини ҳам келтириб чиқариши мумкинки, оқибатда - шахс ички руҳий қийинчиликларни ҳам бошдан кечириши мумкин. Масалан, сиртдан таҳсил олаётган талаба сессия пайтида ишлаб турган корхонасига комиссия келиши ва унинг фаолиятини текшираётганлигини билиб, бир томондан, талабалик ва унинг талаблари, иккинчи томондан - касбдошлар олдида уялиб қолмаслик учун ҳар куни ишхонага ҳам бориб келиш кераклигини ўйлаб руҳий азобга тушади.
Do'stlaringiz bilan baham: |