§ 2. Шофиъий фиқҳ мактаби
Имом Шофиъий 150/767 йили буюк мужтаҳид олим Абу Ҳанифанинг
вафот этган йили Фаластиннинг Ғазза шаҳрида дунёга келади ва 204/820
йили 29 – ражаб/19 – январда жума куни тунда Мисрда вафот этади ва
Карафе деган жойга дафн этилади. Абу Ҳанифа вафот этган кечада бошқа
бир имом, яъни Шофиъийнинг дунёга келгани мусулмонлар учун катта
жудолик бўлмади.
Шофиъийнинг отаси Идрис иш билан Фаластиннинг Ғазза шаҳрига
боради ва у ерда вафот этади. Шофиъий туғилганидан кейин икки йил ўтиб
онаси унинг олийжаноб наслини сақлаб қолиш ниятида ота ватани бўлмиш
Маккаи Мукаррамага олиб кетади ва улар Байту-л-Ҳаром яқинидан қўним
топадилар. Онаси асли Азд Яманларидан бўлган. Бироз муддатдан сўнг онаси
Муҳаммадни мактабга жойлайди, аммо дарслар пуллик бўлгани учун ёш
имомнинг онаси уни тўлашга имкон топа олмайди. Лекин Шофиъий жуда
ҳам зеҳни ўткир ва тиришқоқ бўлганлиги учун мактабдорлар уни бепул
ўқитишга аҳд қиладилар. Шофиъий етти ёшидаёқ Қуръони каримни ёд олиб,
ҳадисларни ўрганади. Ўша вақт арабларнинг одатига кўра саҳродаги Бану
Ҳузайл қабиласига юборилади. Бу қабила ўзининг суҳанзабонлиги ва шеърий
анъанаси билан машҳур эди. Шофиъий у ерда 10 йил яшаб у ерлик
олимлардан шеър ва хабарларларни, араб тили фасоҳати ва балоғатини,
шунингдек Қуръон ва ҳадис илмларини ўрганади.
Шофиъийнинг ҳотираси кучли бўлганлигидан устозлари айтган
ҳадисларни бир маротаба айтилганида ёдлаб оларди. Сўнгра дарсдан чиқиб
эслаб олган ҳадисларини сополга ёки терига ёзиб олар эди. Кейинчалик
Имом Шофиъий бир гап эшитса уни ҳеч қачон унутмаганлигини айтади.
Сўнгра Маккага қайтиб келиб, Макка муфтийси Муслим ибн Холид аз–
Занжийдан фиқҳ ва ҳадис илмларини ўрганади ва унинг ҳузурида фатво
бериш даражасига етади. Ўша вақтда бор йўғи 15 ёшларда эди. Кейинчалик
устозларининг маслаҳати билан Мадинига Молик ибн Анас (ваф. 179 /795 й.)
ҳузурига боради.
Имом Молик вафотидан сўнг у ўз ҳаётини аш-Шайбоний раҳбарлигида
ироқ фиқҳини ўрганишга бағишлайди. Натижада унинг усулида ироқ ва
ҳижоз фиқҳи назарияси ишлаб чиқилади, яъни аҳли ҳадис билан аҳли раъй ва
қиёс тарафдорларининг илми унда бирлашади. 187 йил ҳижрийда Маккада,
195 йил ҳижрийда Бағдодда Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855 й.) билан
учрашиб унинг фиқҳ, усул, насх ва мансух мавзуларидаги қарашлари билан
танишади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Шофиъийнинг илмини эътириф этиб:
“Кимки қўлига сиёҳ билан қалам олса, унинг зиммасида Шофиъийнинг
миннати бор. Агар Шофиъий бўлмаганларида ҳадис ва фиқҳни билмаган
бўлар эдик. Фиқҳ эшикларига қулф солинган эди. Аллоҳ Шофиъий сабабли,
у эшикларни очиб берди” деб айтади.
Кейинчалик яна Маккага қайтиб Ҳарамда дарс беради ва ўша ернинг
олимлари билан бирга унинг шогирдлари ҳам у кишининг дарсларини қунт
билан ўзлаштирадилар. Сўнгра Шофиъий яна Ироққа қайтади ва у ердан
ўзининг хос шогирдлари билан Мисрга боради (199/815 й.). Мисрлик
уламолар Имомни катта эҳтиром билан кутиб олиб ундан таҳсил олишади.
Шофиъий Мисрдаги энг катта масжид “Амр ибн Ос” да талабаларга фиқҳдан
дарс бериб то умрининг охиригача Мисрда қолади.
Миср мазкур янги мазҳабнинг ватани бўлгани учун ҳам, у ерда бу
таълимотни чуқур илдиз отгани табиийдир. Бу мазҳаб, Ироқда ҳам
ёйилганди. Чунки, Шофиъий ўз қарашларини, аввалига, Ироқда ёя
бошлаганди. Ироқ орқали Хуросон ва Мавароуннаҳрга ҳам ёйилади ва шу
билан бирга бу ўлкаларда Ҳанафий мазҳаби, Аббосийлар ҳокимиятининг
расмий мазҳаби бўлгани учун ҳам етакчи ўринда эди. Мисрда эса ҳокимият
Айюбийлар қўлига ўтгач шофиъий мазҳаби янада жонланади, ҳам халқ, ҳам
давлат тепасида катта мавқега эришади. Аммо, Мамлуклар даврида эса
Султон Зоҳир Байбарс, қозиларни тўрт мазҳабга кўра тайинлаш фикрини
илгари суради ва бу фикр амалга оширилади. Лекин бу ҳолатда ҳам
Шофиъий мазҳаби у ерда бошқа мазҳаблардан устун мавқеда эди. Масалан:
Чекка шаҳарларга қози тайинлаш ваколати билан етим ва вақф молларини
назорат қилиш ҳуқуқи фақатгина Шофиъий мазҳабига оид эди. Ўрта асрларга
келиб бу мазҳабнинг таъсир доираси торайиб борган.
1517 йили Усмоний турклар томонидан Миср босиб олинади.
Кейинчалик Меҳмет Али Пошо Мисрга ҳоким бўлгач, ҳанафий мазҳабидан
бошқа мазҳабларнинг расмий фаолиятига чек қўяди. Бунинг натижасида
икки мазҳаб ўртасида рақобат бошланади.
Учинчи-тўртинчи ҳижрий асрларда Марказий Осиёда Шофиъий мазҳаби
Ҳанафий мазҳаби билан рақобат қиларди. Унинг йирик вакили тошкентлик
буюк олим Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший (291-365
ҳижрий йиллар) эди. Хайруддин Заркалийнинг ёзишича, у фиқҳ, ҳадис, луғат
ва адабиёт бўйича ўз даврининг машхур олимларидан эди. Усулул-фиқҳ
бўйича унинг асарлари машҳурдир. Тошкентда вафот этиб, қабри Ҳастимом
(Ҳазрати Имом) мадрасаси ёнидадир.
Ҳозирги кунда суд маҳкамаларида шахсий мақом борасида ҳанафийлик
мазҳаби татбиқ этилсада, кўпчилик мисрликлар, айниқса, қишлоқ жойларда
ўз диний урф-одатларида шофиъий анъаналарига содиқ қолганлар. Фаластин
ва Иорданиянинг аксарият мусулмонлари, Африка мамлакатларининг
баъзиларида, Шимолий Кавказ мусулмонлари орасида, Ироқ, Ҳижоз,
Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Яман, қисман Сурия ва жанубий араб
султонликларида Шофиъий мазҳаби диний-ҳуқуқ тизимига амал қилувчилар
бор. Индонезия ва Малайзия ороллларида эса бу мазҳаб ягона етакчи
мазҳабдир. Бугунги кунда дунёдаги таҳминан 1,3 млрд мусулмон аҳолининг
92.5% ини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаб бўйича қуйидаги нисбатда
бўлинганлар:
ҳанафийлар-47%,
шофиъийлар-27%,
моликийлар-17%,
ҳанбалийлар-1.5%.
Шофиъийнинг усулул-фиқҳ бўйича ёзган асари “ар-Рисола”дир. Бу асар
аввалига Бағдодда ёзилиб, сўнгра 814-815 йилларда Мисрда қайта ёзилади.
Шу туфайли кўпчилик уламолар уни ўз асарларида “Янги Рисола” ва “Эски
Рисола” деб икки манба сифатида қайд қилганлар. Фаҳр ур-Розий Маноқиб
аш-Шофиъий китобида шундай ёзади: “Имом Шофиъий китоб ар-Рисолани
Бағдодда ёзади, сўнгра Мисрга қайтгач уни қайтадан ёзади. Бу икки
китобнинг ҳар бирида кўплаб илмлар бор”. Лекин ҳозирда уламолар қўлида
фақат “Янги Рисола” асаригина сақланиб қолган. Бу асар Шофиъийнинг
Абдурраҳмон ибн Маҳдий (135/198 ҳижрий йиллар)нинг мактубига жавобан
ёзилган рисоласидир. Бу ҳақида Али ибн Маданий шундай ёзади: “Мен
Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъийга Абдурраҳмон ибн Маҳдийнинг
мактубига жавоб ёз у сенга мурожаат қилиб мактуб ёзди ва сенинг
жавобингга муштоқ, – дедим. Шофиъий унга жавоб мактубини ёзди. У
Ироқда ёзилган китоб ар-Рисола асари эди”.
Шофиъий бу асарини аввалига бу ном билан эмас, балки “китоб”,
“китобим”, “китобимиз” каби номлар билан атайди. “ар-Рисола” деб
номланишининг боиси уни Абдурраҳмон ибн Маҳдийга ирсол
қилинганлигидир. Чунки ўша вақтда кичик ҳажмли асар “Рисола” дейилган.
Бу китоб усулул-фиқҳ бўйича ёзилган илк асарлардан ҳисобланади, шу билан
бирга унда ҳадис усуллари ҳам баён қилинган. Фаҳр ар-Розий Маноқиб аш-
Шофиъий асарида шундай ёзади: “Имом Шофиъийдан олдин одамлар усул
илми масалалари ҳақида бахслашар, далиллар келтиришар ва раддиялар
билдирардилар. Лекин ўша вақтда улар учун далилларни бир бирига зид ёки
улардан бирининг устун эканлигини билиш учун мурожаат қилинадиган
умумий қоидалар йўқ эди. Шофиъий эса усул илмини ёзиб, одамларга
шаръий далилларнинг даражаларини билишда мурожаат қилинадиган
умумий қоидаларни кўрсатиб берди. Шофиъийнинг усулул-фиқҳ илмидаги
ўрни Аристотелнинг мантиқ илмидаги ўрни кабидир”.
Баъзи манбаларда таъкидланишича, усулул-фиқҳга оид асарни дастлаб
ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа (699-767 йй.) ёзган деб таъкидланади
ва ушбу фикр мазҳаб асосчиси томонидан ёзилган “Китоб ар-Раъй” асари
асосида қувватланади. Ибн ан-Надим эса, бу соҳада тарқоқ қоидаларни
тўплаб, китоб шаклига келтирган киши Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу
Юсуф бўлган, деб ҳисоблайди. Тадқиқотчи Аҳмад ал-Курдийга кўра эса, Абу
Ҳанифанинг катта шогирдларидан бири ҳисобланмиш имом Муҳаммад аш-
Шайбоний ҳам бу борада асар тасниф қилган. Тарихчи Ҳожи Халифа ва
тадқиқотчи Аҳмад ал-Хавлий ҳамда бошқа кўплаб тадқиқотчилар эса, бу
шахс шофиъий мазҳаби асосчиси Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий
(767-820 й.) дир деб таъкидлайдилар. Уларнинг бундай фикр юритишлари,
усулул-фиқҳга оид ҳозирги давргача етиб келган дастлабки ягона манба
айнан Имом Шофиъий томонидан ёзилган “ар-Рисола” асари доирасида
пайдо бўлган бўлиши мумкин. Демак Абу Ҳанифа ва унинг икки йирик
шогирдлари томонидан ёзилган усулул-фиқҳга оид асарлар бизгача етиб
келмаган. Лекин уларнинг бу илмга оид қарашларини кейинги давр ҳанафий
фақиҳларининг асарларида учратиш мумкин. Шунингдек моликий мазҳаби
асосчиси Имом Молик ибн Анас (ваф.796 й.) нинг “ал-Муватто” асарида ҳам
бу илм билан алоқадор қоидаларни учратиш мумкин. Холбуки, у Имом
Шофиъийдан аввал яшаган. Ҳақиқатга яқин фикр шуки усулул-фиқҳ
бевосита фиқҳ илми билан бир вақтда пайдо бўлган, чунки фиқҳ илмидаги
ҳукмлар усул қоидаларига кўра чиқарилган. Имом Шофиъий эса ўзидан
аввал нақл қилиниб келинаётган усул қоидаларини жамлаб уларни тартибга
солганлигидир. Унинг “ар-Рисола” асари эса бизгача етиб келган энг
қадимий асар бўлганлигидан уни биринчилар қаторида зикр қилиш мумкин.
Ҳатто кейинги давр уламолари ҳам бу асарга тақлид қилганлар.
Канадалик исломшунос Ваел Ҳаллақ Шофиъийга усул илми асосчиси
сифатида нисбат берилиши тўғри эмаслигини, балки усул илми Имом
Шофиъий вафотидан сўнг пайдо бўлганини айтиб ўтади. Чунки Шофиъийга
қадар ҳам усул илми гарчи оғзаки тарзида бўлса-да мавжуд эди.
Шофиъийнинг бу илмдаги ҳиссаси ўзининг давригача нақл қилиниб
келинаётган усул қоидаларини жамлаб, уларни тадқиқ қилиб китоб ҳолига
келтирганидир. Унинг “ар-Рисола” асари бунинг ёрқин далилидир. Аммо бу
асар усул илмда ёзилган илк манба бўлишига қарамасдан IX асрнинг иккинчи
яримида фақиҳлар томонидан жуда ҳам кам тилга олинганлиги қайд
қилинади. “Ар-Рисола” ни ўрганиш натижаси шуни кўрсатадики, унда асосан
ҳадислар ва жуда ҳам оз фиқҳга оид қоидалар келтирилган. Улар:
1. Ҳукмлар асосий манбадан чиқарилиши керак.
2. Пайғамбар Суннати қонунчиликнинг боғловчилик қисмини ташкил
қилади
3. Қуръон ва Сунна орасида, хатто бирон оят ва ҳадис орасида бирор бир
қарама қаршилик мавжуд эмас.
4. Бу икки манба бир бирини тўлдирувчидир.
5. Аниқ, ишончли ва кўп маънога далолат қилмайдиган манбалардан
олинган ҳукмлар ҳеч қандай баҳсга ўрин қолдирмайди, балки ижтиҳод ва
қиёс йўли билан олинган қонунларга асосланган ҳукмлар бахсли бўлиши
мумкин.
6. Ва ниҳоят, ижтиҳод, қиёс ва бошқа умумий тан олинган ва бир
овоздан қувватланган ҳукмлар дастлабки манбаларга таянади.
“Ар-Рисола” ни кейинги давр фақиҳларининг ёзган асарлари билан
солиштирадиган бўлсак унда усул илмига алоқадор асосий саволлар ва
масалалар анча кам ёритилганини кўрамиз. Дастлабки фиқҳий асарларда
шаръий масалалар асарнинг 1/4 ёки 1/5 қисмини ташкил этган. Лекин
Рисолада ҳадислардан ташқари фиқҳга оид дастлабки масалалар ва қоидалар
келтирилганлиги, уни ҳадис тўпламларидан ажратиб туради. “Ар-Рисола” ни
Шофиъийнинг шогирдлари томонидан тезда қабул қилинмаганига яна бир
сабаб, асар ўз даврининг икки фиқҳий йўналиши аҳли раъй ва аҳли
ҳадисларга қарата ёзилган. Асарнинг биринчи тўрт қисми аҳли раъйга
қаратилган бўлса, қолган олти бобида аҳли ҳадис масалалари муҳокама
қилинади. Аммо бу ерда Шофиъийнинг бирор бир томонга мансуб
бўлмаганини таҳмин қилишимиз мумкин. Бир аср давомида асарнинг
фақиҳлар назаридан четда қолиши ва IX асрнинг учинчи қисмида
фиқҳшуносликда туб бурилишлар бўлганидан сўнг яъни, ижтиҳод
эшикларининг ёпиқ деб эълон қилинишидан кейин, асосий сунний
мазҳабларнинг тўлиқ шакилланганида асарга мазҳаб уламолари тез-тез
мурожаат қиладиган бўладилар. Кўриб ўтганимиздек, VIII аср охирида
фиқҳни жуда катта тезлик билан ривожланганини кўрсатмоқда. Х асрга
келиб Усулул-фиқҳ ривожланиб кетади. Бу даврда ҳанафий олимларининг
кўплаб қарашлари уларнинг усул илми асосчилари сифатида кўрсатилган
бўлсада, секин аста бу ролни Шофиъий олимлари бажарадилар.
Мазҳабларда фиқҳни, усулдан аввал ёзилишида ҳеч бир ғайритабиийлик
йўқ. Чунки, ҳукмларда асл мавзу фиқҳдир. Усул эса бир метод илми бўлиб,
мантиқ каби, тўғри билан янглишни ажрата олиш хусусияти каби аввалдан
мавжуд. Айни мавзуда бир-бирига зид бўлган икки оятнинг кейинги нозил
бўлгани, аввалгисини насх (ҳукмини бекор) қилиши, умумий ҳукмнинг хос
ҳукм билан чегаралаш кабидир.
Шофиъий тилни яҳши билгани учун ҳам оят ва ҳадислардан ҳукм чиқара
олган. Қуръон тафсирчиси сифатида танилган Саҳоба Абдуллоҳҳ ибн Аббос
(р.а) илмлари ёйилган Маккадан етишиб чиққанлиги учун ҳам насх
қоидаларини
яҳши
ўзлаштирганди.
Шофиъийларнинг
усулини
мутакаллимларнинг усули ҳам дейилади. Чунки уларнинг усулга доир
қарашлари тамоман назарийдир. Мазҳабдаги ижтиҳод уларнинг методига
таъсир этмаган. Масалан: Шофиъий сукути ижмони қабул қилмайди.
Сайфуддин ал-Омадий (ваф.631/1233 й.) эса шофиъийлик мазҳабида бўлгани
ҳолда “ал-Аҳком” номли асарида сукути ижмони афзал билади. Бу усул,
калом илмининг мавзусидан истефода этгани ҳолда, фалсафий ва мантиқий
жиҳатлари мавжуд бўлгани учун ҳам “мутакаллимларнинг методи” сифатида
таърифланган. Масалан: Калом мавзусига доир яхшилик билан ёмонликнинг
ақл ила билиниб билинмаслиги, пайғамбарларнинг пайғамбарликдан олдин
ҳам иъсмат, яъни маъсум сифатига эга бўлиб бўлмагани ва шунга ўхшаш
мавзуларда баҳс юритиларди.
Имом Шофиъий ўз ижтиҳодида суянадиган далилларни “ал-Умм”
асарида шундай ифодалайди: “Илм бир неча даражаларга бўлинади.
Биринчиси, Китоб ва собит бўлган Суннадир. Иккинчиси, Китоб ва Суннада
ҳукми мавжуд бўлмаган масалалардаги ижмодир. Учинчиси, баъзи
саҳобаларнинг сўзларидир. Лекин бу саҳоба сўзлари орасида зиддият
бўлмаслиги лозим. Тўртинчиси, Саҳобалар орасида ихтилофли қолган
сўзлардир. Бешинчиси, қиёсдир. Бунинг асоси ҳам Китоб ва Суннага таянади.
Илм эса мана шу даражаларининг бири орқали қўлга киритилади”.
Имом Шофиъий Қуръонни усулул-фиқҳнинг илк манбаси эканлигини
ҳеч шак-шубҳасиз қабул қилади. Унинг фикрича биринчи асос бўлмиш
Қуръоннинг зоҳирий маъносига амал қилинади, қачонки у маънони
ўзгартириб юборувчи бошқа далил бўлмаса. Шунингдек у Китоб ва собит
бўлган Суннани айни бир манба сифатида кўради. Чунки, Сунна Қуръоннинг
баёнини тўлдириб, қисқа ва мужмал маъноларни очиб беради ва баъзи
инсонлар тушунаолмаган нозик масалаларни, шунингдек ом ва хос
ҳукмларни изоҳлаб беради. Шунга кўра, Суннанинг тафсир қилувчи ҳолатида
бўла олиши учун илмий жиҳатдан ҳам тафсир қилаётган нарсанинг
даражасида бўлиши лозим. Кўпчилик саҳобалар ҳадисга шундай назар билан
қарайдилар, деган фикрни у илгари суради. Аммо бу ҳолатда, Шофиъий
Суннани ҳар жиҳатдан Қуръонга тенг деб ҳисоблади дегани эмас. Чунончи,
Қуръон биринчи навбатда Аллоҳнинг каломи, Сунна эса Муҳаммад (а.с) нинг
сўзлари, феъллари ва тақрирларидир. Қуръон ибодат мақсади билан ўқилса,
сунна бу мақсадда ўқилмайди. Қуръон тавотур йўли билан собитдир,
Суннанинг барчаси ҳам тавотурга таянмайди. Имом Шофиъийга кўра Сунна
Қуръоннинг шохи мисолидадир. Шу туфайли кучини Қуръондан олади, уни
қувватлайди ва итмомига етказади. Шу жиҳатдан изоҳлаётган билан
изоҳланаётган бир-бирига баробар бўлиши лозим. Аммо, бунинг учун, аввало
Сунна соғлом бўлиши керак. Шу туфайли, оҳод ва мурсал ҳадислар, саҳиҳ
ҳадислар сингари эмас. Бошқа тарафдан эса Шофиъий, эътиқод асосларини
аниқлашда Суннанинг Қуръон даражасида эмаслигини очиқ ифода этади.
Имом Шофиъий мужтаҳид саҳобаларни ва Молик ибн Анасга эргашиб,
мадиналик фақиҳлар томонидан чиқарилган қарорларнигина ижмо деб
ҳисоблаган. Зоҳирийлар ва айрим ҳанбалийлар пайғамбар саҳобалари
(чориёрлар) нинг якдил фикрларинигина эътиборга оладилар. Абу Ҳанифа
ҳар қандай нуфузли мужтаҳидлар гуруҳи чиқарган қарорлар ижмо бўлиши
мумкин, деган фикрни илгари суради. Бу Ироқ, Сурия, Миср ва бошқа
жойларда ижмонинг мустақил шакллари пайдо бўлишига имконият яратди.
Имом Шофиъий ҳанафийлар тайянадиган “истеҳсонни” рад қилади.
“Истеҳсон” луғатда “бир нарсани яхши деб ҳисоблаш” маъносида
ишлатилади. Усул истелоҳида эса, “мужтаҳиднинг очиқ — равшан қиёсдан
махфий қиёсга, куллий ҳукмдан жузъий ҳукмга ўтишлиги” тушунилади.
Бундай ўтишликни унинг ижтиҳоди тақозо қилган.
Мужтаҳиддан бир масала сўралса, унинг ҳукмига насс
1
келмаган бўлса,
мазкур масалага икки хил ёдашиши мумкин. Бири очиқ — равшан бир
ҳукмни тақозо қилса, иккинчиси махфий бошқа ҳукмни тақозо қилади.
Мужтаҳид ўз ижтиҳоди билан равшан ҳукмни қолдириб, махфий ҳукмга
ўтишни маъқул кўради. Бундай ўтишни шариатда “истеҳсон” дейилади.
Имом Шофиъий бошчилгидаги баъзи мужтаҳидлар шаръий ҳукмлар
чиқаришда истеҳсонни далил қилиб олиш киши ҳоҳишига қараб ҳукм
чиқаришдир, деб бундай ҳолатни инкор этган. Чунки динда истеҳсонга
руҳсат берилса ақлли кишилар илм аҳлисиз ҳам, истеҳсон ўрнида ҳар
қайсилари шариат ҳукмлар беришлари жоиз бўларди деб ҳисоблайдилар.
Шофиъийнинг бу ҳусусдаги фикри қуйидагича: “Аллоҳнинг, Расулининг ва
мусулмонлар жамоасининг ҳукми ўлароқ бу зикр қилганларим шуни
кўрсатадики, қози ёки муфтий бўлишни истаган киши, фақат асосли
далиллар билан ҳукм ва фатво бериши жоиз. Бу ҳам бўлса Китоб, Сунна ёки
илм эгаларининг иҳтилофсиз ўлароқ айтган фикр ёки булардан баъзисига
қиёс қилиш йўли билан бўлади. Истеҳсон билан фатво берилмайди. У асос
эмас ва у бу маънолардан бирини ҳам ифодаламайди”. Шунингдек, унинг
1
Усул ал-Фиқҳда Китоб ва Сунна тушунилади.
“Ким истеҳсонга асосан ҳукм чиқарса, у ўзидан янги шариат тўқиб
чиқарибди”, дегани ривоят қилинади. Имом Шофиъий ўзининг “Усул” номли
рисоласида: “Кимки истеҳсонга асосан ҳукм чиқарса, гўё бир томонга қараб
намоз ўқиб, ўша томонни Каъба деб истеҳсон қилгандек бўлади”, деб айтган.
Шофиъий қуйидаги далиларга таяниб истеҳсонни рад қилади:
1. Шаръий ҳукмлар ё тўғридан тўғри нассга (оят-ҳадисга) ёки қиёс йўли
орқали нассга таянади. Истеҳсон булардан бирига кирса, бошқа бир терминга
эҳтиёж бўлмайди. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг баъзи масалаларда бўшлиқ
қолдиргани хулосаси келиб чиқадики, бу эса: “Инсон ўзини (бу дунёда дину
иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб
қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими (тама қилурми)”
(Қиёмат сураси, 36-оят) оятига зиддир.
2. Қуръонда Аллоҳ таоло ва Расулига итоат қилишга буюрилган,
ҳавоинафсга берилишдан қайтарилган ва тушунмовчилик чиққан вақтда яна
Китоб ва Суннага қайтарилиши таъкидланган (Нисо сураси, 59-оят).
3. Муҳаммад (а.с.) истеҳсон билан фатво бермаганлар ва ҳаводан олиб
гапирмаганлар. Бунинг далили аёлига “Сен менга онам кабисан” деган
кишининг сўровига фатво бермаган ва “Зиҳор” ояти (Мужодала сураси, 1-4
ояталр) келгунича кутганлар.
4. Истеҳсоннинг бирор бир қоидаси, ҳақ билан ботилни солиштирадиган
мезони йўқ. Эркин қўйилса, айни мавзуда фарқли бир неча фатволар юзага
келиши мумкин.
5. Фақат ақлга таянадиган истеҳсон тушунчаси юзага келса, Китоб ва
Суннадан билими бўлмаганларнинг ҳам бу усулни қўллашлари жоиз
бўларди.
Аммо бу ерда Имом Шофиъийнинг рад этган истеҳсон шаръий бир
далилга таянмасдан, шахсий хоҳиш ва субъектив тушунчаларга кўра ҳукм
чиқариш деб баҳолаш керак. Шубҳасиз, Ҳанафийлар ҳам бу каби истеҳсонни
қабул қилмаганлар. Балки, улар ҳам истеҳсон қилиш учун у масаланинг
шаръий бир масала бўлиши билан бирга, қуйидаги далиллардан бирига
таянишни шарт қиладилар:
1. Нассга таянган истеҳсон. М: Мавжуд бўлмаган нарсани сотиш
тақиқлангани ҳолда (Абу Довуд, Байъ,57), пул нақд, мол эса насия асосидаги
Do'stlaringiz bilan baham: |