Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
16-казус
Усмонов томонидан тузилган васиятнома бўйича, васиятнома ижрочиси Қаҳҳоров бўлган. Усмонов мулки уч нафар меросхўрига бўлиб берилган. Барча биллур ва кумушдан бўлган нарсалар васият бўйича Қаҳҳоровга берилди. Усмонов ўлимидан сўнг унинг меросхўрлари Қаҳҳоровдан васиятнома ижро этишни талаб қилишади. Лекин, Қаҳҳоров ижрочиликдан бош тортади. Чунки у ижрочи бўлишга рози бўлмаганлигини билдирди. Меросхўрлар Қаҳҳоровнинг важларига қулоқ солмай, ўзи ҳам васият бўйича меросхўр эканлигини айтиб, меросхўрнинг ижрочи бўлишга розилиги талаб қилинмаслигини эътироф этдилар. Қаҳҳоров Усмоновнинг ўлимидан сўнг мерос мулкининг тўла-тўкис сақланиши ҳақида ҳеч қандай чора кўрилмаганлигини, шунинг учун қолдирилган мерос тўлалигича сақланганми ёки йўқми, буни билмаслигини айтади.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
17-казус
“Oriflame” компанияси “Энг яхши парфюмер” танлови ўтказилиши ва танлов ғолибига мукофот берилишини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилди. Мазкур ишда тажрибага эга бўлган бошқа тадбиркорлар билан бир қаторда “Faberlic” масъулияти чекланган жамияти ҳам иштирок этди. Бироқ, танлов эълон қилингандан сўнг, “Oriflame” компанияси муддат жуда оз қолганлиги сабабли, мукофот ҳақидаги ошкора ваъдани бекор қилганлиги эълон қилди. Шундан сўнг, “Faberlic” масъулияти чекланган жамияти ушбу мукофотни олиш учун бир қанча ҳаражатлар қилгани хусусан, “Париж парфюмерияси” клубида таҳсил олгани, танлов юзасидан янги парфюмериялар, викториналар ташкил қилганлиги муносабати билан ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилди.
Мазкур танлов муносабати билан “Palmolive” товар белгиси билан машҳур бўлган масъулияти чекланган жамияти томонидан интеллектуал мулк объекти яратилиб, унга нисбатан ҳуқуқлар борасида аниқлик киритишга зарурат юзага келди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
18-казус
Икки нафар якка тартибдаги тадбиркорлар Омадов ва Эгамбердиевлар шериклик асосида ўзаро фаолият юритдилар. Улар ўзаро оддий ширкат шартномасини имзолашиб, унда қўшиладиган ҳисса, умумий харажатлар ва зарарларни қоплаш назарда тутилди.
Шартномага мувофиқ, Омадов ўттиз миллион сўм миқдоридаги маблағни ўз ҳиссаси сифатида қўшди. Эгамбердиев эса, касбий ва бошқа билимлар, малака ва маҳорат, шунингдек ишчанлик обрў-эътиборини ўттиз миллион сўм миқдорида баҳолади. Бундан ташқари, фуқаро Эгамбердиев ўзи томонидан олинган жуда муҳим ихтирога нисбатан патентларни ўн миллион сўмга баҳолаб, булар ҳақда шартномага тегишли бандлар киритди.
Календарь йили тугаганидан сўнг, шериклар юз миллион сўм миқдорида олинган фойдани тақсимлашни қарор қилдилар. Лекин фойдани тақсимлаш жараёнида иштирокчиларда ўттиз миллион сўм миқдорида харажатлар ҳам мавжудлиги маълум бўлди. Тарафлардан бири “ушбу зарарни фойдани кўпроқ олган тараф қоплаши зарур”, - деган фикрга келди.
Оддий ширкат шартномаси иштирокчиларидан бири вафот этгани туфайли, олинган фойда оддий ширкат аъзосининг фарзандига бериб юборилди. Чунки, сўнгги вақтларда айнан ушбу фуқаро оддий ширкат иштирокчилари билан фаолият юритган эди.
Фуқаро Эгамбердиевга тегишли ихтирога берилган патентнинг амал қилиш муддати шартнома тузилгандан сўнг, олти ой ўтиб бекор қилинди. Ушбу ҳолатда фуқаро Омадов шеригига фойдадан улуш ажратилмаслиги ва унинг ихтиросига нисбатан олинган патентга бўлган мутлақ ҳуқуқлар фақат комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномасини тузиш йўли билан ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |