Ичак мальротацияси
Ингичка ичак мальротацияларининг аксарияти ҳаётнинг дастлабки ҳафталари ёки ойларида ривожланади. Қолган ҳолларда эса у спорадик равишда болалар ва, ҳатто, катталарда ҳам юз беради. Диспозициянинг анатомияси 21.2-расмда келтирилган: дуодено-еюнал бирикманинг (X нуқтаси) кўричакка (Y нуқтаси) қанчалик яқин жойлашганига эътибор беринг, тутқичнинг ингичка асоси эса юуралиб қолишга “ қулай шароит яратиб” беради. Ўрта ичакнинг странгуляцияси ўткир равишда бошлансада, айниқса, ёши каттароқ болалар ва катталарда буралиб қолиш юз беришидан олдин қориннинг юқори ва ўрта қисмларидаги санчиқ хуружлари, сафро билан қайт қилишлар кузатилади, ушбу хуружлар кўпинча диареядан кейин ўтиб кетади. Бир кун келиб, тўлиқ буралиш юз берганда беморда кучли оғриқлар бошланиб, унинг умумий аҳволи қориндаги топилмага кўра кескин ёмонлашади.
Классик равишда, контраст текширувдан сўнг ташхис равшанлашади: меъда-ичак йўлининг юқори қисмларига қонтраст модда киритилганда ўн икки бармоқли ичакнинг тақасимон кўриниши йўқолган, дуодено-еюнал бирикма эса ўрта чизиқдан ўнга қараб силжиган бўлади. Контраст модда билан қилинган ҳўқна кўричакнинг жигардан ҳам юқорида жойлашганини кўрсатиб беради. КТ нинг ташхисий имконияти юқори бўлиб, у ингичка ичакнинг тўлалигича қорин бўшлиғининг чап тарафида, йўғон ичакнинг эса чап томонда жойлашганини кўрсатади. Шунингдек, тутқичнинг буралганлиги ва ичак деворининг ишемияси ҳам КТ да яхши кўринади. Ўрта ичакнинг буралиб қолишини, шунингдек, доплерография ёрдамида ҳам аниқлаш мумкин, бунда хос белги – юқори тутқич венасининг ва ичак тутқичининг юқори тутқич артерияси атрофида буралиб қолганлигини кўрса бўлади.
Шошилинч лапаротомия қилиш керак. Эсингизда бўлсин, бундай беморлар ўта сувсизланган бўлади ва улар агрессив инфузион давога эҳтиёж сезадилар. Операцияда буралиб қолган ичакни ечиш керак, бу ҳаракатни соат миллари йўналишига қарама-қарши равишда амалга ошириш керак. Некрозга учраган ичак кесиб олиб ташланади, одатда катта ҳажмли ичак резекция қилинади. Ичак ўтувчанлигини қандай тиклаш, қанақа анстомоз қўйиш ва беморга қайта операция зарурлигини қандай билиб олиш ҳақида 23-бобда ўқинг.
Ўлиб бўлган ичакни резекция қилиб бўлгач ёки агар буралган ичакни ечиб, уни ҳаётга лаёқатли деб топгач, Уильям Э. Ладд (1880-1967) томонидан ёзиб қолдирилган, мальротация деб аталмиш патологиянинг анатомиясига назар ташланг:
Кўричакдан жигарга томон борувчи ва ўн икки бармоқли ичакни сиқиб турувчи қорин парда бурмасини (Ладд бойлами) ажратинг.
Йўғон ичакнинг ўнг томонини мобилизацияланг.
Дуодено-еюнал букилмани мобилизациялаб, Трейц бойламини ажратинг – ўн икки бармоқли ичакни тўғирлашга эришасиз.
Юқори тутқич артериясини босиб турувчи йўғон перитонеал бурмаларни ажратинг.
Ичакларни худди 21.2-расмда кўрсатилгани каби қайтадан жойлаштиринг; эътибор беринг, эндиликда X нуқтаси Y нуқтасида анча узоқда жойлашган.
Аппендицит хуружи вақтида жаррох атипик жойлашган ўсимтага дуч келмаслигини учун аппендэктомия қилинг.
Ўз-ўзидан маълумки, агар ичакнинг аксар қисмини олиб ташлайдиган бўлсангиз, қайта буралиб қолишнинг олдини олишга ҳаракат қилишингизга ва анатомияни тўғирлаш ҳақида қайғуришингизга ҳожат йўқ (1,4 ва 6-нуқталар бундан мустасно).
Башорат
Умуман олиб қараганда, ўткир битишмали ингичка ичак тутилиши билан оғриган беморларнинг тахминан ярми операциясиз даволанади. Битишмали ичак тутилиши боис бир марта операция ўтказган беморларнинг тахминан учдан бирида кейинги 30 йил ичида қайталаниш қайд этилади. Битишмали ИИТ билан бир неча бор ётқизилган беморларда қайталаниш хавфи ҳар бир хуруждан сўнг ошиб боради; тўрт марта ва ундан ортиқ хуруж юз берган беморларнинг учдан икки қисмидан ортиғида келажакда яна қайталаниш кузатилади. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, охирги хуруж вақтида операция қилинган беморларда қайталаниш хавфи нисбатан кам бўлади, аммо бу дегани охирги хуружи консерватив равишда даволанган беморларнинг бўлғуси хуружларини камайтириш учун уларни кейинги сафар операция қилиш керак, дегани эмас. Ингичка ичак тутилишидаги асосий ёрдам – фақат зарурат бўлгандагина операция қилиш, аммо бу зарур операцияни кечиктирмаслик.
Ингичка ичак тутилишида фақат бир нарсани олдиндан айтиб бериш мумкин – бу ушбу касалликда ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмасликдир
Do'stlaringiz bilan baham: |