20.2. Ўзбекистонда халқаро туризм ривожланишининг иқтисодий асослари
Республикада халқаро туризмни янги босқичга кўтариш ва самара билан фаолият кўрсатишга мос келадиган янги шароит ва механизм вужудга келди. Ўзбекистон тарихида ва айниқса бу ўлкада туризм ривожланиши тарихида «Буюк Ипак йўли»нинг тутган ўрни ва моҳияти ниҳоятда чексиз1.
Бир неча асрлар давомида заминнинг Ғарб ва Шарқида истиқомат қилган халқларни Жануби-шарқий Осиёдан Ўрта ер денгизи мамлакатларигача чўзилган ва «Буюк Ипак йўли» деб ном олган савдо-сотиқ йўли бир-бири билан боғлаб турар эди. Бу йўлга «Ипак йўли» деб ном берилишининг асосий сабаби бу ердан ташиладиган маҳсулотлар ипак бўлганлигидандир.
Буюк Ипак йўлида Туркистон ҳудуди етакчи ролни бажариб келган, у ҳудуддаги Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Хўжанд, Чоржўй каби қатор шаҳарлар Ипак йўлидаги асосий манзиллар бўлган. Ўзбекистон ўзининг қулай географик ўрни туфайли бу тарихий йўлда марказий ўринни эгаллаган.
Немис олими Рихтгофен ХХ асрга келиб Ипак йўлининг шон-шуҳрати маълум даражада ўз моҳиятини йўқота бошлади деган эди. Эндиликда унинг номи тез-тез тилга олинадиган бўлди ва унинг тарихда тутган ўрни ҳамда аҳамиятини тиклаш, бу йўлда туризмни ривожлантириш каби мақсадларни мўлжаллаб, 1994 йилнинг октябр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва нуфузли ташкилот ЮНЕСКО иштирокида Ўзбекистонда Бутунжаҳон Туризм Ташкилотининг кенгаши бўлиб ўтди ва кенгаш аъзолари Ипак йўли бўйлаб туризм фаолиятини тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган Самарқанд Декларацияси қабул қилинди.
Ўзбекистонда халқаро туризмни янада юқори босқичга кўтаришда 1999 йил 20 августда қабул қилинган «Туризм тўғрисида қонун» алоҳида ўрин тутади. Бу қонун туризмни кучайтириш ва туризмга хизмат қилиши лозим бўлган инфратузилмани вужудга келтириш имконини беради.
Туризмни ривожлантиришга оид Фармон ва қарорларни бажариш ва Республикада туризм тараққиёти учун зарур бўладиган улкан имкониятлардан оқилона фойдалана билиш лозим2.
Бозор иқтисодиёти шароитида ва бозор муносабатлари ривожланиши натижасида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар юзага келаётганлиги, туризмнинг республика иқтисодиётига янада интеграцияланиши мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси чет эллик туристлар эътиборини ўзига тортади. Халқаро туризмни ривожлантиришда Ўзбекистонда мавжуд бўлган сиёсий барқарорлик ҳам муҳим ўрин тутади.
Аммо халқаро туризм тараққиёти даражасини юқори босқичга олиб чиқишда ҳали кўп ислоҳотларни амалга ошириш, кечиктириб бўлмас чораларни белгилаш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |