Ўзбекистонда ер ислоҳоти натижасида қуйидагиларга эришилди:
2004 йилдан бошлаб барча қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ер участкаларидан фойдаланишнинг ижара шакли жорий қилинди;
Хўжалик юритувчи субъектларга ер участкалари фақат туман ҳокими томонидан ижарага берилиши белгилаб қўйилди;
Ер участкалари ижарага 30 йилдан 50 йил муддатгача берилиши қонуний белгилаб қўйилди;
Ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини мерос қилиб қолдириш тизими жорий этилди;
Ўз маблағи ҳисобидан ер майдонларини ўзлаштиришни рағбатлантириш тизими жорий этилди.
Ер ислоҳотларини босқичма-босқич олиб бориш, биринчи навбатда, суғориладиган ерларга тегишлидир. Шу сабабли, ердан фойдаланувчиларни керакли сув билан таъминлаш, ерларни ажратиш механизмини ишлаб чиқиш масаласи юзага келади. Аввал сув хўжалиги корхоналари бюджет томонидан молиялаштирилган бўлса, энди бозор муносабатлари шароитида сув узатиш ва гидромелиоратив тизимларга техник хизмат кўрсатиш учун пул тўлаш керак бўлади. Ер муносабатларини ислоҳ қлиш, ўз навбатида, сув хужалиги тизимида ҳам ислоҳотлар утказиш зарурлигини юзага келтирди.
Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш ислоҳоти натижасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди:
Республика бўйича 10 та ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва битта Фарғона водийси бўйича бирлаштирилган диспетчерлик Марказига эга бўлган магистрал каналлари тизими бошқармаси ташкил этилди;
Фермер хўжаликларига сувдан фойдаланишни самарали йўлга қўйиш ва бу борада хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ташкил этилди;
Молия вазирлиги тасарруфида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив холатларини яхшилаш бўйича алоҳида махсус жамғарма ташкил қилинди. (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 31 октябрдаги 718-сонли қарори. 2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурини амалга ошириш бошланди. Дастур доирасида 2008 йилга 75 млрд сўм ажратилган бўлса, 2012 йилгача 604 млрд 663 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган).
Молия вазирлиги қошида “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси ташкил қилинди (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 266-сонли қарори).
Бизнинг фикримизча, бу жараён куйидаги йўналишларда олиб борилиши керак:
сувдан пулли тартибда фойдаланишни жорий қилиш;
бозор муносабатлари асосида сув хўжалигини бошқариш ва гидромелиоратив тизимлар фаолиятини такомиллаштириш;
ер-сув ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш бўйича ташкилий-хўжалик тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида ривожланаётган хўжалик юритиш ва мулкчилик шаклларининг хилма-хиллиги, қишлоқ хўжалигидаги товар ишлаб чиқарувчиларини сув билан таъминлаш ва мелиоратив хизмат кўрсатишни таъқидлайдиган янги ташкилий тузилмаларни ташкил қилишни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги" қонунига асосан, сув давлат мулки, умуммиллий бойлиқдир. Ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Сув жамламасига тегишли ерлар, хўжаликлараро иншоотлар ва каналлар, ер ости сувларини чиқарувчи қурилмалар мулкчилик шаклидан қатъий назар, ягона сув хужалиги тизими сифатида ишлатилади ва улар хусусийлаштирилмайди.
Сув ресурсларини ҳимоя қилиш, улардан оқилона фойдаланишнинг ягона сиёсатини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига киради. У вазирликлар, муассасалар ва хуқуқий шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, сув мажмуасини ташкил қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди, сувдан фойдаланиш меъёрларини ва лимитларини тасдиқлайди.
Ўзбекистон шароитида ер муносабатларини такомиллаштиришда ер умуммиллий бойлик эканлигини эътиборга олиш лозим. Ер муносабатлари доирасида белгиланадиган ва жорий этиладиган меъёрий хужжатлар бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш жараёнида ердан фойдаланувчиларнинг мустақил ва эркин хўжалик юритишлари учун кенг имкониятлар яратилиши йўналишига мос равишда такомиллаштирилиб борилиш керак. Қабул қилинган ширкат, фермер ва деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги қонунлар ва "Ер кодекси" да юқорида таъкидлаб ўтилган шартлар тўлиқ ҳисобга олинган.
Фермер хўжаликларининг ташкил этилиши жараёнини таҳлил қилар эканмиз, шуни таъкидлаш лозимки, 1992-1998 йиллар мобайнида фермер хўжаликлари икки тоифага: мустақил ва ички деҳқон ва фермер хўжаликларига бўлинган ҳолда ўрганиб келинди.
Фақат 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XI сессиясида "Деҳқон хўжалиги тўғрисида" ги ва "Фермер хужалиги тўғрисида"ги қонунларнинг Қабул қилиниши бу масалага аниқлик киритди. Бугунги кунда хўжалик юритишнинг ҳар иккала шакли ҳам ҳуқуқий шахс мақомига эга бўлиб, тўлақонли бозор субъекти сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" ги Фармонига мувофиқ, фермер хўжаликлари тузиш ва улар фаолиятини ташкил этишнинг чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Аграр соҳада истиқболда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси хукумати иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Қишлоқ хўжалигини 2007-2011 йилларда худудий ривожлантиришни комплекс стратегиясини шакллантириш бўйича давлат дастури" ни қабул қилди. Бу қабул қилинган давлат дастурида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Дастурда қишлоқ хўжалигини 2007-2011 йилларда барқарор ривожланиши учун қуйидаги йўналишларда ислоҳотларни изчил амалга ошириш режалаштирилган.
аграр соҳада мулк ва хўжалик юритиш шаклларини янада ривожлантириш;
ер ресурсларидан самарали фойдаланиш;
сув таъминоти тизимларини такомилаштириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш;
деҳқончилик экинлари таркибини такомиллаштириш, унинг ҳосилдорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш;