2-мавзу. Тезкор-қидирув фаолияти ва терроризмга қарши курашнинг асосий вазифалари.
1-савол. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси
Тезкор-қидирув фаолияти “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун билан махсус ваколат берилган давлат органларининг тезкор бўлинмалари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш орқали амалга ошириладиган фаолият туридир.
Тезкор-қидирув фаолияти давлат томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг тури ҳисобланади. Бу шу билан боғлиқки, ушбу фаолият давлат томонидан қонунда белгилаб қўйилган ва рухсат этилган, давлат номидан фаолият кўрсатувчи махсус субъектлар доираси билан чекланган, давлат белгилаган ва чегаралаган тартибда ва доирада амалга оширилади, давлат томонидан назорат қилинади, ҳуқуқни ҳамда махсус восита ва усуллар билан таъминлаш ва ҳимоялашга қаратилгандир. Ўта оғир турдаги қасддан одам ўлдириш жиноятини қисқа муддатда ва тўлиқ очиш, унинг олдини олиш, жиноят содир этиб яширинган жиноятчиларни қидириб топиш, жиноятларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ички ишлар органлари тезкор бўлинмалари вазифаларининг асосий омилларидан биридир.
Тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларига жиноятчиликка қарши кураш мақсадига эришиш йўлидаги муайян босқич сифатида қараш лозим. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонуннинг 4-моддасида тезкор-қидирув фаолияти вазифаларининг мажмуи ифодаланган бўлиб, улар ўзига хослиги туфайли ушбу фаолиятни давлат органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа турларидан ажратиб туради.
Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш;
жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор шахсларни аниқлаш ҳамда топиш;
суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахсларни, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларни қидиришни амалга ошириш, шунингдек таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш;
шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солаётган шахслар, ҳодисалар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида ахборот тўплаш.
Тезкор-қидирув фаолиятининг мазкур вазифалари умумий хусусиятга эга бўлиб, тезкор-қидирув фаолиятининг айрим субъектлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқлаштирилади.
Қонун чиқарувчи орган «Тезкор-қидирув фаолияти» тўғрисидаги қонуннинг 4-моддаси матнида тезкор-қидирув фаолиятининг барча вазифаларини тўртта асосий гуруҳга ажратган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз амалга ошириш усулларига эга.
Биринчи гуруҳга инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш киради. Қолган гуруҳларга тегишлиси тезкор-қидирув фаолиятнинг жиноятчиликка қарши курашишдаги вазифалари ҳисобланади.
Шундай қилиб, «Тезкор-қидирув фаолияти» тўғрисидаги қонунда инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатларига устунлик берилади. Шахснинг жиноий тажовузлардан ҳимоясини таъминлаш тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифаларидан бирини амалга ошириш бўлиб, инсон ҳаёти ва соғлиғи, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига қарши ҳар қандай жиноятлар содир этилишига тўсқинлик қиладиган ҳамда бошқа ҳуқуқбузарлар томонидан шахснинг дахлсизлигига тажовуз қилинмаслиги таъминловчи шарт-шароитларни яратишни тақозо этади.
Мулкни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш эса тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаси сифатида мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек мулкка қарши жиноий тажовуз натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш учун шароитлар яратишни тақозо этади. Бунда мулк шакли, яъни у юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки эканлиги муҳим эмас. Чунки тезкор-қидирув фаолияти ҳар қандай мулкни ҳимоя қилишга бир хил даражада хизмат қилади.
Шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаси сифатида шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиниши таъминланишини тақозо этади. Хавфсизликнинг асосий объектларига шахс ва жамиятнинг моддий ва маънавий қадриятлари, шунингдек, давлатнинг конституциявий тузими, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги киради.
2-савол. Жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор шахсларни аниқлаш ҳамда топиш вазифаси
Жиноятларнинг олдини олиш вазифаси умумий, махсус, якка, виктимологик профилактика сингари хусусий даражадаги тўртта вазифадан ташкил топади1.
Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунига мувофиқ умумий профилактика жиноятларнинг аниқ сабаблари ва содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат (3‑боб). Махсус профилактика айрим турдаги жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш, айрим тоифадаги шахсларни аниқлаш ва уларга профилактик таъсир кўрсатиш (4‑боб)га қаратилган махсус чоралар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини назарда тутади. Якка профилактика ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишдир (5‑боб). Виктимологик профилактика эса муайян шахсда ҳуқуқбузарликдан жабрланиш хавфини пасайтиришга қаратилган профилактик чоралар қўлланишида ўз ифодасини топади (6‑боб).
Жиноятларнинг олдини олиш вазифасининг бажарилиши тезкор-қидирув фаолиятининг бошқа вазифаларига нисбатан устун эканлигини эътироф этиш лозим. Чунки бу масала ҳал бўлса, бошқалари, яъни жиноятга барҳам бериш, фош этиш зарурати ўз-ўзидан йўқолади.
Жиноятларнинг олдини олиш вазифасини бажаришга қаратилган чоралар тизимини тезкор-қидирув профилактикаси деб номланадиган алоҳида тезкор-қидирув фаолиятининг ташкилий-тактик шакли сифатида ажратиш мумкин.
Жиноятларни аниқлаш, тезкор-қидирув фаолиятининг мустақил вазифаси сифатида, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий каналлар орқали ахборот келиб тушмайдиган яширин (латент) жиноятлар содир этилганлиги фактларини аниқлашни тақозо этади. Криминологларнинг фикрича, латент жиноятчилик ҳажми расмий қайд этилган жиноятларга қараганда бир неча баравар каттадир. Жиноятларнинг жуда кўпчилиги жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ёрдам сўраб мурожаат этмасликлари сабабли яширин ҳолда қолади. Латент жиноятчиликнинг бошқа бир таркибий қисмини айрим фуқароларга эмас, балки жамият, давлат манфаатларига зарар етказувчи қилмишлар ташкил этади. Уларга, аввало, наркотик воситалар, қурол-яроғлар, портловчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаладан бўлиши, иқтисодиёт асосларига қарши кўплаб жиноятлар, фирибгарликнинг айрим турлари ва бошқалар киради. Латент жиноятчилик барқарор жиноий гуруҳлар шаклланиши ва узоқ вақт мавжуд бўлиши, профессионал жиноятлар сони кўпайишининг шарт-шароитларидан бири ҳисобланади. Тезкор-қидирув фаолияти жараёнида латент жиноятларни аниқлаш вазифаси ўта долзарбдир.
Жиноятларни аниқлаш вазифаси учта таркибий элементни ўз ичига олади. Булар: жиноятлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноий жазоланадиган қилмиш таркибини (жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун) аниқлаш ҳамда жабрланган томонни аниқлашдир. Ушбу вазифа тезкор-қидирув фаолиятининг ташкилий-тактик шаклларидан бири бўлган тезкор изловни амалга ошириш орқали бажарилади. Ушбу жараёнда жиноий фаолият белгилари ва унга алоқадор шахслар ҳақидаги дастлабки тезкор-қидирув ахбороти ташаббус асосида тўпланади.
Жиноятларга барҳам бериш шахсни бошлаган жиноятини тугаллашнинг амалдаги имкониятидан, уни охирига етказишдан маҳрум этиш, зарарли оқибатларга йўл қўймасликни билдиради. Жиноятларга барҳам бериш вазифасининг тезкор-қидирув фаолиятида бажарилиши, одатда, шахсни ғайриқонуний қилмишни тайёрлаш ёки бунга суиқасд қилиш устида ушлаш билан боғлиқ. Жиноятларга барҳам беришдан аввал кўпинча уни режалаштираётган ёки унга тайёргарлик кўраётган шахсни аниқлаш вазифасини бажариш келади ва бу вазифа, аввалдан режалаштирилган қилмишнинг олдини олиш имкони бўлмаган тақдирда амалга оширилади.
Жиноятларни фош этиш ўз ичига жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда далилий аҳамиятга эга маълумотларни тўплаш орқали уларни жиноий жавобгарликка тортиш имкониятини таъминлаш чора-тадбирлари тизимини қамраб олади. Бундай вазифани бажариш зарурати гувоҳсиз жиноятларнинг содир этилиши ҳолатларида юзага келадики, бунда жабрланувчи томон ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига айбдорнинг шахси номаълум бўлади.
Жиноятни тайёрлаш ва содир этишга алоқадор шахсларни аниқлаш ва топишни ҳам бунга киритиш мумкинки, бу ҳам тезкор-қидирув фаолияти вазифасининг таркибий қисми ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, ушбу жараён жиноятларни фош этиш вазифасини амалга оширишнинг таркибий қисмидир.
Жиноятларни фош этиш вазифаси комплекс хусусиятга эга, чунки уни жиноят-процессуал чораларни қўлламай туриб бажариб бўлмайди. Аниқланган ҳар бир жиноят факти бўйича жиноят иши қўзғатилиши лозим, ҳамда уни очиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари тергов ҳаракатлари билан бир вақтда амалга оширилади.
Ушбу вазифани бажариш самарадорлигини аниқлаш учун очилган жиноят мезонини аниқлаш муҳим. Мавжуд статистик рўйхатга олиш тизими фош этилган жиноятларга юритилиши тугалланган, айбдор шахсларга нисбатан айблов хулосаларини тасдиқлаш учун прокурорга юбориладиган жиноят ишларини киритишга имкон беради.
Суриштирув, тергов органлари ва суддан яшириниб юрган шахсларни, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган, бедарак йўқолган қонунда белгиланган ҳолларда бошқа шахсларни қидириш, тезкор-қидирув фаолияти вазифаси сифатида, комплекс амалга оширилиши қидирилаётган шахслар мавжуд бўлган жойни аниқлаш ва зарурат бўлганида уларнинг ушлашни таъминловчи ташкилий, процессуал, тезкор-қидирув ва бошқа тадбирлар тизимидир.
Суриштирув, тергов органлари ва суддан яшириниб юрган шахслар деганда қаерда эканлиги номаълум бўлган ва уларнинг қидируви юзасидан қарор чиқарилган гумон қилинувчилар, айбланувчилар ва судланувчилар тушунилади. Жиноий жазодан бўйин товлаётган шахслар деганда эса жазони ижро этиш муассасаларидан қочган маҳкумлар, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаганлиги боис қидирув ҳақида қарор чиқарилган маҳкумлар тушунилади.
Бедарак йўқолган шахслар деганда, бирор аниқ сабабсиз қўққисдан йўқолиб қолган, қаерда эканлиги атрофдагиларга маълум бўлмаган шахслар, жумладан, уйдан, мактаб-интернатдан, меҳрибонлик уйларидан кетиб қолган, махсус таълим муассасаларидан қочиб кетган вояга етмаганлар, уйидан ёки тиббий муассасалардан чиқиб кетган руҳий касаллар тушунилади. Яқин қариндошлари билан алоқаси йўқотилган шахслар ҳам қидирув объектларига киритилиши мумкин.
Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонунда назарда тутилган бошқа тоифадаги шахсларга Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинлари, ДХХ Чегара қўшинлари ва Қуролли Кучлари қисмларидан қочган (дизертир) ҳарбий хизматчилар, алимент ундиришга оид ишлар бўйича, соғлиғига зарар ва бошқа шикаст етказилиши сабабли, шунингдек боқувчисининг ҳалокати туфайли етказилган зиённи қоплаш ишлари бўйича қарздор (жавобгарлар), фуқаролардан давлат фойдасига маблағ ундириш бўйича қарздорлар (жавобгарлар) ҳам қидирилиши лозим бўлган шахслар рўйхатига киради ва ҳ.к.
Қидирув иши вазифаларига, юқорида келтирилганлардан ташқари, яна битта муҳим йўналиш, яъни таниб олинмаган мурдалар бўйича фуқароларнинг шахсини аниқлаш ҳам киради.
Тезкор-қидирув фаолиятининг ушбу вазифасини бажариш махсус қидирув бўлинмаларини ташкил этиш орқали таъминланади. Бундай бўлинмалар энг ривожланган кўринишда ички ишлар органларида мавжуд бўлиб, улар қидирувдаги шахсларнинг аксариятини қидириб топадилар.
Тезкор-қидирув фаолиятининг шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи шахслар, ҳодисалар, ҳаракат (ҳаракатсизлик)лар тўғрисидаги маълумотларни тўплашга оид охирги вазифаси ахборот тўплаш бўлиб, бу вазифа тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш ҳамда яширин тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ёрдам берувчи шахслар кўмагидан фойдаланиш орқали ташаббусли тартибда мазкур маълумотларни тўплашни қамраб олади. Шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидлар ҳақидаги ахборотни олиш тезкор-қидирув фаолияти мақсадларидан бири бўлмиш бундай хавфсизликни таъминлашнинг мажбурий элементи ҳисобланади.
Мазкур вазифанинг амалга оширилишига, асосан, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши тайёрланаётган ва содир этилаётган жиноятларни (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг VIII-боби), Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятларни (ЖК IX-боби), иқтисодиёт асосларига қарши жиноятларни (ЖК XII-боби), экологик жиноятларни (ЖК XIV-боби), жамият хавфсизлигига қарши жиноятларни (ЖК XVII-боби) аниқлаш орқали эришилади.
Тезкор-қидирув фаолияти вазифалари ва уларни амалга ошириш усуллари ушбу фаолиятнинг жиноятчиликка қарши кураш бўйича давлат чоралари тизимидаги ўрнини белгилаб беради. Тезкор бўлинмалар иштирокида амалга ошириладиган жиноятчиликка қарши замонавий курашни фақат жиноий кўринишларнинг олдини олиш ва уларни фош этишга қаратилган аниқ тадбирлар мажмуи сифатида тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу жараён барча давлат органлари томонидан амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маъмурий ва бошқа чораларнинг мураккаб мажмуидир.
3-савол. Суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахсларни, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларни қидиришни амалга ошириш, шунингдек таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш вазифаси
Қидирув иши – бу халқаро ва миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган, яширинган жиноятчилар, бедарак йўқолганлар ва бошқа тоифадаги қидирилаётган шахслар мавжуд бўлган жойларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўриш, таниб олинмаган мурдалар ва ўзи ҳақида маълумот бера олмайдиган фуқароларнинг шахсларини аниқлаш, шунингдек, ушбу йўналишда профилактикани амалга оширишга йўналтирилган, ваколатли субъектлар томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган ташкилий, процессуал, криминалистик, тезкор-қидирув ва бошқа махсус тадбирларнинг комплекс тизимидир.Ички ишлар органлари қидирув ишининг вазифалари қуйидагича:
- тергов органлари ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа тоифадаги шахсларни қидириш;
- таниб олинмаган мурдалар ва соғлиги ёки ёши туфайли ўзи ҳақида маълумот бера олмайдиган фуқароларнинг шахсларини аниқлаш;
- шахсларнинг тергов органлари ва суддан яшириниши, жиноий жазодан, мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаши, фуқароларнинг бедарак йўқолиши, шунингдек, қидирилаётган шахсларнинг хизмат ҳудудида узоқ муддат яшириниб (яшаб) юришларининг сабаб ва шароитларини аниқлаш, ўрганиш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриш.Қидирув ишининг ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуни, мазкур Йўриқнома, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро-ҳуқуқий шартномалар ва келишувлар ташкил этади.Агар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро келишув ва шартномаларда миллий қонунчиликда кўзда тутилган нормалардан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг қоидалари қўлланилади. Қидирув иши қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, конспирация, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлиги принципларига асосланади.
Қонунийлик принципи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига оғишмай ва аниқ риоя этишда, тезкор-қидирув фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу фаолиятни амалга оширувчи барча органлар мансабдор шахслари томонидан бажарилишида намоён бўлади.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги принципи қидирув ишни амалга оширувчи органларининг ходимлари тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши шартлигида намоён бўлади.
Конспирация принципи қидирув ишини амалга ошириш жараёнида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказишнинг, тезкор-қидирув хусусиятига эга ахборотни олиш, расмийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг, шунингдек, тезкор-хизмат хусусиятига эга ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларининг алоҳида тартиби белгиланган ҳолда амалга оширилишини белгилайди.
Қидирув ишини амалга ошириш жараёнида тезкор бўлинмалар ошкора ва ноошкора усуллардан фойдаланади, бундай усулларнинг алоҳида хусусияти ушбу фаолиятнинг шарт-шароитлари билан белгиланади.
Қидирув тизими амалга ошириладиган ҳудудига кўра маҳаллий, давлатлараро ва халқаро қидирувга бўлинади.
Маҳаллий қидирув – қидирувдаги шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши мумкин бўлган манзилларини аниқлаш мақсадида қидирув ташаббускори ёки унинг топшириғига асосан бошқа ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган қидирув тадбирлари комплексидир.
Давлатлараро қидирув – ички ишлар органлари томонидан миллий қонунчилик ва халқаро келишувлар асосида Давлатлараро ахборот банкидан фойдаланган ҳолда қидирувдагиларни аниқлашга ва уларга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга қаратилган тезкор-қидирув, ахборот-таҳлилий ва бошқа тадбирлар комплексидир.
Халқаро қидирув – Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан, қидирув ташаббускори ҳисобланган давлат ҳудудидан ташқарида яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни Интерполнинг Миллий бюролари ёрдамида қидириб топишга қаратилган тезкор-қидирув ва ахборот-маълумот тадбирлари комплексидир.
Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш хизмати, тергов хизмати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хизмати, жазони ижро этиш муассасалари, қоровул қўшинлари, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари ҳамда ахборот марказларининг бўлинмалари ички ишлар органларида қидирув ишини ташкил этадиган субъектлар ҳисобланади.
Қидирув иши прокуратура, суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари билан узвий ҳамкорликда амалга оширилади.
Ички ишлар органларининг қидирув ишида қонунийликка амал қилиниши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан назорат қилинади.
Жиноят қидирув бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларифаолият йўналиши бўйича қидирув ишининг объектларини қуйидагилар ташкил этади:
- тергов органлари ва суддан яшириниб юрган шахслар;
- жазони ижро этиш муассасаларидан (кейинги матнларда – ЖИЭМ) қочган, манзил-колониялар ёки маъмурият томонидан белгилаб берилган жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумлар;
- тергов ҳибсхоналаридан, қоровул қўшинлари соқчилари қўл остидан қочган қамоққа олинган шахслар;
- вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ёхуд конвой ёки соқчилар қўл остидан қочган маҳбуслар ва маҳкумлар;
- махсус руҳий касалхоналардан қочган маҳкумлар ва айбланувчилар;
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ИИВ Қоровул Қўшинлари ҳарбий қисмларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган ҳарбий хизматчилар;
- озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазоларни ўташдан бўйин товлаётган маҳкумлар;
- суд қарорига кўра мажбурий даволанишда бўлган ва у ердан қочган шахслар;
- махсус ўқув-тарбия муассасаларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган ўсмирлар;
- бедарак йўқолган шахслар;
- таниб олинмаган мурдалар (жиноят аломатлари бўлмаган ҳолда);
- соғлиги ёки ёши туфайли ўзи ҳақида маълумот бера олмайдиган бемор ва вояга етмаганлар.
Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари қидирув ишининг объектларига қуйидагилар киради:
- алимент тўловлари, майиблик ёки соғлиққа етказилган жароҳат, ҳамда боқувчисининг ўлими туфайли етказилган зарар ишлари бўйича қарздор (жавобгар)лар;
- фуқаролардан давлат муассасалари, хўжалик субъектлари ва жамоат ташкилотлари фойдасига ундириладиган ишлар бўйича қарздор (жавобгар)лар;
- олиб қўйилиши лозим бўлган болалар;
- қариндошлари билан алоқасини йўқотган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган ёки ички ишлар органлари ҳисобидан ўтишдан бўйин товлаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 225-моддасига мувофиқ).
Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш муассасалари ва қоровул қўшинлари қидирув ишининг объектлари, ушбу хизматларга бириктирилган жой (объект)лардан қочган шахслардир.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш муассасалари ва қоровул қўшинлари уларга берилган ваколат доирасида маҳаллий қидирувни амалга оширадилар.
Қидирув ва маълумот маркази қидирув ишининг объектлари миллатлараро тўқнашувлар, табиий офатлар, ҳалокатлар ва фавқулодда ҳодисалар туфайли қариндошлари билан алоқани йўқотган шахслар ҳисобланади. Қидирув ва Ахборот Марказининг қидирув иши қочоқлар ва мажбурий кўчирилганларни бирлаштириш ҳамда вафот этганларнинг дафн этилган жойларини аниқлашдан иборат.
Қидирув иши ташкил этилади:
- шаҳар (туман) ички ишлар бўлим (бошқарма)лари томонидан – хизмат кўрсатиш ҳудудларида;
- Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри ҳудудида тегишлилиги бўйича;
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан – бутун республика ҳудудида.
Шаҳар, туман ва транспорт ички ишлар органларида қидирув ишига бўлим (бошқарма) бошлиқлари ёки уларнинг биринчи ўринборсарлари, жазони ижро этиш муассасаларида – муассаса бошлиқлари; қоровул қўшинларида – қисм командирлари раҳбарлик қиладилар. Уларга қуйидаги вазифалар юклатилган:
- шахсга нисбатан ўз вақтида қидирув эълон қилинишини, қидирув йиғма жилди юритилишини, қидирув топшириқларининг бажарилишини ва шахсий таркиб томонидан қидирув ишининг самарали амалга оширилишини назорат қилиш;
- қидирув ишини амалга оширишда шаҳар, туман, транспорт ички ишлар органлари барча соҳавий хизматларининг ҳамкорлигини ташкил этиш;
- «СИРЕНА» режасида белгиланган тадбирларни ташкил этиш;
- қидирув ишининг аҳволини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш чораларини кўриш;
- манфаатдор хизматлар билан биргаликда шахсларнинг суриштирув, тергов органларидан, суддан, жазони ўташдан, қарздорлар ва жавобгар шахсларнинг етказилган зарарни қоплашдан, алимент тўлашдан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишдан бош тортишларига, фуқароларнинг бедарак йўқолишига, шунингдек, қидирувдаги шахсларнинг хизмат ҳудудида узоқ муддат мобайнида яшириниб (яшаб) юришларига имкон берган сабаб ва шароитларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш.
ИИВ-ИИББ-ВИИБ-ТИИБларида қидирув ишини бевосита ташкил этишни мувофиқлаштириш Жиноят қидирув бош бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларининг қидирув бўлинмалари, жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари, қоровул қўшинлари бирлашмалари ва қисмлари командирлари томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |