Бу карталар йиғиндиси „Маъмун дунё картаси" номи билан ҳам юритилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, уни тузиш ишлари 840-йилларга яқин тугалланган бўлса керак.
Хоразмийнинг мазкур карталар муносабати билан ёзилган „Суратал-арз" китоби ўз даврида жуда машҳур бўлган, ундан ҳамма билимдонлар фойдаланишган „Хоразмий географияси" номи билан машҳур бўлган таълимот олимнинг айни шу асарига асосланган.
Китобнинг тахминий мазмуни қуйидагича: китоб бир неча ўнлаб карталар ва уларга берилган изоҳномалардан иборат бўлган Шуларнинг ҳаммаси “Китобул сурат ал-арз” деб аталган “Арз” сўзи ер, дунё маъносида, “сурат” - умумий қиёфа, кўриниш маъносини англатса ҳам, кўпинча “география” сўзи ўрнида ишлатилган, шунинг учун китобнинг номи “Ернинг сурати” ёки “География” деб таржима қилинган. Китобнинг иккинчи номи: “Китоби расм ар-руб ал-маъмур” (“Маъмуранинг расми”, “Аҳоли яшайдиган чорак расми”.
Бу асарнинг фақат бир нусхаси топилган, унинг ҳам кўп бетлари йўқолиб кетган экан. Қўлёзма 1878 йилда Қоҳирада топилган, бир неча йилдан сўнг Страсбург шаҳридаги кутубхонага ўтиб қолган. Изоҳномалар тўла сақланган. Изоҳлар асосан зиж тарзида, яъни рақамлар жадвали тарзида ёзилган. Ҳар саҳифада икки қатор жадвал берилиб, унда дунёнинг турли минтақалари иқлимлар бўйича жойлаштирилган ва координаталари кўрсатилган. Жами 537 та энг муҳим жойнинг номи, ғарбдан шарққа қараб кетма-кет ёзилган. Аввало шаҳарлар бирма-бир айтиб ўтилган, сўнгра тоғлар (203 ном) денгизлар ва оролларнинг номлари, энг охирида дарёлар алоҳида-алоҳида ёзилган2.
Жайҳоний. Х асрда Бухоро сомонийлар давлатининг пойтахти эди. 914 йили ҳоким Аҳмад ибн Исмоилнинг вафотидан сўнг унинг гўдак ўғли шаҳзода Наср ибн Аҳмад тахтга ўтирди, аммо давлатни бошқаришга ёшлик қилганидан бутун ишни улуғ вазир,айни вақтда буюк географ Абу Абдулла Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Жайҳоний бажарди.
Жайҳоний IХ аср охирида (870 йилларда) туғилган. 914 йилдан умрининг охири — 942 йилгача вазирлик қилган. Фанимиз тарихида–чуқур из қолдирган бу ажойиб сиймо ўзининг юксак лавозимидан илм-фан манфаатлари учун фойдалана билган, хусусан, географик машғулотларга ва саёҳатларга ҳомийлик қилган: машҳур Абу Зайд Балхийни қўллаб-қувватлаган, Арабистондан Бухорога келиб қолган ва шу ерда хизмат қилган географ ва шоир Абу Дулафни Хитой, Тибет. Ҳиндистонга саёҳатга йўллаган, сайёҳ ибн Фадлонни 921 йил сентябрда Бухорода меҳмон қилган (ибн Фадлон Х аср араб сайёҳи бўлиб, Бағдоддан эрон-Бухоро-Хоразм-Урал орқали Волгагача етиб борган).
Жайҳоний фаннинг бир қанча соҳасига оид асарлар яратган, жумладан, дунё географиясидан тахминан 907-922 йиллар оралиғида катта ҳажмли асар ёзган. Араб географи Муқаддасий(947-1000 йиллар) кутубхонада Жайҳонийнинг етти жилдлик география китобини кўрганлигини эътироф этган. Бу китобнинг „Китоб ал-масолик вал-мамолик" („Масофалар ва мамлакатлар китоби") деб аталганлиги Абу Райҳон Берунийнинг „Осори боқия" асарида айтиб кетилган. Унинг „Китоб ал-масолик фи маърифат ал-мамолик " („Мамлакатларни билишда масофалар китоби") деб аталганлиги ҳам бизга маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |