Кузатиш формуляри – бу берилган саволларга олинган жавоблар тўлдирилган ҳужжат. У икки хил бўлади: а) алоҳида шаклдаги формуляр. Унга тижорат корхонасининг йиллик ҳисоботини мисол келтириш мумкин. б) рўйхат шаклидаги формуляр. Унда битта емас, балки бир нечта ҳисоб бирликлари ҳақида маълумот келтирилади.
Йўриқнома - бу статистик кузатиш дастуридаги барча саволларга тўғри, аниқ ва бир хилда жавоб қайтаришни таъминлайдиган кўрсатмалар, тушунтириш ва талқинлар тўплами. Йўриқномада ҳар савол ва унга бериладиган жавоб турли вариантларда талқин қилинади. Саволлар бўлмаса маълумотларни қаердан ва кимдан олиш, кузатиш объекти ва бирлиги, кузатиш муддати, кузатиш материалларини расмийлаштириш тартиби, топшириш ва жўнатиш муддати, кўрсаткичларни ҳисоблашни ягона технологияси ва бошқа масалалар батафсил ёритилади.
Статистик кузатишнинг ташкилий масалалари қуйидагиларни ўз ичига олади: кузатиш органи; кузатиш вақти ва муддати; кузатиш жойи; бошқа ташкилий масалалар.
Кузатиш органи - бу ҳар қандай статистик кузатишни бевосита ташкил қиладиган ва ўтказадиган ташкилотдир. Аҳоли рўйхатини ўтказишда, собиқ иттифоқ пайтида, фақатгина Марказий статистика бошқармаси (МСБ) кузатиш органи бўлиб ҳисобланарди. Кузатиш органи бўлиш учун (кузатиш ўтказишдан олдин, кузатиш пайтида ва ундан кейин) жуда катта жавобгарликни бўйнига ола оладиган ва шу ишни ками- кўсциз бажаришга қурби етадиган ташкилот бўлиши керак. Бу жавобгарлик ўта муҳим ва бошқалардан фарқ қилади. Масалан, аҳоли рўйхатини ўтказиш органи бўлган ташкилот ишига шу мамлакатнинг халқи, ҳукумати ва бир қанча нуфузли халқаро ташкилотлар баҳо беради.
Кузатиш вақти ва муддати - деганда статистик кузатиш қачон (қайси вақтда) ва неча кунда амалга оширилиши тушунилади. Кузатиш вақтини танлаш муҳим масала. Одатда, аҳоли рўйхатини ўтказиш учун қиш пайти танланади (охирги яъни, 1989 йилги аҳоли рўйхати 12-19 январ кунлари ўтказилган), чунки бу пайтда аҳолини ҳаракати енг пастдир.
Критик фурсат (момент) - бу ҳодиса ва воқеаларнинг маълум бир нуқтага бўлган ҳолатидир. Аҳоли рўйхати ўтказилган 8 кун ичида қанча ўзгаришлар бўлади: бир томондан туғилиш, иккинчи томондан ўлиш, кўчиб келиш ва кетиш. Шунинг учун ҳам, критик пайт (момент) белгиланиб, фақат ўша моментга бўлган аҳоли сони аниқланади. Шу пайтгача бўлган аҳоли сонини фотосуратга олинади десак ҳам хато қилмаймиз. 1989 йилги аҳоли рўйхатида 11 январдан 12 январга ўтар кечаси соат 2400 кузатишнинг критик пайти деб белгиланган еди. Бу дегани, кечаси соат 23 дан 59 минут ўтганда ўлган одамга ва соат 00дан бир секунд кейин туғилган болага рўйхат варақаси тўлдирилмайди, агарда тескариси бўлганда еди иккаласига ҳам рўйхат варақаси тўлдирган бўлар едик.
Кузатиш қаерда ўтказилса ўша жой кузатиш жойи дейилади.
Статистик кузатиш натижалари уни ўтказишга қандай тайёргарлик кўрилганлигига боғлиқ. Тайёргарлик ишлари статистик кузатиш ўтказишни еълон қилишдан бошланади. Биринчи навбатда рўйхатни аниқлаш, сўров варақасини тузиш, кузатиш ўтказувчиларни танлаш ва тайёрлаш турли-туман йўриқномаларни тайёрлаш ва чоп етиш, шундай статистик кузатиш ўтказишни зарурлиги ва моҳиятини халқга оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш керак. Бу ишларни қанчалик юқори даражада ташкил қилсак кузатиш натижалари шунчалик юқори ва ишончли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |