Дастлабки босқичдаги миллий иқтисодий сиёсатнинг устувор мақсадлари ва асосий йўналишлари.
Иқтисодий ислоҳотлар биринчи босқичи (1992-1994 йиллар)нинг вазифалари сифатида мустақил давлатнинг амал қилишини таъминловчи инфратузилмани яратиш, бозор иқтисодиётига ўтишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш, нархларни эркинлаштириш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, инфлясияга қарши курашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ҳисобланар эди.
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти Ўзбекистон давлат суверенитетининг иқтисодий асоси бўлиб қолди. Бу йўлни шакллантириш учун иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилишга киришилди. Аввало, иқтисодий ислоҳотларнинг қўйидаги стратегик мақсадлари белгилаб олинди:
ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини босқичма-босқич шакллантириш, миллий бойликларнинг ўсишини, кишилар турмуши ва фаолияти учун муносиб шароитни таъминлайдиган кучли ва мунтазам ривожланиб борувчи иқтисодий тизим яратиш;
кўп укладли иқтисодиётни яратиш, кишининг мулкдан бегоналашувини бартараф этиш, ташаббускорлик ва тадбиркорликнинг ҳар тарафлама ўсиши учун асос бўладиган хусусий мулкчиликнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
корхоналар ва фуқароларга кенг иқтисодий эркинликлар бериш, уларнинг хўжалик ишларига давлатнинг тўғридан-тўғри аралашувидан воз кечиш, иқтисодиётни бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулларини йўқ қилиш, иқтисодий воситалар ва рағбатлантиришларни кенг қўллаш;
моддий, табиий ва меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланишни, рақобатбардош тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жаҳон иқтисодиёт тизимига кириб боришни таъминлайдиган чуқур иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш;
иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришлар қилиш ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш;
жаҳон иқтисодий тизимига қўшилиб бориш;
кишиларда янгича иқтисодий тафаккурни шакллантириш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, ҳар бир кишига ўз меҳнатини қўллаш соҳалари ва шаклларини ўзи мустақил белгилаб олиши учун имконият яратиш.
Стратегик мақсадлар асосида иқтисодий ислоҳотларнинг асосий ва муҳим томонлари аниқ белгилаб олинди. Энг аввало, бирмунча ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни яқин вақтлар ичида ҳал этишга ёрдам берадиган асосий тармоқларни ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар қуйидаги йўналишларда амалга оширилди:
мулкий ислоҳотлар;
институтсионал ва молия-кредит ислоҳотлари;
аграр ислоҳотлар;
ташқи иқтисодий фаолият ислоҳотлари;
ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар.
Бозор иқтисодиёти – жамият тараққаётини тезлаштирувчи иқтисодий алоқалар мажмуидир. Тарихан, бозор иқтисодиётига ўтиш энг сўнгги навбатда «сотсиалистик» мамлакатлар ўтмоқда. Халқаро тажрибада бозор иқисодиётига ўтишнинг бир қанча моделлари мавжуд бўлиб, уларни умумлаштириб, бозор иқтисодибтига ўтишнинг уч турга ёки моделга бўлишимиз мумкин:
1. Ғарбий эвропа мамлакатлари ва бошқа ривожланган мамлакатлар йўли.
2. Мустамлакачиликдан озод бўлиб, мустақил тараққиёт йўлига кириб ривожланаётган Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларининг йўли.
3. Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги мамлакатлари, бошқача айтганда, «сотсиалистик» ривожланиш йўлидан борган ва ҳозирда бозор иқтисодиёти йўлини танлаган мамлакатлар йўли.
Собиқ сотсиалистик мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда давлатлаштирилган, ўта марказлаштирилган ва ягона бир марказдан бошқарилувчи иқтисодиётдан – бозор иқтисодиётига ўтиш зарурлиги қуйидаги босқичларни амалга оширишни тақозо этди:
1. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, яъни уни таъминловчи юридик қонунлар тизимини яратиш.
2. Бозор инфраструктурасини шакллантириш. Бунда бозор иқтисодиётига хос алоқаларни ўрнатишга кўмак берувчи, яъни бозорга хизмат кўрсатувчи соҳаларни, ташкилот, корхона ва муассасаларни яратиш.
3. Мулкчилик ва хўжалик юритиш усулларини хусусийлаштириш.
4. Нархларни эркинлаштириш, нарх устидан давлат назоратини минимал даражага келтириш.
Биринчи Президентимиз ўз раҳбарлик фаолиятини бошлаган пайтда республикадаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг негизида узоқ йиллар давомида ҳукм суриб келган маъмурий-буйруқбозлик тизимининг асоратли таъсири ётади, шунга кўра уларни ҳал этишнинг ягона тўғри йўли – бу иқтисодиётда бозор муносабатларини босқичма-босқич шакллантириб ва ривожлантириб бориш эканини қатъий белгилаб берилди. Жумладан, ушбу жараённинг мақсадга мувофиқ тарзда, самарали ва энг муҳими, аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда амалга ошиши учун қуйидаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратди:
- Ўзбекистон шароитида бозор механизмининг моҳияти ва мазмунига сергаклик билан ва ҳар томонлама реал баҳо бериш, унинг жорий этилишида вужудга келиши мумкин бўлган мураккабликлар ва нохуш оқибатларни кўзда тутиш, ўтиш даври кескинликларини юмшатишга ёрдам берадиган зарур механизмларни олдиндан яратиб қўйиш керак;
- ноннинг чакана нархи, бошқа нархлардан айри ҳолда бир томонлама оширилиши ғалла билан пахта, улардан олинадиган маҳсулотлар нархларининг эквивалентлигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни, кўзда тутилаётган ёқилғи, металл ва техника нархларининг оширилиши эса пахтага ҳақ тўлашни кўпайтириш тартибларини тамомила йўққа чиқаради;
- республика учун катта аҳамият касб этувчи бошланғич шароитларни ҳисобга олиш ва баробарлаштириш масаласига чуқур эътибор қаратиш лозим;
- бозор иқтисодиётига ўтиш консепсияси ҳақидаги СССР ҳукуматининг маърузасида инвеститсияларни қисқартириш масаласининг қўйилиши хато ёндашувдир, чунки ишлаб чиқаришнинг мавжуд техникавий ва структуравий даражасида (бу жиҳатдан илғор мамлакатлар даражасидан 15-20 йил ва ундан кўпроқ орқада қолинган эди) бундай сиёсат баттар қолоқликка олиб боради;
- мақсадли, таркибий сиёсатни, капитал қурилишдаги устун йўналишларни, аввало, тугалланмаган қурилишларни кескин қисқартириш мақсадида тубдан қайта кўриб чиқиш зарур;
- аҳоли ижтимоий ҳимоясининг аниқ ва таъсирчан механизмлари зарур;
- уй-жой қурилишига алоҳида эътибор бериш лозим. Бунда яқин беш йил ичида 67-68 миллион квадрат метр уй-жойни фойдаланишга топшириш, 6 миллиондан зиёдроқ кишининг уй-жой шароитини яхшилаш вазифаси қўйилиши муҳим аҳамият касб этади;
- аҳолига коммунал хизматни кескин яхшилаш, жумладан, аҳолининг марказлаштирилган сув таъминоти даражасини 52 фоиздан 67 фоизга этказиш, Оролбўйи зонасида эса 1995 йилгача бутун аҳолини марказлаштирилган сув таъминотига ўтказиш, қишлоқ аҳоли пунктларини газлаштириш суръатларининг икки баробар ортиши аҳамиятлидир;
- республикадаги ижтимоий ўзгаришларни ҳал этишга бюджет маблағларидан ташқари вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотларнинг ўз ҳиссасини қўшишини таъминлаш керак.
- республикада ўтиш давридаги ресурс ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, айниқса, кам таъминланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясининг ишончли механизми ишлаб чиқилиши;
- республикада мулкчиликнинг қандай шакллари бўлишини аниқлаб олиш;
- айрим давлат мулкидаги ишлаб чиқариш объектларини мулкчилик ва хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига айлантиришни белгилаб олиш;
- истеъмол моллари, халқ ҳунармандчилиги, халқ ижодиёти маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, умумий овқатланиш ва маиший хизмат соҳасидаги ёки ёрдамчи корхоналар, иккиламчи ресурсларни ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлайдиган катта бирлашмаларнинг айрим буюртмаларини бажарадиган корхоналарни кичик хусусий корхоналар кўринишида ташкил этишнинг қонуний тартибини аниқ белгилаб қўйиш;
- йирик ишлаб чиқариш комплекслари, шу жумладан, мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги комплекслар томонидан майда ва ўртача корхоналар, филиаллар ва сехлар ташкил этилишини рағбатлантириш;
- ёрдамчи ишлаб чиқариш бўлинмалари тузилишида уларнинг меҳнат жамоаларини уй-жой ва ижтимоий, маданий, маиший объектлар билан тўла таъминлаш;
- қўшма корхоналар ташкил этиш ишини фаоллаштириш ва бошқалар.
Маълумки, ҳозирда ривожланган мамлакатлар (АҚШ, Япония, Канада, Буюк Британия, Германия, Франсия, Россия)нинг деярли барчаси бозор иқтисодиёти йўлини танлаган бўлиб, шу асосда иқтисодий тараққиётини белгилаб келмоқда. Бозор иқтисодиётига ўтиш ХХ асрга хос бўлган умумжаҳон воқеликдир. Бозор иқтисодиётига ўтиш кишиларнинг хоҳиш-иродаси эмас, балки объектив заруратдир.
Бозор иқтисодиёти деганда, товар-пул муносабатларига асосланган ва уларга хос иқтисодий қонунлар, яъни бозор муносабатлари тамойиллари асосида бошқариладиган иқтисодиёт тушунилади. Бозор иқтисодиёти азалдан мавжуд. У бир неча минг йиллардан бери ривожланиб, турли иқтисодий-ижтимоий тизимлар доирасида сақланиб келади. Бозор иқтисодиётига ўтиш – бу шунчаки мақсад эмас, балки иқтисодда бозор муносабатларини шакллантириш, жамиятни янгилаш йўлидир, яъни иқтисодий фаолият эркинлигига, мулчиликнинг хилма-хиллигига, нарх эркинлигига, рақобат қурашига, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг қарор топишига, даромаднинг чекланмаганлигига эришиш демакдир. Фақат бозор муносабатлари заминидагина ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, кўплаб сифатли маҳсулотлар яратиш, уларга бўлган талабни қондириш, тежамли хўжалик юритиш, тўкинчилик яратиб, халқнинг фаровон турмушини таъминлаш, ҳалол ва самарали меҳнатни қадрлаш, адолат ўрнатиш мумкин.
Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, бозор иқтисодиётига революсион йўл билан, яъни жадал усулда ёки эволюсион йўл билан, яъни босқичма-босқич ўтиш мумкин. Биринчи ҳолда, туб ислоҳотларни ўтказиш, аввалги тизимни ва таркиб топган иқтисодий муносабатларни бирданига ва батамом синдириш талаб этилиб, «карахт қилиб даволаш» усули («шоковая терапия») деб аталади. Эски иқтисодий муносабатларни босқичма-босқич янги бозор муносабатларига айлантира бориб, самарали бозор иқтисодиётини шикастсиз вужудга келтириш мумкин. Ислоҳотлар тажрибаси шуни кўрсатадики, эволюсион йўл камроқ ижтимоий ларзаларга олиб келади, анча изчил ва муқаррардир.
Ўтиш даврида бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг асосий йўналишлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
1) иқтисодиётни эркинлаштириш;
2) иқтисодиётни монополиядан чиқариш ва рақобат муҳитини яратиш;
3) институтсионал ўзгаришларни амалга ошириш;
4) таркибий ўзгаришларни амалга ошириш;
5) макроиқтисодий, асосан, молиявий барқарорлаштириш;
6) аҳолини ижтимоий ҳимоялашнинг бозор хўжалигига мос бўлган тизимини шакллантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |