I-бўлим. Қадимги дунё.
(Мил. авв. 1 миллион йилликдан – милодий III асргача)
I-боб. Қадимги тарих - тараққиётнинг бошланиши.
1-§. Қадимги тузум. Энг қадимги одамлар. Уруғчилик жамияти
Қадимда одамлар яратган кўп нарсалардан бугун ҳам фойдаланаяпмиз, булар: меҳнат қуроллари, сопол буюмлар, ғилдирак, сопол сув қувурлари, газламалар, ёзувлардир. Қадимги замон муаллифлари ёзиб қолдирган асарлар ҳозир ҳам кишиларга сабоқ ва тарбия бермоқда. Олимлар қадимги шаҳарларни топиб, қазишмалардан чарм, сопол, тош, ва тангаларга битилган сирли ёзувларни ўқишди. Булар археологик топилмалардир. Қадимги битикларни ўрганиш билан эпиграфика, тангаларни ўрганиш билан нумизматика фанлари шуғулланади.
Инсоният содда меҳнат қуроллари ясашдан то ҳунармандчилик дурдоналари яратишга қадар, энг оддий уй-жойлар қуришдан то шаҳарлар бунёд этишга қадар узоқ йўлни босиб ўтди. Энг қадимги шаҳарлар, ёзув, давлатлар ташкил топиши ва ривожланиши даврини олимлар цивилизация деб атайдилар. Дастлабки цивилизациялар тарихи Қадимги Шарқда, сўнгра Юнонистондаги Крит оролида бошланган эди, жумладан Ўзбекистон ҳудудида ҳам вужудга келган13.
Қадимги дунё тарихи - ер юзида одам пайдо бўлганидан то милодий 476-йилда Ғарбий Рим империяси қулаганига қадар кечган воқеалардир. Бу тарих турли археологик ва ёзма манбалар асосида ўрганилади. Қадимги дунё тарихи Қадимги Шарқ, Юнонистон ва Рим аъёнлари ва подшоларининг йилномалари, қонунлари ва биографияларида акс эттирилган. Уларда жанглар, ибодатхона, сарой ва қалъалар қурилиши, ҳунармандчилик ва деҳқончилик, ва қадимги фанлар ва санъат ҳақида ҳикоя қилинади.
Олимлар ўқиган қадимги матнлар «Пирамидалар матнлари» ва «Марҳумлар китоби» - мисрликлар тарихи ҳақида, «Ригведа» - ҳиндлар, «Авесто» - Ўрта Осиё халқлари тарихидан ҳикоя қилади. Нил водийсидаги Миср пирамидалари, Дажла ва Фрот оралиғидаги Бобил, Ҳинд водийсидаги Мохенжодаро, Эрондаги Персепол, шунингдек Юнонистон, Рим ва Ўрта Осиёнинг қадимий шаҳарлари бутун жаҳонга машҳур. Тарих кўп нарсаларни ўргатади, шунинг учун уни «Буюк ўқитувчи» деб аташади.
Инсониятнинг қадимги тарихини археолог, антрополог, этнограф олимлар ўрганади. Археологлар - қадимда одамлар яшаган манзилгоҳларда қазишма ишларини амалга оширадилар. Антропологлар - қадимги одамларнинг суяк қолдиқларини текшириб, ташқи қиёфасини тиклайди ва ривожланишини ўрганадилар. Этнографлар - қадимги одамларнинг удумлари, ҳозирда мавжуд қабилалар ва элатларнинг сақлаб қолган хўжалик ва маданий анъаналарини ўрганадилар.
Ўлкамиз энг қадимги тарихининг кенг ўрганилган манбалари - археологлар топган моддий манбалардир. Моддий (ашёвий) манбалар: меҳнат қуроллари, сопол идишлар, қурол-аслаҳалар, зеб-зийнат буюмлари (тақинчоқлар), хуллас қадимда инсон қўли билан яратилган ҳамма нарсалардир. Ёзма манбалар топилиши билан олимларга қадимги мингйилликлар тарихини тиклаш осонлашди.
Ўрта Осиё тарихи бўйича энг қадимги ёзма манба - зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»дир. Унда юртимизнинг қадимги тарихий вилоятлари - Бақтрия, Сўғд, Хоразм аҳолиси маданияти тўғрисида ҳикоя қилинади. Қадимги давр тарихига доир яна бир ёзма манба - Эрондаги Кирмоншоҳ шаҳри яқинида жойлашган Беҳистун қоясиидаги ёзувлардир. Форс шоҳи Доро I буйруғи билан қояга ўйиб ёзилган ёзувларда Хоразм, Сўғд, Бақтрия санаб ўтилади.
Милоддан аввалги (мил. авв.) V асрда қадимги юнон тарихчиси Геродот турли мамлакатларга саёҳат қилиб ёзган, 9 китобдан иборат «Тарих» асарида ўлкамизнинг қадимги аҳолиси тўғрисида маълумот берилади. Мил.ав. I аср охирида қадимги юнон тарихчиси ва географи Страбон «География» асарида Ўрта Осиё халқлари маданияти ҳақида маълумотлар келтиради.
Милодий (мил.) I асрда қадимги Рим тарихчиси Квинт Курсий Руф «Македониялик Александр тарихи» номли асарни ёзиб, македониялик Александрнинг Ўрта Осиёга ҳарбий юришлари ҳақида маълумотлар келтирган. Милодий II асрда юнон тарихчиси Арриан «Александрнинг ҳарбий юришлари» (Александр анабасиси) деган асар ёзган. асарида Ушбу манбалар ва кейинчалик яратилган илмий ишлар туфайли олимлар юртимизнинг қадимги тарихини ўрганишга муваффақ бўлди.
Географик жиҳатдан Ўзбекистон катта ҳудудни эгаллайди. Амударё ва Сирдарё оралиғи, Фарғона, Зарафшон водийлари ва Сурхандарё воҳаси серҳоссиллиги ва илиқ иқлими туфайли қадимда обод бўлган. Қулай географик жойлашувга эга бу замин Шарқ ва Ғарбни боғлаган, бунда қадимги шаҳарлар орқали ўтган Буюк Ипак йўли катта аҳамиятга эга бўлган.
Ўзбекистон кишилик маданияти тарихининг энг қадимги масканларидан бири. Бу ерда маҳаллий аҳоли қадимдан яшаган. Дарё воҳалари бўйлаб савдо йўллари ўтган. Ўтмишда Ўрта Осиённинг қадимги аҳолиси билан Қадимги Шарқ элатлари ўртасида кенг маданий алоқалар бошланган. Археологлар кўҳна қадамжоларни қазиб Ҳиндистон, Эрон ва Месопотамия ҳунармандлари тайёрлаган сопол ва метал идишлар, заргарлик буюмларини топишган.
Do'stlaringiz bilan baham: |