167-модда. Келишув битимининг мазмуни Келишув битими уни ижро этиш муддати ва тартиби кўрсатилган ҳолда тарафлар томонидан келишилган шартларни ўз ичига олиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг ижро этилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд уни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар бўлиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд мазкур масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳал қилади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
11. 394-модда. Даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими Апелляция шикояти (протести) берилгандан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида апелляция инстанцияси судига тақдим этилиши керак.
Агар иш муҳокамаси давомида даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечса, жавобгар билдирилган талабларни тан олса ёки тарафлар келишув битими тузса, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади.
Суд даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга ёки тарафларга бундай процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини тушунтиради.
Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилади ва иш юритишни тугатади.
Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бошқа бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд воз кечишни қабул қилмайди ёхуд тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этади ва ишни апелляция тартибида кўриб чиқади.
12. 242-модда. Давлат бошқаруви органларининг хулосалари Суд томонидан суд процессида иштирок этиш учун жалб қилинган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин хулосаларни ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд, ишда иштирок этувчи шахслар мазкур органларнинг вакилларига саволлар бериши мумкин.