2- Мавзу: Ўзбекистон республикасида юридик хизмат
тизими ва тузилиши
1. Ўзбекистон Республикасида юридик хизмат тизими
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ҳуқуқий ишларни такомиллаштириш мустақил давлатимизда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш вазифаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бу вазифани амалга оширишда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати муҳим рол ўйнайди.
Юридик хизматнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорликка кенг шароит яратиб берилаётганлиги боис йилдан-йилга хўжалик юритувчи субъектлар сони кўпайиб, юридик хизмат фаолият кўрсатадиган объектлар қамрови ҳам ортиб бормоқда. Бу эса юридик хизмат соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг малакасини доимий равишда ошириб боришни ҳамда уларни турли ҳаётий ва ишлаб чиқариш ҳолатларида ҳуқуқий воситалардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни талаб қилади. Шунинг юрисконсульт сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошламоқчи бўлган мутахассислар дастлаб кўплаб қийинчиликлар ва тўсиқларга учрайдилар. Уларни бартараф этишга эса ҳар доим ҳам билим ва тажрибалари етишмайди.
Юрист - юридик маълумотга эга бўлган, юридик билимли, қонунчиликни билувчи, уларни амалий фаолиятда қўллаш кўникмасига эга бўлган шахс.
Юрист касби цивилизация тарихида энг қадимий касблардан бири ҳисобланиб, у ҳуқуқ билан бирга пайдо бўлган ҳамда унинг роли қонунчиликнинг ривожланиши, жамият ҳаётининг ҳуқуқий тартибга солиш аҳамияти кучайиши билан ошиб борган. Ҳуқуқни билиш ва уни қўллай билиш давлатнинг кўп функцияларини амалга ошириш учун муҳим шартга айланди.
Биринчидан, юрист касбининг муҳим ижтимоий роли мавжуд бўлиб, улар шахс манфаатлари, ҳуқуқлари, эркинликлари, мулки, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф тажовузлардан ҳимоя қиладилар. Шунингдек, улар адолат, инсонпарварлик, қонунийлик, ҳуқуқ тартибот учун кураш олиб борадилар. Юристнинг ижтимоий роли айниқса юридик нормаларга риоя қилиш ва бажаришга катта аҳамият бериладиган ҳуқуқий давлатда кучаяди.
Иккинчидан, юристлар нафақат ҳуқуқни қўллашда, балки қонунчиликни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшадилар. Улар қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайдилар ва уларни ваколатли органларга юборадилар, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлайдилар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулоса ва фикрлар берадилар.
Учинчидан, юрист касбига қайси йўналишда фаолият юритилишидан қатъи назар қуйидаги умумий хусусиятлар хосдир: инсонпарварлик ва адолат принципларини чуқур англаб етиш ва уларга риоя қилиш; давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан бевосита ёки билвосита боғлиқлик; психологик-педагогик касбий маҳоратларга таяниш; ижодий-тадқиқотчилик; қарор қабул қилишда мустақиллик; ташкилотчилик; расмийлик.
Мустақил давлатимизда юристлар судларда, прокуратура, ички ишлар, адлия, солиқ, божхона, давлат хавфсизлик ва бошқа давлат органларида, корхоналар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар хизмат курсатадиган юридик марказлар, шу жумладан адвокатурада фаолият юритмоқдалар.
Юристларнинг фаолият доираси фақатгина юридик мутахассисликлар билан чекланиб қолмасдан, балки илмий-педагогик, сиёсий фаолиятда ҳам фаол намоён бўлмоқда. Масалан, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида, парламент палаталари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларида ҳам юристлар фаолият юритиб, мамлакатда амалга оширилаётган демократик инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда самарали иштирок этмоқдалар.
Юрисконсульт – юридик мутахассисликлардан бири бўлиб, у давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар (корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар)да ҳуқуқий ишларни амалга оширувчи юридик хизмат ходими ҳисобланади.
Юридик хизмат ходимларини ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ҳам юридик адабиётларда бир хил – “юрисконсульт” деб номланиши, уларнинг ҳуқуқий мақомини (вазифаси, ҳуқуқи ва жавобгарлиги) аниқ белгиланишини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда юридик техника қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди, шунингдек бу касб эгасини номини давлат тилига нотўғри таржима қилинишини олдини олади ҳамда унинг бошқа юридик мутахассисликлардан (судья, прокурор, адвокат, нотариус) фарқини аниқ акс эттиради.
А.П. Корнеев юрисконсульт – давлат ҳокимияти органлари, корхоналар (концернлар, бирлашмалар), ижтимоий-маданий муассасалар, ташкилотлар ҳуқуқий хизматининг юридик бўлим (бюро)си бошлиғи, бош (катта) юрисконсульти, юрисконсульти лавозимида бўлган ходим, деб таъриф беради.
Юридик энциклопедик луғатларда ҳам юрисконсульт - корхона, муассаса, ташкилотлар ҳуқуқий хизмати ходими - дейилган.
Профессор Ғ. Абдумажидов корхона, муассаса, ташкилот ўзининг доимий ҳуқуқшуносига эга бўлгани унинг қонуний нуқтаи назардан фаолият юритишида нечоғлик фойдали эканлигини таъкидлайди.
Корхоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юридик хизмат унинг энг муҳим хизматларидан бири ҳисобланади ва усиз корхона самарали фаолият юрита олмайди – деб таъкидлайдилар С.М. Айзин ва М.Ю. Тихомиров.
Корхонадаги ҳуқуқий ишлар ўз ичига корхона бошқарув органлари (акциядорлар, иштирокчилар умумий йиғилиши, директорлар кенгаши, бош директор ва ҳоказо) томонидан қабул қилинадиган қарорлар, буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган ҳужжатларга виза қўйиш йўли билан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш; битимларни режалаштиришда иштирок этиш, шартномалар (контрактлар)ни тайёрлаш ва виза қўйиш, талабнома ва даъво аризаларини тақдим этиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда вакиллик қилиш орқали корхонанинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек локал ҳужжатларни тизимлаш бўйича ишларни бажариш ва меҳнат жамоасида ҳуқуқий тарбия ишларида иштирок этиш функцияларини олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |