2. Бошқарув органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг роли Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари юридик хизматини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг юридик хизматлари ташкил этади.
Юридик хизматнинг республика ва маҳаллий давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлари унинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Юридик хизматнинг бу соҳадаги фаолияти қуйидаги функцияларни – ташкилий, назорат, ҳуқуқий тарбия, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва юридик амалиёт бўйича маълумотнома ишларини олиб бориш билан амалга оширилади.
Юридик хизматнинг ташкилий функцияси– қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамда ҳуқуқий ишлар даражасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари юридик хизматининг бу функцияси марказий ёки ишчи аппаратида, шунингдек, бошқарув органи тизимида ёки таркибида бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунчиликни тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилади ва амалга оширилади. Масалан, бирорта йўналиш бўйича Президент фармони, қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинса ва шу норматив-ҳуқуқий ҳужжат муайян вазирликка тегишли бўлса, шу вазирликнинг юридик хизмати уни ижро этиш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирларда иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда кўтарилган масалалар бевосита Адлия вазирлиги томонидан ушбу соҳаси билан боғлиқ бўлганлиги учун уларни ижро этиш юзасидан 2017 йил 28 февралда 2862-сонли “Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби” қарори кабул қилинди. Мазкур Қарор вазирликнинг юридик хизмати томонидан ёки унинг иштирокида ишлаб чиқилган.
Юридик хизматнинг назорат функцияси– у бажарадиган вазифалар ҳажми ва ваколат доираси бўйича асосий функция ҳисобланади. Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши унинг қонунийликни таъминлашга қаратилган фаолиятида мустақиллигини кучайтиришга йўналтирилаётганлигини кўрсатмоқда. Натижада юридик хизмат ходимлари нафақат республика ва маҳаллий давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ёки бошқа мансабдор шахсларга ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар беради, балки қонунчиликка риоя қилиш устидан назорат қилиш функциясини ҳам кенг кўламда амалга оширади.
Юридик хизмат Республика ва маҳаллий давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолиятига тааллуқли бўлган барча қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини, шу жумладан ўзларининг локал ҳужжатлари ижроси устидан назоратни олиб боради.
Юридик хизматни назорат функцияси – ички идоравий назоратнинг таркибий қисми ҳисобланиб, у қуйидаги воситалар орқали амалга оширилади:
-юридик хизмат республика ва маҳаллий давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига имзолаш учун тақдим қилинаётган буйруқлар ва ҳуқуқий мазмундаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини текширади ва уларга виза қўяди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги қонунларга мувофиқлигини юридик хизмат томонидан олдиндан текширилмасдан чиқарилишига йўл қўйилмайди; -Республика ва маҳаллий давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг тизими ёки таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан чиқарилган ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатлар қонунга мувофиқлиги нуқтаи назаридан текширилади ёки ўрганилади. Бунда асосан юридик кучга кирган ҳужжат текширилади ва бундай ҳужжатнинг қонунга зидлиги аниқланса, юридик хизмат томонидан тегишли чоралар кўрилади, яъни тегишли раҳбарга бу ҳақида ахборот берилади; - давлат ва хўжалик бошқаруви органи тизими ва таркибидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқий ишларининг аҳволини текширади. Масалан, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва унинг таркибий бўлинмаларида қонунчиликка риоя қилинишини ўрганиш ва умумлаштириш юридик хизматнинг функциясига киради. Мазкур ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаб, бошқарув органи раҳбарияти ва ҳайъатига киритади.