Муҳаммад Султон қабрининг очилиши
1941 йилнинг 22 июнь, якшанба куни Соҳибқироннинг суюкли набираси Муҳаммад Султоннинг қабрини очишга киришилди. Ўша куни кечқурун экспедиция раҳбари, профессор Т.Н.Қори-Ниёзий йиғилиш ўтказди. Бу йиғилишда Амир Темур, Шоҳруҳ, Улуғбек, Мироншоҳларнинг қабрлари очилганлиги ҳақида тузилган ҳужжатлар ўқиб эшиттирилди ва имзоланди. Йиғилганларга немис-фашист босқичларининг хиёнаткорона уруши ҳақида хабар берилди.
1941 йил 23 июнда ишлар давом эттирилди. Амир Темурнинг суюкли набираси ва валиаҳди бўлмиш, 1403 йили 29 ёшида вафот этган Муҳаммад Султоннинг қабри бобоси қабрининг чап томонида жойлашган. Қабр устида анъанавий ёзувли лавҳа сақланмаган. Қабрнинг ташқи кўриниши ва тузилиши бобосининг қабрига ўхшаш. Лаҳаднинг оғзини ёпиб турган, кўндаланг ўрнатилган тоштахталар кўчириб олингач, ёғоч тобутнинг чириган парчалари, тобут устида олтин иплар билан ёзув битилган чойшаб парчалари учради. Бу чойшаб А.Н.Кононовнинг аниқлашича, барча белгилари билан Амир Темурнинг қабридан топилган чойшабга жуда ўхшайди. Тобутнинг тахталарида занглаб кетган темир михлар сақланган, қопқоғи чириб, ичига ўпириб тушганлиги учун жасаднинг яхлитлигига путур етган. Жасаднинг устида кафан парчалари сақланган бўлиб, унинг тагидан райҳон барглари топилди. Тобутнинг ичидан хушбуй ҳид таралди. Тубига махсус мато тўшалган. Муҳаммад Султоннинг жасади ҳам шариат қоидаларига риоя қилинган ҳолда дафн этилган. Соҳибқирон Амир Темурнинг катта ўғли Жаҳонгирнинг ўғли бўлган Муҳаммад Султоннинг бўйи 154 см бўлган.
Муҳаммад Султоннинг саъй-ҳаракати билан ҳозирги Амир Темур хилхонаси ёнида мадраса ва хонақоҳ қурилган. Ибн Арабшоҳ Муҳаммад Султон олимларнинг ҳомийси бўлганлигини таъкидлаб ўтган.
Шарқшунос В.Бартольднинг аниқлашича, Соҳибқирон Амир Темур 1399 йили ҳарбий юришга йўл оларкан, ўз ўрнига Самарқандда Муҳаммад Султонни қолдирди. 1401 йил март ойи уни Дамашққа чақириб олди. Шундан сўнг у бир неча жангларда қатнашиб, 1402 йили Кичик Осиёгача боришга эришди. Аммо у ёқдан қайтишда йўлда касалланиб, 1403 йилнинг 12 мартида Қораҳисор яқинида вафот этди.
1404 йилнинг мартида марҳум шаҳзоданинг онаси Хонзодабегим Амир Темурдан ўғлининг жасадини Султониядан Самарқандга олиб боришга ижозат олди. Кейинчалик Самарқандга етиб келган Амир Темур суюкли набираси хотирасига янги хилхона бино қилишни буюрди.
Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган яна бир меъморий обида мавжуд.
Бу обида ичида Амир Темурнинг суюкли хотини Сароймулкхоним – Бибихонимнинг қабри жойлашган.
Бибихоним мақбараси қурилган даврда жуда ҳашаматли ва маҳобатли бўлган, унинг деворлари ранг-баранг кошинлар, нақшлар ҳамда Қуръондан келтирилган оятлар битилган ёзувлар билан безатилган. Мақбаранинг ички тузилиши, худди Амир Темур мақбарасидек икки қаватли, пастда сағана, тепада эса зиёратхона бўлган. Мақбаранинг гумбази йиқилганидан сўнг унинг ичига қор-ёмғирлар тушиб, сағананинг томи ҳам йиқилиб тушган.
1941 йили археолог Яҳё Fуломов раҳбарлигидаги олимлар мақбарада қазиш ишларини олиб бордилар. Экспедиция аъзолари мақбара XI–XII асрларга оид маданий қатлам устида бунёд қилинганлигини аниқладилар.
1941 йил июнь ойида археологлар мақбарадаги қабрларни ҳам очиб ўргандилар.
Ушбу мақбарага дафн этилганлар мармартошлардан йўнилган тоштобутларга кўмилган. Тоштобутлар дастлаб мақбаранинг пастига, яъни, сағанага қўйилган, сағананинг томи йиқилиб тушганидан сўнг тоштобутлар токчалар ичига жойлаштирилган. Дастлаб шимолий токчада турган тоштобут очилганда унинг ичида пахта, газламаларга аралашиб ётган суяклар аниқланган.
Оёқ суяклари бош суяклари билан аралаштириб ташланган. Антрополог М.Герасимовнинг аниқлашича, ушбу суяклар 25-30 ёшли аёл кишига тегишли. Тоштобутнинг қопқоғида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун маликанинг шахсиятини аниқлаб бўлмаган.
Шимолий токчага тобутнинг узунлиги 1 м 90 см, эни 47-66 см, баландлиги 37см, бўлиб у ҳам яхлит, кулранг мармартошдан ясалган. Тоштобут очилгач ундан аралаш қуралаш бўлиб ётган суяклар, тупроқ, пахта ва газлама қолдиқлари топилди.
М.Герасимов тобут ичидаги эзилиб кетган суяклар кекса аёл кишига тегишли эканлигини аниқлади.
Мақбаранинг шарқий токчасига учта тоштобут ёнма-ён қўйилган бўлиб, улар ҳам яхлит мармартошларнинг ичи йўниб тайёрланган.
Шарқий токчадаги учала тоштобутнинг иккаласи бўм-бўш бўлиб, фақат биттасининг ичида жасад сақланган. Бу тобутдаги жасад ҳам титиб ташланган. Жасад дафн қилинишидан олдин мумиёланган, жасаднинг ёнидан бир неча тақинчоқ, райҳон барглари ва кафаннинг қолдиқлари топилган.
1941 йилда ушбу тоштобут очилаётганда, унинг қопқоғи устида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаган. Аммо тарихчи С.А.Лапиннинг ёзишича, у 1889 йили мақбарага кирганида, ушбу тобутнинг устида ёзув битилган тош қопқоқни кўрган. Қопқоқнинг устида, Қуръондан кўчирилган оят ва пастроқда эса: "Мажнуннинг ўлимидан сўнг минг йил ўтса ҳамки, унинг кафанидан ҳамон ишқ дарди таралади", – деган ёзув бўлган. 1926 йили рассом И.Мрачковский мақбарада тадқиқот ўтказганида, бу ёзувли тахта ўғирланиб, унинг ўрнига оддий, ёзувсиз қопқоқ қўйилганлиги аниқланган.
Нега тоштобутлардаги жасадлар титиб ташланган, уни кимлар, қачон қилишган? – деган савол туғилиши мумкин.
Археолог М.Е.Массоннинг айтишича, Бибихоним мақбарасидаги тош тобутлар дастлаб 1871 йили Самарқанд Россия империяси томонидан истило қилинганидан сўнг очилган. Аммо, тобутлар қандай мақсадда очилганлиги маълум эмас. М.Е.Массон ҳам билмаган. Тоштобутлар иккинчи марта
1926 йили бир гуруҳ ўғрилар томонидан очилган. Ўғрилар тобутларни титиб марҳумларнинг тақинчоқлари ва бошқа безакларини ўғирлаганлар. Шу туфайли, тоштобутлар 1941 йили учинчи марта очилганида унинг ичидаги суяклар ағдар-тўнтар ҳолатда бўлган. Бибихоним мақбарасидаги тош тобутларнинг қопқоқларида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун бу ерга дафн этилган марҳумларнинг шахсиятларини аниқлаш анча мушкул бўлди. Аммо олимлар биринчи очилган тоштобутдаги малика темурийлар хонадонига мансуб олий мартабали аёл бўлганлигини эътироф этдилар. Шимолий токчадаги иккинчи тоштобутга дафн этилган марҳумани Бибихонимнинг онасига тегишли эканлиги тахмин қилинди.
Шарқий токчада жойлашган, учинчи бўлиб очилган мақбарадаги энг йирик тоштобутга дафн этилган жасаднинг шахсияти ҳақида анча баҳслар бўлди. Кўплаб тарихий манбалар ўрганилиб, жасад Амир Темурнинг суюкли хотини Бибихонимники, деган хулосага келдилар.
Бибихоним XIV асрнинг 40-йилларида Мовароуннаҳрга хонлик қилган Чиғатой хонадонига мансуб амир Қозонхоннинг қизи бўлган. Тахминларга кўра, у 1341 йили ҳозирги Қашқадарё воҳасидаги Занжирсаройда таваллуд топган. Амир Қозонхон давлатда тартиб ўрнатиш йўлида ҳар хил қаршиликларга учраб, 1346 йили бир гуруҳ беклар томонидан ўлдирилади. Бу фожеа юз берганида Бибихоним 5-6 ёшларда эди. У балоғатга етгач, амир Қозоғоннинг набираси Ҳусайнга турмушга берадилар. 1370 йили амир Ҳусайн Хутталон амири Кайхусрав томонидан ўлдирилгач, Амир Темур Бибихонимга уйланади. У хоннинг қизи бўлганлиги туфайли Амир Темурнинг ҳарамида Катта хоним деган унвонга эга бўлади.
Бибихонимнинг гўзаллиги, ақл-фаросати, нозик диди, кенг қалби ҳақида халқ орасида афсоналар сақланиб қолган. Ўша даврда яшаган бир шоир Бибихонимнинг гўзаллиги ҳақида: "Унинг гўзаллигини сўз билан англатиш мушкул, чунки ул ҳар қандай гўзал сўздан-да гўзалдир", – деб ёзган.
Бибихонимнинг ақл-фаросати ва меҳрибончилигини Амир Темур юксак баҳолаган ва оқила маликага темурий шаҳзодаларнинг тарбиясини ишониб топширган. Бибихонимга табиат она бўлиш бахтини бермаган, аммо у бор меҳр-муҳаббатини Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султон каби суюкли набираларига бахш этди. Бибихоним ўз сармоясидан Самарқандда улуғвор мадраса бунёд қилди, олимлар шоирлар ва меъморларга ғамхўрлик қилди. Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, уни Халил Султоннинг хотини Шодимулк яширин равишда заҳарлаб ўлдирган...
Ҳозирги кунларда Бибихоним мангу уйқуда ётган мақбара таъмирланган ва аслига қайтган.
Шоҳи Зинда, яъни «Тирик шоҳ» мақбаралар мажмуаси ўтмиш аждодларимиз тарихи ва тақдирида алоҳида ўрин тутади. У кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, муқаддас зиёратгоҳларидандир.
Шоҳи Зинда номи Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Ғиёсиддин Жавҳарийнинг ёзишича, ҳазрат Қусам ибн Аббос Муҳаммад (с.а.в.)ни вафот этгандан сўнг, ювганлардан биридир. Ўша чоғда Қусам 8 ёшда бўлган. Пайғамбаримизни ҳадисларида айнан у киши тўғрисидаги қуйидаги сўзлари Қусам ибн Аббосни кириш эшикларини пештоқида ёзилган: “Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир” дейилган. Ҳазрат Қусам имом Хасан билан эмишган ака-укадур.
Қусам ибн Аббос Ҳазрат Амир-ул мўминин Али ибн Абу Толиб халифалиги даврида Макка шаҳрида ҳоким бўлган. Унинг вафотидан сўнг Муовия ибн Абу-Сўфиён замонида Хуросон ҳокимлигига тайинланган. Усмон ўғли Саъид билан Мовароуннаҳрга келган. Усмон ўғли Саъид Самарқандни олиб, халқ мусулмончиликка қабул қилган, динни кучайтирмоқ ва шариат ҳукмларини юргузмоқ ниятида Қусамни бир қанча ислом қўшини билан Самарқандда қолдирган. Унинг асосий вазифаси мамлакатда исломни тарғиб қилиш бўлган. Бу эса осон кечмади. Чунки Қадим Мовароуннаҳр халқи оташпарастликка сиғинарди.
Улар Марказий Осиё давлатларини араблар босқинчиларига фаол курашга чорлади. Бироқ Ислом лашкарлари қаршиликларни табора енгиб бориб, ўлканинг ичкари қисмини ишғол қила бошлади. Милодий 677 йил бошқа динга эътиқодчилар шаҳарга ҳужум қилди. Самарқанд шаҳри намозгоҳида Қусамга ўқ тегди ва уни Бону-Ножия қабристонидаги ғор ёнига дафн этилди. Кенг тарқалган бошқа бир ривоятда айтилишича Саид ибн Усмон Қусам ибн Аббос билан биргаликда Усрушонани фатҳ этмоқ учун йўл олишиб, Сийракасга етишганда бир неча кун тўхтаб дам олишади. Шу ердаги жангларнинг бирида Қусам ибн Аббос вафот этади. Майит солинган тобутни шаҳарга жўнатадилар.
Қусам ибн Аббоснинг оналари Лубоба ал Кубро (Уммул-фазл) мўминлар онаси Маймуна бинтий Хориснинг сингиллари бўлиб, Аббос ибн Муталибнинг жуфти ҳалоллари эдилар. Ул муҳтарама олти ўғил кўрганлар, улар Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Қусам, Маъруф ва Абдураҳмон. Буларни барчаси турли мамлакатларга Ислом тарғиботи билан машғул бўлиб шаҳид бўлдилар.
Тарих ва афсона ана шу тариқа бир-бир билан уйғунлашиб кетган.
У кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, шарқ мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. Шоҳи Зиндага зиёрат қилиш ва бу қутлуғ жойда тоат-ибодат бажо келтириш ҳар бир имонли мўмин-мустофонинг хайрли иши ҳисобланади.
Мажмуада биноларнинг аксарияти подшоҳлар хонадонига мансуб шахсларнинг қабри устига қурилган мақбаралардир. XIаср охирида юқори майдончада дастлабки мақбаралар пайдо бўлган. Қусам ибн Аббос мақбараси шулардан биридир. Унинг ёнида ёғочга ўймакорлик услубга нақшлар солиб безатилган масжид бўлган. 1219 йил мўғуллар истилосидан кейин Афросиёбда ҳаёт сўнган. Дастлабки мақбаралар нураб аста-секин емирилган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида унинг яқин қариндошлари ва саркардалари Қусам ибн Аббос қабри атрофида ўзлари учун мақбаралар қурдиришган.
Шоҳи Зинда мажмуаси ўзига хос йўлаклари ва маҳобатли бинолари билан сайёҳларни ўзига мафтун этади.
Самарқанддаги ушбу машҳур зотлар хонақоҳи ўзига хос ва тенгсиз бўлиб, довруғи оламга ёйилган Миср эҳромлари, Тож Маҳал каби етти мўъжизанинг бири деса бўладиган мақбаралар туркумидир.
У дастлаб Самарқанд ҳокимлари ва уламолари томонидан XI асрда пайғамбар Муҳаммад (С.А.В)нинг амакиларининг ўғли Қусам ибн Аббос шарафига қурилган.
Даставвал, бу ерда фақатгина ХI асрнинг иккинчи ярмида Самарқанддаги илк қорахонийлар даврида қурилган «Тирикшоҳ» номли мақбара бор эди. Бу жойга илгари ҳам туб жой аҳолиси зиёратларга келиб турган. Кейинчалик худди шу ерга 1066 йили Тамғач Бўғрахон мадрасаси қурилди ва унга туташ бир қатор туркум мажмуа юзага келди. ХI-ХII асрларда серҳашам безатилган бошқа мақбаралар ҳам вужудга кела бошлади. Археологлар улардан бир нечтасини XIV аср иншоотларининг ғарб томонидаги йўлакдан қазиб топдилар. Улар безаклари билан Темур даври мақбараларидан фарқ қилган. Ўша даврда ҳам Қусам ибн Аббос мақбараси «муққадас» ҳисобланиб зиёрат қилинган.
XIII асрда мўғул истилочиларининг Самарқандга қилган ҳарбий юришлари ХI-ХII асрга оид кўплаб иншоотларнинг, бузилиб, харобага айланишига сабаб бўлди. Қабристон XIV асрда қайтадан тиклана бошланди.
Амир Темур ҳукмронлик қилган (1370-1405) даврда қурилиш ишлари жуда жадал суръатда олиб борилади. Бу иншоотларнинг кўпчилиги бизнинг давримизгача етиб келган. Туркум мажмуа Афросиёбнинг шимолидан то жанубга шаҳарнинг қўрғон деворигача чўзилган.
Баъзи даҳмалар, ХI-ХII асрларга оид мақбараларнинг харобалари устига қурилади. XV аср бошларида бинолар Хожа Аҳмад мақбарасидан Ҳазрати Хизр масжидига борадиган йўл бўйлаб қурилади. Амир Темур даври меъморчилиги, безак беришнинг янги техникалари билан яъни қирқма кошинлар билан янада бойитилади. Мақбаралар иккитадан, ташқи ва ички гумбазли, баланд цилиндр барабанли қилиб қуриладиган бўлади.
Шоҳи Зинда меъморчилик мажмуаси уч қисмдан иборат қилиб қурилган. Мажмуага улкан ўймакор дарвозадан кирилади. Пештоқ равоғининг ғарбий деворида унинг Абдулазиз Баҳодир ибн Улуғбек ибн Шоҳрух ибн Темур томонидан ҳижрийнинг 838 йилда (1434-1435) бунёд этилгани ёзилган.
Бизгача етиб келган мақбара мажмуасининг ва дастлабки бинолар қолдиқларини кўздан кечирганда, уларни бадиий пардозлаш, безаш техникаси ўзгариб борганлигини пайқаш мумкин.
Чортоқнинг ўнг томонида кичгина ҳовли ичида мадраса бор уни ҳижрий 1228 йилда (1812-1813 йй.) ҳоким Давлат Қушбеги қурдирган чап томонда эса Амир Ҳусайнни онаси шарафига қурилган ёзги айвон масжиди бор. Уни Самарқандлик уста Муҳаммад Сидиқ ва уста Абду Зоҳидлар 1910-1911 йилларда қуришган. Бу ёдгорлик XIX-XX аср усталарнинг диди ва бадиий маҳоратини кўрсатиб турибди.Масжид орқасида чапда тепалик ён бағрида қўш хонали баланд мовий гумбазли мақбара (XV аср ўртаси) бор.Қўшгумбазли мақбара Шоҳи Зинда мажмуаси темурийлар замонаси меъморчилигининг ажойиб намунаси.Бир-бири билан боғланган икки тўрт бурчак хона, катта хона (зиёратхона) ва кичик хона (қабрхона)га эгадир. Қабрхонада битта қабртош, унинг остида даҳма бор. Тўрт гумбаз чортоқни юзига келтиради. Гумбаз қалпоғи ва таҳмонлар кўп поғанали муқарнасга эга. Деворларга гул нақшланган, аммо нақшлар қисман сақланиб қолган. Қўшгумбазли мақбара мажҳуллик пардаси билан тўсилган ва тадқиқотчилар ўртасида анча-мунча баҳсларга сабаб бўлган эди.
«Шоҳи Зинда» зиёратгоҳининг иккинчи қисми қирқ зина бағридан бошланиб, сирлар ҳамда жумбоқларга тўла ўрта аср даҳлизига кириб борасиз. Зинанинг эни 5 газни ташкил этади. Бу ерда эса бутунлай ўзгача давр, ҳаёт ўзгача меъморчилик ечимлари мавжуддур.
Бу ерда даҳма эмас, балки диний фикрлар дунёси, қабр эмас балки унинг дафн этиш сирлари мавжуддир. Азиз зотлар даҳмасида бутунлай ўзгача манзарага дуч келасиз, у кишининг бугунги турмуш ташвишларидан руҳан фориғ этади ва тамоман ўрта аср меъморчилиги, нафис безакли ажиб нақшлар оламига олиб киради. Мақбараларнинг сирланган кошинларидаги ранглар товланади. Буларнинг барчаси зиёратчи сайёҳларни ўзига маҳлиё қилиб қўяди.
Амир Хусайн ва унинг онаси учун қурилган обида меъморчиликнинг энг нозик услубларида ижод қилинган. Чунки саркарда Амир Хусайн стратегик жиҳатдан жуда кучли сардорлардан бўлган. Амир Темур уларга эҳтиром кўрсатиб маҳобатли бинолар қудириб уларни шу ерга дафн эттирган. Мақбарадаги файз ва чирой ҳаттотларнинг ёзувлари билан янада гўзаллашган. Мақбара 1376 йилда қурилган бўлиб, бизни кунларимизга қадар бир неча марта таъмир этилган.
Кириш пештоғининг эшиги 1911 йилда қурилган, ундаги нақшинкор безак ва ёзувлар киши диққатини ўзига тортади.
Эшикда «Ўлимдан олдин тавбага – вақт ўтмасдан намозга шошилинг» ибратли сўзлари ёзилган. Пастки қисм таркибига масжид, мулозимхона ҳамда мадраса ҳам киритилган.
Қўш гумбазли мақбаранинг ички гумбазлари нақшинкор қилиб ишланган, панеллари эса олти қиррали кошинлар билан безатилган. 1949-1952 йилларда мақбара текширилди ва босиб ётган тупроқдан тозаланиб, қайта қурилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |