1917 йил Февраль инқилобининг Туркистон ўлкасига таъсири ва большевиклар томонидан қуролли тўнтариш амалга оширилиши
Режа:
Россияда Февраль инқилоби ва унинг Туркистонга таъсири.
Туркистонда ижтимоий – сиёсий жараёнларнинг жадаллашуви.
Маҳаллий сиёсий ташкилотларнинг фаолияти.
Ўлкада Октябрь тўнтаришининг амалга оширилиши ва унинг оқибатлари.
Россияда Февраль инқилоби ва унинг Туркистонга таъсири
ХХ асрнинг бошларида дунёдаги сиёсий жараёнлар, турли ҳарбий тўқнашувлар, жумладан, Россиянинг рус-япон урушида мағлубиятга учраши, ундан кейин бўлиб ўтган биринчи рус инқилоби халқаро майдонда подшо империясининг обрў-эътиборини пасайишига, Россиянинг иқтисодий жиҳатдан заифлашувига сабаб бўлиши билан бир қаторда, мустамлака халқлар орасида миллий ўзликни англаш, миллий озодликка интилиш жараёнларига сезиларли таъсир ўтказди. Мазлум халқлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини таний бошлаган бир шароитда Россиянинг Биринчи жаҳон урушига қўшилиб кетиши вазиятни янада кескинлаштирди.
Бундай вазият ўша пайтда Россия ҳукмрон доиралари билан мухолифатда бўлган ва либерал-демократик ўзгаришлар ҳаракатида бўлган кучларнинг янада фаоллашувига имконият яратди. Қарам ўлкалардаги ночор вазият, уруш майдонларидаги улкан йўқотишлар, Россиянинг марказий районларидаги иқтисодий танглик 1917 йилга келиб бутун Россия империясини инқилобий-сиёсий жараёнлар домига тортилишига сабаб бўлган эди. Энг муҳими эса, инқилобий ўзгаришларни аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламлари қўллаб-қувватлар эдилар. Натижада 1917 йил 27 февралда инқилобий кучларнинг кураши натижаси ўлароқ Россиядаги мутлақ монархия бўлган подшо ҳукумати ағдариб ташланди. Ишчиларнинг иш ташлашлари ва умумшаҳар намойишлар уюштириш, солдатларнинг қўзғолон кўтарган аҳоли билан бирлашуви натижасида миршаблар билан қонли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Ағдариб ташланган подшо ҳукумати ўрнига кўппартиявийлик асосидаги икки ҳокимиятчилик-демократик диктатура Муваққат ҳукумат (таркибида меньшевиклар, эсерлар ва б.) ва советлар диктатураси Бутунроссия Советларининг Марказий Ижроия Комитети тузилди.
Муваққат ҳукуматнинг 1917 йил 3 мартда Петроградда эълон қилинган баённомаси ва 6 мартда эълон қилинган “Россия фуқароларига мурожаатнома”да бундан кейинги бўладиган демократик ўзгаришларнинг дастури баён этилди. Бунда Муваққат ҳукумат томонидан амалга ошириладиган сиёсий эркинликлар – сўз, матбуот, уюшмалар ташкил этиш; йиғилишлар ўтказиш эркинлигини киритиш, ҳалққа ўз сиёсий иродасини ифодалаш ҳуқуқини бериш; барча табақавий, диний ва миллий чекланишларни ман этиш; бошқарув шакли ва мамлакат Конституциясини қабул қилиши лозим бўлган Таъсис мажлисини умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш асосларида чақиришга дарҳол тайёргарлик кўриш, маҳаллий ўзини-ўзи бошқарув органларига сайловлар ўтказиш; полицияни халқ милицияси билан алмаштириш; тўлиқ сиёсий амнистия (умумий авф этиш) ҳақида тантанали баён этилди. Таъкидлаш лозимки, Муваққат ҳукуматнинг ташқи сиёсатида сезиларли ўзгаришлар бўлмаганлиги сабабли аввалги ҳукуматнинг иттифоқдош давлатлар билан тузган шартнома ва битимларини сўзсиз бажаришни ўз зиммасига олди.
Тарихий адабиётларда таъкидланишича, воқеаларнинг кейинги ривожи Февраль инқилобининг демократик имкониятлари тўлиқ амалга оширилмаганлигини кўрсатди. Кўпгина ваъдалар қуруқ баёнот даражасида қолиб кетди. Туб ўзгаришларга чақириқлар амалий ўзгаришларда ўз аксини топмади. Муваққат ҳукумат Туркистондаги ижтимоий ҳаракатларни қўллаган бўлса-да, айни пайтда “Россия империяси давридаги бутунликни сақлаш” сиёсатини олиб борди. Чунончи, генерал-губернатор подшо ағдарилганидан кейин ҳам, анча вақт ўлкани бошқариб турди.
1917 йил июнь ойидаги империя марказидаги воқеалар, Ф.Керенский бошчилигидаги янги ҳокимият тузумини барпо этиш, дастлабки эълон қилинган қонун ҳужжатларини Россия мустабид тузумининг кўп асрлик ҳукмронлиги билан алоқани узиб, демократия, ижтимоий адолат йўлига кираётганини бутун дунёга маълум қилди. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги, унинг мустамлакаларидаги жуда кўп халқлари, турли синфлари ва қатламлари, ижтимоий ҳаракатлари инқилобни қўллаб-қувватладилар. Ўз турмушини демократик асосда қайта қуриш, ўз давлатини идора қилишда бевосита иштирок этиш истаги уларнинг ижтимоий ижодкорлигини фаоллаштирди. Аммо, Туркистондаги ижтимоий-сиёсий вазият бошқача эди.
1917 йил 27 февралда Петроградда бўлган демократик инқилоб Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Туркистон халқларининг инқилобий ўзгаришларга қўшилиши бир хил кечмади, ўлканинг бугунги куни ва келажагига турлича қарайдиган хилма-хил кучлар мавжуд бўлиб, улар икки муқобил оқим - ўнг ва сўлларга ажралган эди. Ўнглар империя ҳокимияти даврида мустамлакачи маъмурият сиёсатини тўла-тўкис қувватлаганликлари боис, Муваққат ҳукуматнинг империя институтларини сақлашга қаратилган тадбирларини қўллаб-қувватлаш тарафдорлари бўлганлар.
Сўл оқим эса, ижтимоий тузумнинг тубдан ўзгаришидан, мустамлака сиёсий ва иқтисодий тузилмаларни тугатишдан ўта манфаатдор бўлган ижтимоий гуруҳ ва қатламлар манфаатларини ўзида акс эттирган эди. Сўл оқим сиёсий жиҳатдан анча табақалашган бўлиб, аввало, ҳокимиятдан четлатилган, империянинг босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатидан норозилигини очиқ айтадиган қатламларни ўз ичига олган. Улар Февраль инқилобигача бўлган даврда қуролли қўзғолон йўли билан озодлик ва мамлакат мустақиллигига эришиш, хон ҳокимияти ва шариaт қонунлари, мулкдорлар ва мусулмон руҳонийларининг йўқотилган имтиёзларини тиклаш, ўлка халқ оммасини европача маданият ва аҳлоқ таъсиридан сақлаш ғоясини илгари сурдилар. Сўллар ҳаракатидаги бошқа йўналишда радикал кайфиятдаги миллий ишчи, деҳқон, хунарманд ва бошқа меҳнаткашлар ҳам бор эди.
Айни пайтда Туркистонда ҳам янги жамият куртакларини шакллантириш учун ҳаракат бошланиб кетган эди. Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўлка мухторияти масаласи асосий масала бўлиб, Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат демократик зиёлилар орасида, ҳатто оддий одамлар ўртасида ҳам анча оммалашган эди.
1917 йилнинг март-апрель ойлари ўлканинг сиёсий уйғонишида бурилиш даври бўлди. Туркистон жадидлари, миллий зиёлилари ва ислом уламоларининг етакчилари бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Мунаввар қори (1878-1931), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев; 1882-1938), Фитрат (1886-1938), Файзулла Хўжаев (1896-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Абдулвоҳид Бурҳонов (1875-1934), Мустафо Чўқай (1886-1941), Муҳаммаджон Тинишбоев (1879-1939), Шерали Лапин (1868-1919), Аҳмад Заки Валидий (1890-1970), Обиджон Маҳмудов (1858-1936) ўлкада янги ташкил қилинган “Шўрои Исломия” (1917 йил март), “Шўрои Уламо” (1917 йил июнь), “Турон” жамиятлари ва “Турк адами Марказият (федералистлар) фирқаси” (1917 йил июль), “Иттифоқи муслимин” (1917 йил сентябрь) сиёсий партияларининг тузилишида муҳим роль ўйнадилар.
1917 йил 7 апрелда Петрограддаги Муваққат ҳукумат қарори билан кадет Н.Н.Шчепкин раислигида Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети ташкил қилинди. Комитет таркибига 9 киши кирган бўлиб, уларнинг тўрттаси: Алихон Букейхонов (1868-1937), Муҳаммаджон Тинишбоев, Садри Мақсудов, Абдулазиз Давлетшин туркий халқлар вакиллари эди. Кейинчалик Туркистон Комитетининг таркиби ўзгартирилди.
Жадидчилик 1917 йилда маърифатчилик ҳаракатидан сиёсий ҳаракат даражасига кўтарилган эди. Ўша 1917 йилнинг ўзида тўрт марта Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилди. 1917 йил 16-23 апрелда Тошкентда бўлган Бутунтуркистон мусулмонлари I қурултойида демократик Россия таркибида Туркистон Мухториятини ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Бу Туркистон халқларининг миллий давлатчиликни тиклаш йўлидаги дастлабки қадами эди.
Ўлкадаги сиёсий ҳаракатларга ташкилий ва марказлаштирилган хусусият касб этиш учун бир-бири билан тарқоқ алоқада бўлган жамият, қўмита ва иттифоқларни бирлаштириш мақсадида Бутунтуркистон мусулмонларининг бир нечта қурултойлари бўлиб ўтди.
Афсуски, бирлашиш жараёнлари ҳар доим ҳам бир текис ривожланмади. Аср бошидан буён давом этаётган “жадид-қадим” низолари демократик ҳаракат сафларида парчаланиш юз беришига олиб келди.
1917 йил 10 сентябрда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг II қурултойи очилди. “Шўрои Исломия” ташаббуси билан чақирилган ушбу қурултой ҳокимиятни ишчи, солдат ва дехқон депутатлари Советларига беришга қарши чиқди. Ушбу қурултойда қабул қилинган резолюцияларда миллий демократия ўзи тутадиган йўлнинг муҳим асосларини биринчи марта қатъий қилиб айтди: ҳукумат демократик сиёсат юргизадиган бўлса, ана шундагина мусулмонлар бу ҳукуматда иштирок этадилар. Иккинчи қурултойда фақат Миллий Марказ-Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси минтақадаги туб ерли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин деган фикр қатъий қилиб қўйилди.
1917 йил 20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойи “уламочилар” билан “шўрои исломчилар” ўртасидаги узоқ ва қизғин бахсларга қарамай, ниҳоят, келишиш ва муроса йўлини топди. Қурултойда “Шўрои Исломия”, “Шўрои Уламо”, “Турон” ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан бутун Туркистон минтақаси учун умумий бўлган “Иттифоқи муслимин” деган сиёсий партия тузишга қарор қилинди. Қурултой ишидаги асосий масала Туркистон ўлкасининг бўлажак сиёсий тузумини белгилаш эди. Ўша пайтда Тошкентда нашр қилинган “Улуғ Туркистон” газетасида ёзилишича, “қурултой Мулла Муҳаммадхўжа эшон ва Мулла Сиддиқхўжа эшонларнинг бошқарув шакли ҳақида”ги нутқларини тинглаб, дуою ижобат ила Туркистон Мухториятини тайин этишга жазм қилди. Қурултой мухториятга “Туркистон Федератив Республикаси” деган номни қўйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойил ва меъёрларини белгилаб берди.
Шу тарзда Туркистонда мухторият ҳукумати юзага келмасдан анча олдин жамиятнинг кенг қатламлари вакиллари, илғор зиёлилар бу ҳаракатда фаол қатнашиб, унинг пойдеворини яратишга замин ҳозирладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |