Конституциянинг амал қилиши.
Конституциянинг амал қилиши бир қанча жиҳатлар (аспектлар) бўйича кўриб чиқилади. Биринчи аспект Конституциянинг вақт бўйича амал қилишидир. Конституция, асосан, унинг хулосавий қоидаларида, баъзан эса унинг учун махсус чиқарилган Қонунда кўрсатилган вақтдан бошлаб амал қила бошлайди. Агар у вақтинчалик амал қиладиган конституция бўлса, доимий конституция кучга киргунга қадар амал қилади. Қоида бўйича Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида бир вақтда амал қила бошлайди. Агар мамлакат ҳудудига бошқа ҳудудлар қўшилса, улар қўшилган ёки махсус ҳудудий ҳужжатларда кўрсатилган вақтдан бошлаб Конституция уларнинг ҳудудида ҳам амал қила бошлайди. Масалан, ГФРнинг 1949 йилда қабул қилинган Асосий қонунининг 23 моддасидаги қоидага мувофиқ, бу конституция аввалги Ғарбий Германия ҳудудида амал қиларди. 1990 йилда Шарқий Германия ГФРга қўшилганидан кейин, Асосий қонун унинг ҳудудида ҳам қила бошлади.
Конституция амал қилишнинг иккинчи аспекти (жиҳати) унинг шахслар доираси бўйича амал қилишидир. Маълумки, Конституция давлатнинг барча органлари учун бир хилда мажбурийдир. У ушбу давлат ҳудудидаги барча шахслар, муассасалар ва ташкилотлар учун, шунингдек, ушбу давлатнинг хориждаги барча фуқаролари, юридик шахслари, муассасалари ва ташкилотлари учун ҳам мажбурийдир.
Чет мамлакатлар ва халқаро ҳуқумат ташкилотлари унинг тамойилларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келадиган қисмларидан бошқа барча қоидаларни тан оладилар ва ҳурмат қиладилар.
Конституция нормаларининг бевосита амал қилиниши масаласи ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Бир қатор Конституцияларга бундай амал қилиниши назарда тутилган. Масалан, Болгария Республикасининг 1991 йилда қабул қилинган Конституциясининг 5 моддаси, 2 қисмида шундай дейилади: “Конституция қоидалари бевосита амал қилади”. Ўз ўзидан ижро этиладиган нормалар ҳам мавжуд, уларнинг бевосита амал қилиши хусусида ҳар хил шубҳалар бўлиши мумкин ҳам эмас. Масалан, Япония Конституциясида “Илмий фаолият эркинлиги кафолатланади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Агарда биронта илмий ходимга у танлаган илмий тадқиқот йўналиши боис ёки ўз илмий ишининг натижаларини эълон қилганлиги сабабли, қандайдир тазъйиқлар ўтказилса, у ўзининг конституциявий эркинлигига ишора қилган ҳолда, судга мурожаат қилиши мумкин.
Япония Конституциянинг 6 моддасида айтилишича, “Император кабинет тақдимига биноан, Олий суднинг Бош судьясини тайинлайди”. Бу норма, ўз ўзидан кўриниб турибдики, амалга оширилишида ҳеч қандай аниқлаштирилишига муҳтож эмас.
ГФРнинг Асосий қонунидаги 1 модданинг, 3 қисмидаги қоида алоҳида эътиборга лойиқдир. Унга кўра, “Қўйидаги асосий ҳуқуқлар қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятини бевосита амал қилувчи ҳуқуқлар сифатида бажаришга бурчли қилади, яъни шундан кейин келадиган 19 та моддада мустаҳкамлаб қўйилган асосий ҳуқуқлар ҳеч қандай бошқа қонун, буйруқ ёки файрмойил чиқарилмасдан ҳам бажарилиши, амалга оширилиши мажбурийдир”.
АДАБИЁТЛАР:
Хорижий мамлакатлар конституциявий ҳуқуқ. Муаллифлар жамоаси. Тошкент, 2010 йил
Хозирги замон халқаро ҳуқуқи назарияси. И.И.Лукашук, А.Х.Саидов, 120-бет.
Юридик энциклопедия, -Т.: Шарқ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2001 й.
Конституционное право зарубежнқх стран. В.Е.Чиркин. М.: “Юрист”, 2001 г.
Do'stlaringiz bilan baham: |