18-МАВЗУ: ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР КОНСТИТУЦИЯЛАРИ
Конституция таърифи.
Конституцияга умумий тарзда “олий юридик кучга эга бўлган, бир томондан инсон ва иккинчи томондан давлат ўртасидаги муносабатлар асосларини, шунингдек, давлатнинг ўзининг ташкиллаштириш ва фаолият кўрсатиш асосларини тартибга соладиган ҳуқуқий нормалари тизими”, дея таъриф бериш мумкин. М.Ф. Чудаков ўзининг “Хорижий мамлакатлар давлат конституциявий ҳуқуқи” номли маърузалар тўпламида конституцияга шундай таъриф беради: Конституция маълум бир мамлакатдаги бутун ҳуқуқ тизимининг ўқ томири ва мамлакатдаги асосий қоидаларни бир тизимга солган нормалар тўпламидир. “Аммо конституция норматив ҳужжатлар ва қонунларнинг оддийгина тўплами эмас, балки унинг ўзи олий юридик кучга эга бўлган қонунидир”, деб таъкидлайди. М.Чудаков унинг барча нормалари қолган бошқа барча қонунларга нисбатан устуворлик касб этади. Амалдаги қонунчиликнинг барча нормалари конституция нормаларига мослаб қабул қилинади. Конституцияда амалдаги қонунчиликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилади. Конституциянинг устуворлиги баъзан унинг нормаларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилади: Масалан, Ирландиянинг 1937 йилда қабул қилинган Конституциянинг 15-моддасида шундай дейилади. 1. Ушбу Конституцияга ёки унинг бирон-бир кўрсатмасига зид келадиган биронта Қонун Парламент томонидан қабул қилиниши мумкин эмас. 2. Ушбу Конституцияга ёки унинг бирон-бир кўрсатмасига зид келадиган Қонуннинг айнан ўша зид келадиган қисми амал қилинмайди. Япониянинг 1946 йилда қабул қилинган Конституциясининг 98-моддасида эса шундай дейилади: “Конституция мамлакатнинг олий қонуни бўлиб, унинг қоидаларига тўлиқ ёки қисман зид келадиган қонунлар, Фармонлар, рескриптлар ёҳуд давлатнинг бошқа ҳужжатлари қонуний кучга эга бўлмайди”. Хўш, барча қонунлар ва норматив ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши учун нима қилинади? Масалан, Франция Конституциясининг ҳам бир қатор моддаларида барча қонунлар Конституцияга мос келиши лозимлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Масалан, 61.1-моддада айтилишича, чиқариладиган барча органик қонунлар эълон қилингунларига қадар ҳамда Парламент палаталари регламентлари ҳам Конституциявий Кенгаш эътиборига ҳавола қилиниши зарур. Бу кенгаш уларни ўрганиб чиқиб, Конституцияга мос ёки зид эканлиги тўғрисида ўз хулосасини беради. Худди шу мақсадда қонунлар Республика Президенти, Бош вазир, Миллий Кенгаш раиси, Сенат раиси, 60 та депутат ёки 60 та сенатор томонидан Конституциявий кенгашга жўнатилиши мумкин. Франция конституциясининг 62-моддасида айтилишича, ғайри конституциявий (Конституцияга зид) топилган қонун эълон ҳам қилинмайди, амалга ҳам киритилмайди. Конституция нормаларига зид келган қонун ғайриконституциявий деб топилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |