17.1-расм. Термокондуктометрик газ анализаторлари.
Термокондуктометрик газ анализаторларида хатолик асосан, қуйидаги сабабларга кўра содир бўлади:
а) атроф-муҳит температурасининг ўзгариши, бунда ўлчаш камераларининг деворларидаги температура ўзгаради;
б) ўлчаш кўпригини таъминловчи манба кучланишининг ўзгариши;
в) газ аралашмасининг камералар (ячейкалар) орасида ўтиш тезлигининг ўзгариши;
г) иккиламчи текширилмаётган компонентларнинг (хусусан, сув буғлари) мавжудлиги.
Ўлчаш блокини термостатлаш ва стабиллашган таъминлаш манбаларидан фойдаланиш зарурати асбобни мураккаблаштиради ва қимматлаштиради. Ҳаводаги ёки газ аралашмаларидаги (водороддан ташқари таркибида СО, СО2, СН4, N2 ва О2 бўлган) водород микдорини, шунингдек, кўп компонентли аралашмаларда СО2 миқдорини аниқлаш учун ТП типидаги термокондуктометрик газ анализаторларидан фойдаланилади (17.2- расм).
Схема мувозанатлашмаган иккита А ва Б кўприклардан иборат бўлиб, улар ўзгарувчан ток манбаидан трансформатор орқали таъминланади. Кўприкларнинг елкалари пластина симларидан тайёрланган ва шиша баллончаларга жойлаштирилган. Ўлчаш кўпригининг иккита иш елкаси 1 ва 3 нинг атрофидан анализ қилинаётган газ ўтиб туради. Қолган иккита елкаси 2 ва 4 газ муҳитида туради, бу газнинг таркиби асбоб шкаласининг бошланишига мос келади. Таққослаш кўприги Б нинг иккита елкаси 6 ва 8 газ муҳитида туради, унинг таркиби асбоб шкаласининг бошланишига мос келади, елкалар 5 ва 7 эса таркиби шкала охирига мос келадиган газ муҳитида туради.
17.2-расм. ТП типидаги автоматик газ анализаторининг схемаси.
Таққослаш кўприги Б нинг диагоналига реохорд Rр уланган, унинг сурмаси ва А кўприкнинг учи электрон кучайтиргич ЭК нинг киришига уланган. Реверсив двигатель РД реохорднинг сурмасини ва асбобнинг кўрсаткич стрелкасини А ва Б кўприк учларидаги шкалада то кучланиш сурманинг реохорддан оладиган кучланиш билан мувозанатлашмаганига қадар суради. Газ анализаторининг кўрсатиши таьминлаш манбаи кучланишининг ўзгаришига ва атроф-муҳит температурасининг ўзгаришига боғлиқ эмас.
ТП типидаги газ анализаторлари бир нечта модификацияда чиқарилади: ТП (1120 – бинар ва кўп компонентли газ аралашмаларида водород миқдорини аниқлаш учун; ТП 7102 – ҳаводаги гелий миқдорини аниқлаш учун; ТП 4102 – ҳаводаги азот ва гелий миқдорини аниқлаш учун. Анализ қилинаётган газ тури ва ўлчаш чегараларига кўра асосий хатолик ±2,5; ±4,0; ± 10% бўлади. Газ аралашмасининг ҳажмий сарфи 12 см3/с, босим 70-130 кПа. Кўрсатишларни аниқлаш вақти 30 дан 110 с гача. Чиқиш сигналлари 0-5 мА; 0-100 мВ; 0-10 В.
Do'stlaringiz bilan baham: |