14.3.Ўзбекистонда давлатнинг саноат сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари.
Давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши билан Ўзбекистон учун иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг кенг истиқболлари очилди ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш йўли танлаб олинди. Республикада барқарор иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун иқтисодиётимизнинг таркибий тузилишида туб ўзгаришлар қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.
Мустақиллик йилларида ишбилармонлик муҳитини яратиганлиги ва инвестицияларни кенг жалб этиш натижасида иқтисодиёт тармоқ тузилишида туб сифат ўзгаришлар юз берди. 2001 йилдан бошлаб эса фаол таркибий инвестицион сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида саноат (қурилишни қўшганда) Яимдаги улуши 2000 йилдаги 20,2%дан 2020 йилда 35,5%га ошди. Саноатнинг ЯИМ даги улуши шунга мувофиқ равишда 14,2%дан 28,5%га ошди.
Таркибий ўзгартиришлар натижасида автомобилсозлик, нефт- кимё ва нефт газ, электротехника, фармацевтика ва бошқа шу каби янги саноат тармоқлари вужудга келди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, саноат маҳсулотлари умумий ҳажмида ёқилғи-энергетика комлекси тармоқларининг улуши 2000йилдаги 23,8% дан 2016 йилда 18,0% га камайди. Машинасозлик ва металлга ишлов бериш тармоғининг улуши ўзгаришсиз қолди. Таҳлил даврида озиқ-овқат саноатининг улуши 14,2%дан22,0%га ошди.
Шундай қилиб, давлатнинг иқтисодий сиёсат соҳасидаги бош вазифаси — ижобий бизнес-иқлим яратишдир. Бунинг учун давлатнинг ўзини қайта қуриш керак. Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилликлардаги иқтисодий ривожланиш истиқболлари мана шу ишни амалга ошира олишимиз ёки олмаслигимизга боғлиқ.
14.4.Саноатни модернизация қилиш ва ривожлантириш истиқболлари.
Прогнозлаштирилаётган 2019-2030 йиллар мобайнида саноатнинг иқтисодий ўсишга улушини ўртача 2,2 пунктга таъминлайдиган иқтисодиётни индустрлаштиришнинг жадаллаштирилган суръати иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери ҳисобланади. Бундан ташқари, саноатда сифатли таркибий силжиш, ярим тайёр маҳсулотлар ва пировард маҳсулот ишлаб чиқариш улушини кўпайтириш прогнозлаштирилмоқда. Бу тармоқнинг ўсиши суръатида қайта ишловчи саноат улуши 2018 йилдаги 47,6 фоиздан 2030 йилда 89,6 фоизга кўпайишига олиб келади.
2019–2030 йилларда ЯИМ ўсишининг прогноз суръатларини таъминлаш учун прогноз даврда саноат маҳсулоти ўсишининг ўртача йиллик суръатлари қайта ишловчи саноат ўсиши суръатларининг олдини олувчи суръатларини 8,1 фоизгача ўстириш ҳисобига 7,4 фоизни ташкил этиши керак. Прогнозлаштирилаётган даврда қайта ишловчи секторнинг улуши 2018 йилдаги 76,6 фоиздан 2030 йилда 78,9 фоизга кўпайяди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон саноатининг ривожланиши саноат ўсиши омиллари ва манбаларини заифлаштиришга қодир бўлган бир қанча қарама-қарши тенденциялар ва хавф-хатарлар босими остида турибди. Бу истиқболда ривожланишнинг прогноз суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Биринчи – товарлар, капиталлар, технологиялар ва иш кучининг нафақат анъанавий бозорларинигина эмас, балки давлат бошқаруви тизимини, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва инсон салоҳияти ривожланишини қамраб оладиган глобал рақобатнинг кучайиши.
Иккинчи – ижтимоий-иқтисодий ривожланишда инновацияларнинг ролини кучайтирувчи ва кўплаб анъанавий ўсиш омиллари таъсирини пасайтирувчи технологик ўзгаришларнинг янги тўлқини кутилмоқда. Охирги авлод янги технологияларнинг ривожланишдаги қолоқлиги миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини пасайтириши ҳамда ўсиб бораётган геосиёсий рақобат шароитларида унинг заифлигини ошириши мумкин.
Учинчи – ёқилғи ва хомашё экспорти кучайишига асосланадиган саноат ривожланишининг экспорт-хомашё модели салоҳияти тугаши.
2030 йилгача Концепция доирасида қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш назарда тутилади:
1. ЯИМ ўсиши суръатига қайта ишловчи саноатнинг улуши ҳиссасини 2018 йилдаги 21,9 фоиздан 2030 йилда 35,4 фоизгача, саноатда 47,6 фоиздан 89,6 фоизгача кўпайтириш
2. Пахтани чуқур қайта ишлаш даражасини 100 фоизгача етказиш.
2030 йилга қадар миллий иқтисодиёт таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга ошириш белгиланган4.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “Саноат соҳасидаги сиёсатни самарали амалга ошириш, саноатни инновацион асосда ташкил этиш, уни ривожлантиришда драйвер ва ўсиш нуқталарини жалб этиш орқали саноат тармоқлари рақобатбардошлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, “яшил технология”ларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ташқи бозорларда юқори талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим”5,-деб таъкидлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |