Виждон. Ахлоқшуносликнинг ниҳоятда таъсир доираси кенг тушунчаларидан бири виждондир. Виждон - Зигмунд Фройд таъбири билан айтганда, ало мен, мен устидан назорат ўрнатиб, уни бошқариб турувчи иккинчи бир, юқори даражадаги мен. Агар уят ҳисси инсоннинг ташқи, жамиятга боғлиқлигидан келиб чиқса, виждон унинг ички ўз-ўзига боғлиқлигини намоён этади. Бу ички боғлиқлик ташқи боғлиқликка нисбатан теран ва доимийдир: уят маълум бир вақт ичида одамнинг ўз ножўя ҳаракати туфайли юзага келган ўнғайсизлиги бўлса, виждон азоби, бу оддий ўнғайсизлик эмас, балки қалб-даги, одамдаги одамийликка эътиқоднинг фарёди, талаби; уни қондирмас экансиз, ҳеч қачон азоб тўхтамайди. Уят билан виждонни, шу боис, денгиздаги муз тоғига – айсбергга ўхшатиш мумкин: юзага уят тарзида чиқиб турган қисми теранликдаги қисмидан юз, балки минг баробар кичик.
Виждон ҳам ахлоқшуносликнинг бошқа баъзи асосий тушунчалари каби баҳолаш хусусиятига эга. Лекин бу баҳолаш ҳеч қачон объектга қаратилмайди, у субъектнинг хатти-ҳаракатларини баҳолайди, яъни унда субъект ўзи учун ички объект вазифасини ўтайди.
Кўпинча виждон тушунчаси ўрнида имон иборасини учратиш мумкин. Имон аслида диний тушунча. Лекин ҳаётда виждон тушунчасининг синоними тарзида ишлатилади. Афсуски, одатда, кўпчилик адабиётларда виждон мезоний тушунчасига «субъектив» ҳодиса тарзида қараб, адолат, бурч, номус сингари тушунчаларни унга қараганда ижтимоий аҳамиятлироқ деб баҳолаш, уларни «тўрга чиқариш» ҳоллари тез-тез учраб туради. Ваҳоланки, виждонсиз одамдан ҳеч қачон адолатни ҳам, бурчга садоқатни ҳам, ор-номусни ҳам кутиш мумкин эмас.
Номус тушунчаси бир томондан, бурч билан боғлиқ бўлса, иккинчи жиҳатдан, қадр-қиммат тушунчасига алоқадор. Зеро, номус моҳиятан шахснинг ўз қадр-қимматини англаб етиши, шу қадр-қимматнинг жамият томонидан тан олиниши ёки олинмаслигига нисбатан бўладиган муносабати билан белгиланади. Бироқ, бу номус қадр-қиммат тушунчаси билан бир хил маънога эга, дегани эмас. Чунки қадр-қиммат шахсдан ўзининг бошқа одамларга нисбатан камситилмаслигини, атрофдагилардан барча инсоннинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини ўзига нисбатан қўллашларини талаб қилади. Номус эса ўз қадр-қимматини билишдан ташқари, ҳар бир шахснинг жамиятда алоҳида, ўзига хос тарзда эгаллаган мавқеи ва шу мавқени доғ туширмай сақлаш-сақламаслиги билан боғлиқ. Бу мавқе эса, шубҳасиз, ўша шахснинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, касби, ёши ва унга нисбатан бериладиган ахлоқий даража билан муайянлашади. Масалан, уйингизда бир кун келиб оддий ишларни бажариб кетадиган мардикор билан номи кетган машҳур бинокор-устанинг, корхона раҳбари билан котибанинг, бобо билан набиранинг номусни тушуниши бир хил эмас. Шу маънода қадр-қимматни номус тушунчасининг дастлабки босқичи, ибтидоси деб айтиш мумкин.
Гоҳида номусни ор тушунчаси билан чалкаштириш ҳоллари ҳам учраб туради. Лекин, аслида, номусга нисбатан ор анча тор қамровдаги, нисбатан залварсиз тушунча. Чунончи, ориятли одам деганда, ўз сўзининг устидан чиқадиган, садақа тарзида қилинган мурувватлардан баланд турадиган шахс тушунилади. Номуснинг тоши оғир - ижтимоийлик хусусиятига эга, кенг қамровли. Номус йўлида инсон ҳатто ўз ҳаётидан кечиши мумкин, одамлар ўз номуси, оила номуси, миллат номуси деб курашадилар. Бу ҳақда кўплаб бадиий асарлар, панд-ўгитлар яратилган.
Идеал, бир қараганда, баҳолаш хусусиятидек туюлади. Лекин аслида у қиёслашга асосланади. Антиқа томони шундаки, идеалда номавжуд, хаёлдаги инсонга воқеликдаги реал, мавжуд инсон, ҳаётдаги ҳодисалар қиёсланади, яъни бор нарса йўқ нарса билан ўлчанади. Зеро, идеал ҳаётда мавжуд бўлиши мумкин эмас - бу ҳаммага аён гап. Бунинг устига, идеал, йирик маънода, ҳозирги замонда ҳам, келажакда ҳам бўлмайди, унинг мавжудлик шарти - ўтган замон. Шундай қилиб, идеалга интилиш шахснинг ўз замонасидаги одатий шароитга сиғмаслик, уни тезроқ кенгайтириш учун қилинган хатти-ҳаракатидир. Бу хатти-ҳаракат учун намунани инсон, ҳозиргина айтганимиздек, келажакдан тополмайди, чунки намуна тарихийликни, тажрибавийликни талаб этади; ахлоқий идеалга айланган шахс тарихий тажрибадагина мавжуд бўлади ва муайян замонга келиб, у маълум маънода муболағавий ҳамда афсонавий таъриф-тавсиф билан бойитилади, яъни идеаллаштирилади. Бунга идеал одил подшо Нўширавон, одил ёки идеал саховат эгаси, жўмард инсон Ҳотам Таий Яманий сиймолари ёрқин мисол бўла олади.
Инсон идеал сари интилади, ўз ҳаётини унга қиёслайди, унга тақлид қилади. У инсон ҳаётидаги энг олий ахлоқий талабки, унинг бажарилиши шахсни комилликка етказади. Албатта, ҳаётда бунга тўла эришиб бўлмайди, лекин инсон ана шу комилликни ўзига намуна билиб, идеалга интилиб яшаши жараёнида нисбий-ҳаётий комилликни қўлга киритади.
Дунёвий идеал билан, тўғрироғи, ижтимоий-ахлоқий идеал билан диний идеал, бир қараганда, ўхшашдек кўринса-да, аслида кескин фарқ қилади. Диний идеал ҳеч қачон ўзгармайди, боқий, ижтимоий-ахлоқий идеаллар эса ўзгариши мумкин ва кўп ҳолларда ўзгариб туради.
Идеал, умуман, жамиятда, шахс ҳаётида ижобий ҳодиса. У инсоният тарихида ёруғ маёқ вазифасини ўтаб келмоқда, бундан кейин ҳам унинг асосий вазифаси шундай бўлиб қолажак. Чунки идеалда ҳар бир инсон ўз бахтининг ҳиссиётли ифодасини кўради, ҳаётининг маъносини унга қараб интилишда деб билади.
Do'stlaringiz bilan baham: |