Ўлим ва ўлмаслик аҳлоқшуносликдаги энг мураккаб тушунчалардир. Аввало шуни айтиш керакки, ўлим шу пайтгача ахлоқий тушунча сифатида «расмий» олиб қаралмаган. Ваҳоланки уни энг катта ёвузлик, энг улкан бахтсизлик тарзида талқин этиш одат тусига кирган. Мантиқан олиб қаралганда, эзгулик ва бахтнинг зидди бўлган тушунча ахлоққа таалуқли, яъни иллатдир. Зеро ўлим олий қадрият бўлмиш инсон ҳаётини кесиб қўяди, унинг эзгуликлар, яхшиликлар қилига бўлган имкониятини йўққа чиқаради. Масалан, Ибн Сино, жуда бўлмаганда, яна ўн йил яшаганида 67 ёшга кирганида қанчадан - қанча эзгу ишлар қилган, фалсафа, тиббиёт ва бадиий адабиёт соҳасида кўплаб буюк асарлар яратган бўлур эди. Ўлим уни, у орқали бизни ҳам ана шу маънавий эзгуликларидан маҳрум қилди. Демак, ўлим, фақат биологик ёки табиий тушунча эмас, унинг моҳияти аҳлоқийлик билан чамбарас боғлиқ. Тўғри ўлим – ҳақ. Лекин бу ерда ўлимнинг турлари мавжудлигини унутмаслик лозим.
Ўлимнинг биринчи тури, бу- табиий, ташқи табиат ва инсон ички табиати билан боғлиқ ўлим. У икки хил бўлади: биринчиси – одатий ўлим, у қарилик туфайли, инсон аъзоларининг ҳаётни давом эттиришга яроқсизлиги туфайли рўй беради. Иккинчиси – ҳалокат, у бирор бир табиий офат, ёки тасодифлар туфайли воқе бўладиган ўлим. Иккинчи турдаги ўлим – жамият билан боғлиқ, у ҳам икки хил бўлади. Биринчиси – мажбурий ўлим, у одатда жазо шаклида амалга оширилади. Иккинчи хили – бу дунёдаги азоб–уқубатлардан, улар ҳоҳ руҳий, ҳоҳ жисмоний бўлсин, қутилиб, уйқу билан мангу ором олиш учун ихтиёрий тарзда амалга ошириладиган ўлим, тотли ўлим ёки эвтаназия деб аталади. Айни ана шу иккинчи турдаги ўлим ахлоқ билан боғлиқ. Чунончи иккинчи турдаги ўлимнинг биринчи хили – улкан ёвузлик ҳисобланади. Шунга кўра ўлим жазоси ёвузликка қарши ёвузлик кўрсатишдир.
Ўлим борасидаги мулоҳазаларда яна бир муҳим масалага тўхталамоқ жоиз. Хўш ўлим, одатда қабул қилинган тарзида, энг улкан ёвузликми? Бунга диалектик ёндашув, орқали жавоб бериш лозим. Ўлим оғир йўқотиш. «Лекин ўз ўзича у табиий ҳодиса – ёвузлик эмас... У узоқ давом этган биологик (эволюция) мобайнида фойдали ва зарур аҳамиятга эга бўлди»11
Дарҳақиқат, ўлим ва ҳаёт, бошқача айтганда, ҳаёт ва мамот бир - бири билан узвий диалектик боғлиқ табиий ҳодисалардан. Бу дунёда ҳаётсиз ўлим, ўлимсиз ҳаётнинг бўлиши мумкин эмас. Буни Ламетри образли қилиб шундай изоҳлайди: «Нарсалар дунёсида, ўлим арифметикадаги нолнинг ўзгасини бошқа нарса эмас»12 Фақат бевақт, фожеавий ўлимни ёвузлик тарзида талқин этиш мумкин. Чунки айнан шундай ўлим туфайли, юқорида айтганимиз, инсонни жамият ва оила учун қиладиган эзгу ишлар тўхтайди: фожеавий қаҳрамон «ўз эркини йўқотиши билан айнан ана шу эркинликнинг мавжудлигини исботлаб, ўзининг эркин ихтиёрини эълон қилиб, ҳалок бўлади».13
Биз ўлмаслик деганида асосан ана шу ҳолатни, ижтимоий - аҳлоқий идеал сифатидаги ўлмасликни тушунамиз. Жисман ўлмаслик тўғрисидаги фикрлар эса тиббиёт муаммоси бўлиб, унга эришнинг имкони, йўқ, зеро кексайиш, инсон аъзоларининг қариши мавжуд экан, улар албатта ўлимга олиб боради.
Баъзи тадқиқотчилар, чунончи И. В. Вишев, инсон космосга чиқмасдан олдин, космос ҳақида фикрлаган, илмий ишлар олиб борган эди, ўлмаслик ҳақида ҳам шундай фикр билдирса бўлади, мумкин, фан тараққиёти шунга олиб келиш мумкин деган ҳаётбахш руҳдаги гипотезани илгари суради. Айни пайтда бу масалада «амалдаги ўлмаслик» тушунчаси билан «ўлмаслик» тушунчасини қориштириб юбормаслик мухим шарт» эканини таъкидлаб ўтади.14. Демак, ўлмаслик мавжуд ва у аҳлоқий тушунча сифатида олиб қаралиши лозим. Шу маънода ахлоқий юксак, фидойи, ижтимоий–ахлоқий идеалга айланган инсонларгина абадийликка даҳлдордир.
Асосий мезоний тушунчалар - категориялар сингари ахлоқий тамойиллар ҳам ахлоқий англаш шаклларидан ҳисобланади. Уларда ахлоқий талаб нисбатан умумий тарзда кўзга ташланади. Улар жамият томонидан шахсга қўйиладиган талаб тарзида намоён бўлиб, инсоннинг ахлоқий моҳиятини, унинг ҳаёти мазмунини, одамлар билан ўзаро алоқаларидаги асосий жиҳатларни белгилаб беради. Натижада тамойиллар, инсон хатти-ҳаракатининг умумий йўналишини кўрсатган ҳолда, кўпгина ахлоқий меъёрлар учун асос бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |