Инсонпарварлик ахлоқий тамойилларнинг энг қадимий ва энг муҳимларидан бири бўлиб, у - инсоннинг юксак ижтимоий вазифасини белгилайдиган ва барқарор этадиган ғоялар, қарашлар ва эътиқодлар мажмуи, шахс эрки, қадр-қиммати, унинг бахтли бўлиш ҳуқуқини талаб этиш имконининг мавжудлигига енгилмас ишонч. Инсонпарварлик тамойилини дастлаб Оврўпа Уйғониш мутафаккирлари илгари сурганлар, деган фикр мавжуд. Аслида, инсонпарварлик даставвал Шарқда ўртага ташланган, инсонийлик, инсонпарварлик деган маънони билдирувчи «намлулу» сўзи бундан 3-4 минг йиллар аввалги қадимги Сомир мих хатларида учрайди.
Инсонпарварлик - умуминсоний қадриятлар сирасига киради. Шу сабабли уни шўролар даврида синфийлик нуқтаи назаридан сохталаштириш муваффақиятсизликка учради, пролетар диктатураси ва тоталитар социалистик тузум ҳамда улар ижодкорларининг инсонпарварлиги ҳақидаги афсоналар жуда қисқа умр кўрди. Зеро, биз қураётган эркин фуқаролик жамияти нафақат инсонга меҳр-муҳаббат ва иззат-ҳурмат кўрсатишни асосий тамойил қилиб олган, балки шахснинг ҳар томонлама камол топиши учун зарур бўлган ҳақиқий инсоний шарт-шароитларни яратишни ҳам ўз олдига олий мақсад қилиб қўйган.
Ватанпарварлик энг маълум ва машҳур тамойил бўлиб, у инсоннинг ўз Ватанига муҳаббатини, уни асраб-авайлашга бўлган иштиёқини англатувчи ахлоқий тушунча. Уни кўпинча Ватан душманларига қарши маънавий-мафкуравий қурол сифатидагина талқин этадилар. Аслида эса бу тамойилнинг қамрови анча кенг - у инсонпарварликнинг нисбатан муайянлашган шакли. У, энг аввало, ўз ватандошлари эркини асраш учун кураш, инсон озодлиги йўлидаги хатти-ҳаракатлардир. Ватан ҳимояси, бу - инсон ҳимояси, миллат ҳимояси. Лекин бу ҳимоя, юқорида айтганимиздек, фақат жанг майдонида эмас, балки барча соҳаларда ҳам намоён бўлиши мумкин.
Ватанпарварлик тамойили Ватан тушунчасини фидойиларча идрок этиш, муайян ҳудуд ва халққа муҳаббат ҳисси сингари омиллар билан боғлиқ. Зотан, маълум бир мамлакат фуқароси ўша мамлакатдаги асосий этник гуруҳ вакили бўлмаслиги ҳам мумкин. Турли шарт-шароит тақозоси билан бошқа бир ҳудудга, мамлакатга келиб қолиб кетган фуқаролар, ўз тарихий ватанидан олисда туғилганлар кам эмас. Уларнинг кўпчилигида «тарихий Ватан» тушунчаси хаёлий бир қўмсаш, ширин ғусса, ўткинчи интилиш тарзида ифода топади. Аслида эса бу - мазкур Ватанга муҳаббат эмас, балки ўз аждодларига, олис хотирага ҳурматдан, экзотик ҳиссиётлардан келиб чиқади; ҳақиқий муҳаббат эса, шароит ҳар икки Ватандан бирини танлашни тақозо этганда, ҳозир яшаб турган Ватани ва ватандошларига нисбатангина мавжуд экани аниқ-равшан аён бўлади.
Мазкур ҳолатни ажойиб гуржи ёзувчиси Нодар Думбадзе ўзининг «Hellados» ҳикоясида ғоятда жонли тасвирлаб берган....15.
Демак, ватанпарварлик тамойили хаёлий туйғуга эмас, балки муайян замонга, муайян ватандош-инсонларга бўлган муҳаббатга асосланган ахлоқий хатти-ҳаракатлар жамулжамидир. Ҳозирги пайтда ёшларимизда ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш, уларни Ватан маъносини теран англаб етишга ўргатиш, ватанпарварлик - юксак ахлоқий тамойил эканини тушунтириш ахлоқшуносликнинг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |