Ўзбекистонда қадимдан ўзини ўзи бошқариш органи бўлган маҳалла назоратчилик функцияларини ҳам бажарган. Бундай функцияни маҳалла жамоаси юқоридан туширилган фармонлар, буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий меъёрларга муносабат билдириш шаклида ифодалаган. Жамоатчилик назорати узоқ тарихга эга бўлса ҳам, уни илмий тушунча сифатида фанга ижтимоий психологиянинг асосчиларидан бўлган Т.Тард олиб кирди. Унинг талқинида мазкур тушунча жиноятчининг хулқ-атворини меъёрий қоидалар доирасига қайтариш учун қўлланиладиган усуллар мажмуини ифодалаган. Кейинроқ, бу тушунчанинг мазмуни анча кенгайди. Бундай кенгайиш америкалик социологлар Э.Росс ва Р.Парк тадқиқотлари туфайли юз берди. Уларнинг талқинида жамоатчилик назорати индивидга унинг хулқ-атворини ижтимоий меъёрларга мос келтириш мақсадида ўтказиладиган таъсирни англатади. Санкциялар ― жамоатчилик назоратининг элементи. Алоҳида шахслар ва ижтимоий гуруҳларнинг хатти-ҳаракатига тезкор муносабат билдириш мақсадида жамият ижтимоий санкциялар тизимини яратган. Санкциялар ўз моҳиятига кўра, алоҳида шахс ва ижтимоий гуруҳлар, муассаса ва ташкилотларнинг хатти-ҳаракатига муносабатдир. Ижтимоий санкциялар тизимининг вужудга келиши тасодифий ҳол эмас. Меъёрлар жамият қадриятларини ҳимоя қилиш мақсадида яратилган бўлса, санкциялар ижтимоий меъёрлар тизимини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Меъёр санкция ёрдамида ҳимоя қилинмаса, унга одамлар амал қилмай қўяди. Санкциялар моддий ва маънавий бўлиши мумкин. Моддий санкциялар вазифасини жарима, мол-мулкни мусодара қилиш кабилар бажаради. Маънавий санкциялар эса танқидий фикр, хайфсан, кесатиқ, пичинг, изза қилиш каби шаклларда бўлиши мумкин. Фуқаролик жамияти институтлари маъмурий ва ҳуқуқий санкцияларни қўллаш ваколатига эга эмас. Улар фақат маънавий санкцияларни қўллаши мумкин. Лекин ўринли ва тўғри қўлланган маънавий санкцияларнинг кучи ҳуқуқий санкциялар кучидан кам бўлмаслиги мумкин. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат ҳокимияти органлари фаолияти қонунларга мослигини назорат қилиш ҳуқуқи уларнинг давлат бошқарувидаги фақат якуний-назорат босқичида иштирок этиши билангина чекланмайди. Улар ўзларининг мазкур ҳуқуқини давлат бошқарувининг аввалги босқичлари, яъни режалаштириш ва ташкиллаштириш босқичларида ҳам намоён қилишлари мумкин.Шунинг учун нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг қонунларга мослигини назорат қилиш ҳуқуқини фақат назорат босқичигабоғлаб қўйиш унчалик тўғри бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |