Пайдо бўлиши. Христианлик буддизм ва ислом динлари қаторида жаҳонда энг кенг тарқалган динлардан бири ҳисобланади. Ушбу дин таравдорларининг миқдори бошқа динларга қараганда энг кўп бўлиб, бу кўрсаткич дунё аҳолисининг деярли учдан бирини (тақрибан 28 фоизи) ташкил этади.
Христианлик, асосан, Европа, Америка, Австралия ҳамда қисман Африка ва Осиё қитъаларида тарқалган.
Христианлик милоднинг бошида Рим империясининг шарқий қисмида жойлашган Фаластин ерларида вужудга келди. Исо Масиҳ (Иисус Христос), Библиянинг хабар беришига кўра, христианлик таълимотининг асосчиси бўлиб, у Рим империяси ташкил топганининг 747 йили Фаластиннинг Назарет қишлоғида бокира қиз Марямдан Худонинг амри билан дунёга келди. Янги эранинг бошланиши ҳам Исо Масиҳнинг дунёга келиши билан боғлиқ.
Милоднинг бошларида яҳудийлар ҳокимиятнинг уч табақаси билан боғлиқ оғир тушкунликни бошдан кечирар эдилар. Бир томондан, Рим императори ва унинг жойлардаги ноиблари, иккинчи томондан, Фаластин подшоҳи Ирод Антипа, учинчи томондан эса руҳонийлар халқни турли солиқлар ва мажбуриятлар билан кўмиб ташлаган эдилар. Худди шу даврда яҳудийлар ўртасида кутилаётган халоскорнинг келиши яқинлашиб қолганлиги ҳақида хабар тарқатувчилар пайдо бўлди. Улар халқни кутилаётган халоскор келишига тайёрлаш учун чиққан эдилар. Шунда Исо Масиҳ яҳудийликни ислоҳ қилиш ва уни турли хурофотлардан тозалаш ғояси билан чиқиб, христиан динига асос солди. Яҳудийлар уни ва унинг издошларини Фаластиндан қувғин қилдилар. Исони 33 ёшида фитначиликда айблаб, қатл этишга ҳукм қилдилар.
Исонинг тарихи хусусида диний ва диний бўлмаган манбалар орасида ихтилоф мавжуд: христиан манбаларида Исонинг ўзи худо бўла туриб, инсониятнинг гуноҳларини ўзига олиш учун одам қиёфасида туғилгани, унинг ҳаёт тарзи, инсонлар билан мулоқоти ҳақидаги маълумотлар қайд этилса-да, диний бўлмаган манбаларда Исо номи учрамаганлигини назарда тутиб, у тарихий эмас, балки афсонавий шахс деб ҳисобловчилар ҳам бор.
Исо номига қўшилувчи “Масиҳ” сўзи қадимий яҳудий тили – ивритдаги мешиах сўзидан олинган бўлиб, «силанган» ёки «сийланган» маъноларини беради. Юнон тилида бу сўз «христос» шаклига эга. Бу диннинг «христианлик» ёки «масиҳийлик» деб аталиши ҳам шу сўзлар билан боғлиқ. Бундан ташқари христианликни Исо Масиҳнинг туғилган қишлоғи – «Назарет» билан боғлаб, назрония деб ҳам атаганлар. Кейинчалик бу ном насрония шаклини олган.
Исо Масиҳ ўз таълимотини ўзининг 12 ўқувчиси апостоллар – ҳаворийларга ўргатди. Улар эса Исонинг вафотидан кейин устозларининг таълимотларини ҳар бирлари алоҳида-алоҳида тарзда китоб шаклига келтирдилар. Бу китоблар Библиянинг «Янги Аҳд» қисмини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |