Православ оқимидаги диний мансаблар. Православ оқимидаги диний мансаблар. Православ черковида руҳонийлар уч табақага бўлинади: 1) диакон, 2) руҳоний (священник), 3) епископ.
Диакон (грек. “хизматчи”) руҳонийликнинг энг қуйи табақаси ҳисобланади. У мустақил ҳеч қандай ибодатни бошқара олмайди, балки фақатгина руҳоний ёки епископга ибодат маросимини ўтказишда ёрдам бера олади, холос. Уни руҳонийлик сирлилигига (таинство) епископ қабул қилади. Катта диаконлар протодиакон, роҳиб диаконлар иеродиакон, катта иеродиаконлар архидиакон деб аталади.
Руҳоний (священник) ёки иерей православ руҳонийлигининг иккинчи табақаси ҳисобланади. У бошқаларни руҳонийликка бағишлаш ва черков сувини муқаддаслаштиришдан бошқа барча сирли маросимларни бажара олади. Кичик руҳонийлар иерей, катта руҳонийлар протоиерей ва энг катта руҳонийлар протопресвитер деб номланади.
Епископ ёки архииерей руҳонийликнинг энг олий унвони ҳисобланади. Епископлар барча ибодат ва сирли маросимларни бажара оладилар. Шунингдек, улар маълум бир шаҳар, вилоят черкови ёки епархияни бошқара оладилар. Нисбатан каттароқ епископлар архиепископ дейилади. Пойтахт шаҳарларнинг епископлари митрополит деб аталади. Православ черковининг энг олий мансаби патриархдир.
Католик оқими. Христианликнинг йирик йўналишларидан бири католик оқимидир. У Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида тарқалган бўлиб, мухлислари тахминан 800 млн. кишини ташкил этади.
Католицизм “умумий, дунёвий” деган маъноларни ифодалайди. Унинг манбаи унча катта бўлмаган Рим Христиан жамоаси бўлиб, ривоятларга кўра унинг биринчи епископи апостол Петр бўлган. Католик диний таълимотининг асосини Муқаддас китоб ва Муқаддас ёзувлар ташкил қилади. Бироқ православ черковидан фарқли ўлароқ католик черкови Муқаддас ёзувлар деб нафақат аввалги етти Бутун Олам Христиан Соборларининг қарорларини, балки ҳозиргача бўлиб ўтган барча соборлар қарорларини, бундан ташқари Папанинг мактублари ва қарорларини ҳам ҳисоблайди.
Католицизмда Библияни шарҳлаш ҳуқуқи фақатгина руҳонийларга берилади, чунки улар уйланмаслик – целибат ҳақидаги диний талабга амал қиладилар. Диний ибодатлар дабдабали ва сохталаштирилган кўринишга эга, диний ўқиш, дуо, илтижолар лотин тилида олиб борилади. Православиядаги каби католицизмда ҳам фаришта, икона, илоҳий куч, чиримайдиган марҳум жасадларига сиғиниш одатлари мавжуддир.
Католицизм христианликнинг йўналишларидан бири сифатида унинг асосий ақида ва қоидаларини тан олади, бироқ диний таълимот, сиғиниш ва ташкилий масалаларда бир қатор хусусиятлари билан фарқланади.
Католик черкови ташкилоти қатъий марказлашув билан ажралиб туради. Рим папаси бу черковнинг бошлиғи бўлиб, у диний ахлоқ масалаларига оид қонун-қоидаларни белгилайди. Унинг ҳокимияти дунёвий соборлар ҳокимиятидан юқори туради.
Католик черковининг марказлашуви, жумладан, диний таълимотни ноанъанавий таҳлил қилиш (шарҳлаш) ҳуқуқида акс этган догматик тараққиёт тамойилини келтириб чиқаради. Масалан, православ черкови томонидан тан олинган диний рамзда таъкидланишича, Муқаддас Руҳ Ота-Худодан келиб чиқади. Католик ақидасига кўра эса Муқаддас Руҳ Ота-Худодан ва ўғил-Худодан келиб чиқади. Черковнинг нажот борасидаги роли ҳақида ҳам ўзига хос алоҳида таълимот шаклланган. Нажотнинг асоси имон ва хайрли ишлар ҳисобланади. Черков, католик таълимотига кўра, хайрли зарурий ишлар хазинасига – Исо томонидан яратилган «Хайрли ишлар захирасига» эга.
Черков Исо, Биби Марям, Муқаддас Руҳ номидан бу хазинани тасарруф қилиш, ундан муҳтожларга улашиш, яъни гуноҳларни афв этиш, надомат чекувчиларга кечирим туҳфа қилиш ҳуқуқига эга. Пул ёки туҳфа эвазига авф қилиш ҳуқуқига эга. Пул эвазига ёки черков олдидаги хизматлари учун гуноҳларни кечириш – индульгенция ҳақидаги таълимот мана шундан келиб чиққан.
Аъроф ҳақидаги (дўзах ва жаннат оралиғидаги мавзе) ақида фақат католик таълимотида мавжуд. Гуноҳи катта бўлмаган гуноҳкорларнинг руҳи у ерда ўтда куяди (эҳтимол, бу виждон ва надомат азобининг рамзий инъикосидир), кейин жаннатга йўл топади. Руҳнинг аърофда бўлиш муддати хайрли ишлар туфайли қисқартирилиши (ибодат ва черков фойдасига хайр-эҳсон қилиш билан) мумкин. Бу ибодат ва хайр-эҳсонлар ўлганлар хотирасига яқинлари томонидан қилинади.
Аъроф ҳақидаги таълимот I асрдаёқ пайдо бўлган эди. Православ ва протестант черковлари аъроф ҳақидаги таълимотни рад этади.
Бундан ташқари православ дини таълимотидан фарқли ўлароқ, католик йўналишида папанинг бегуноҳлиги ҳақидаги ақида ҳам бор. Бу ақида 1870 йилдаги биринчи Ватикан соборида қабул қилинган. Ғарб черковининг Богородицага нисбатан алоҳида эътибори 1950 йилда папа Пий XII томонидан киритилган Биби Марямнинг меърожи ҳақидаги ақидада ўз аксини топди. Католик таълимоти православ таълимоти каби етти асрорни тан олади, бироқ бу асрорларнинг талқин қилинишида қарашлар мос келмайди. Масалан, причешение (тамадди) қилиш қаттиқ нон билан (православияда бўктирилган нон билан) дунёвий(миряне)ларга нон ва вино билан, шунингдек, фақат нон билан амалга оширилади. Чўқинтириш сирини ўташ пайтида сув сепилади (чўқинтирилувчига), муз остидаги сувга чўктирилмайди.
Миропомазание (чўқинувчининг пешонасига елей суркаш) етти-саккиз ёшларда амалга оширилади, гўдаклигида эмас. Бунда ўспирин (бола) яна битта исмга эга бўлади. Бунда у ўша авлиёнинг қилмишлари ва ғояларини мақсад қилиб қўяди. Шундай қилиб, бу русумнинг ижро этилиши имон мустаҳкамланишига хизмат қилиши зарур.
Православларда никоҳсизлик русумини фақат қора руҳонийлик қабул қилади. Католикларда эса никоҳсизлик (целибат) папа Григорий VII томонидан жорий қилинган қоидага кўра барча руҳонийлар учун мажбурийдир.
Дин маркази эҳромдир. Католицизмнинг муҳим элементлари черковга қатновчилар ҳаётининг маиший асосларини тартибга солувчи байрамлар, шунингдек, постлардир.
Милодий пост католикларда адвент деб аталади. У Авлиё Андрей кунидан кейинги биринчи якшанба – 30 ноябрда бошланади. Улар уч ибодат билан: ярим тундаги, эрталабки ва кундузги ибодат билан нишонланиб, Биби Марямнинг ҳомиладор бўлиши, Исонинг туғилиши ва диндорнинг қалбида бўлиши каби рамзий маънони англатади. Ўша куни таъзим қилиш учун эҳромларда гўдак Исонинг тимсоли қўйилган беланчаклар ўрнатилади.
Католик иерархиясида уч даражадаги руҳонийлар бор: диакон, руҳоний (кюре, патер, кендз), епископ. Епископни папа тайинлайди. Папани кардинал коллегия сайлайди. Бунда умумий овознинг учдан икки қисми қўшув 1-овоз (яширин овоз бериш) йўли билан II Ватикан соборида (1962-1965 йиллар) черков ҳаётининг барча жабҳаларини янгилаш, замонавийлаштириш жараёни бошланди. Бу биринчи навбатда ибодат анъаналарига тегишли бўлди. Масалан, ибодатни лотин тилида олиб боришдан воз кечилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |