Протестантизм. Протестантизм тарихи Мартин Лютердан (1483-1546) бошланади. У XVI асрда Европада католикларга қарши қаратилган Реформация ҳаракати билан бoғлиқ жуда кўп мустақил черковлар ва секталарни ўз ичига олади.
Протестантизм атамаси «протест» (норозилик) сўзидан келиб чиққан. Бундай номни олишига сабаб 1526 йилда Шпейер рейхстаги немис лютерчи князлари талаби билан ҳар бир немис князи ўзи ва фуқароси учун хоҳлаган динни танлаш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида қарор қабул қилди. Аммо 1529 йилда иккинчи Шпейер рейхстаги бу қарорни бекор қилди. Бунга қарши империянинг барча шаҳарлари ва беш князлик норозилик (протест) эълон қилди.
Протестантизмнинг илк шакллари: лютерчилик, цвингличилик, кальвинизм, унитаризм ва социнчилик, анабаптизм, менночилик ва англиканчилик эди. Кейинроқ «сўнгги протестантизм» шакллари: баптистлар, методистлар, квакерлар, адвентистлар, Иегова шоҳидлари, мормонлар ёки «Охират авлиёлари», «Нажот армияси», «Христиан фани», пятидесятниклар ва бошқа диний оқимлар пайдо бўлди. Бу оқимларнинг кўпчилиги «диний уйғониш», илк христианлик ва Реформация идеалларига қайтиш шиори остида ташкил топди. Ҳозирги вақтда протестантизм дунёнинг барча қитъаларида кенг тарқалган. Протестантизмнинг жаҳон маркази АҚШда, бу ерда баптист, адвентист, Иегова шоҳидлари ва бошқаларнинг қароргоҳлари жойлашган. Ҳозирги протестантизм интеграция (бирлашиш)га интилмоқда, бу 1948 йилда Жаҳон черковлари кенгашининг тузилишида ўз ифодасини топди.
Протестантизм илоҳиёти христиан мафкурасининг бир кўриниши сифатида ўз тараққиётида муайян босқичлардан ўтди. XVI acp ортодоксал илоҳиёти (М. Лютер, Ж. Кальвин), XVIII – XIX acpлардаги янги протестантизм ёки либерализм илоҳиёти (Ф. Шлейермахер, Э. Трёльч, А. Гарнак), Биринчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган диалектик илоҳиёт (К. Барт, П. Тиллих, Р. Бультман), Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тарқалган радикал ёки «янги» илоҳиёт (Д. Бонхеффер ва бошқалар) шулар жумласидандир.
Протестантизм Худонинг борлиги, унинг уч қиёфада намоён бўлиши, жоннинг ўлмаслиги, жаннат ва дўзах (католицизмдаги аърофдан ташқари) ҳақидаги, ваҳй ва бошқалар тўғpиcидaги умумхристиан тасаввурларини эътироф этади. Бироқ Лютер католик черкови билан алоқани узиб, протестант черковининг асосий қоидаларини ишлаб чиқди ва уни ҳимоя қилди. Бу низомга кўра инсон Худо билан бевосита мулоқот қилиши мумкин. Папанинг диний ва дунёвий ҳокимият, католик диндорларининг имонни ва виждонни инсон билан Худо ўртасидаги воситачи сифатида назорат қилиш ҳақидаги мулоҳазаларига Лютернинг қарши чиқиши жамоатчилик томонидан фавқулодда диққат билан тингланди.
Протестантизмнинг моҳиятига кўра илоҳий лутфу марҳамат инсонларга черковнинг иштирокисиз инъом этилади. Инсоннинг нажот топиши унинг шахсий эътиқоди ва Исонинг воситаси орқали рўй беради. Авом руҳонийлардан фарқланмайди, руҳонийлик ҳамма диндорларга бир хилда жорий этилади.
Протестантлик диний маросимларнинг кўпчилигини бекор қилди, фақатгина лютеранликда нон ва вино билан чўқинтириш сақланиб қолди.
Ўлганларга бағишланган дуо ўқиш, азиз-авлиёларга сиғиниш, муқаддас мурдаларга, санамларга топиниш бекор қилинди. Ибодат уйлари ортиқча ҳашамлардан, меҳроблардан, санамлар, ҳайкаллардан тозаланди, руҳонийларнинг уйланмаслик шартлари бекор қилинди. Ибодатлар фақатгина лотин тилида олиб борилиши, Библиянинг фақатгина руҳонийлар томонидан шарҳланиши зарурлиги шартлари инкор этилди. Библия миллий тилларга таржима қилинди, уни шарҳлаш ҳар бир художўйнинг энг муҳим бурчи бўлиб қолди. Асрор (таинства)лардан фақат чўқиниш ва мансублик (черковга) эътироф этилади. Ибодат ваъз-насиҳатлар, биргаликдаги ибодат ва сураларни куйлашдан иборат бўлди.
Лютер томонидан тузилган Реформация бош таомиллари 95 тезис шаклида ёзиб берилган. Улар Виттенберг насроний черковининг шимолий эшикларига ёзиб қўйилган. Тезисларнинг бир нусхасида Исо пайғамбар: «Тавба қилинг, чунки самовий шоҳлик яқинлашиб қолди», деб жар солганида шуни таъкидлайдики, имон келтирганлар ҳаёти бошдан-оёқ тўхтовсиз тавба-тазаррудан иборат бўлмоғи даркор.
Тавба руҳоний (авлиё) олдидаги биргина тазаррудан иборат эмас. Биринчи тўрт тезисда Лютер таъкидлайдики, ҳақиқий тавба узоқ муддатли жараёндир, биргина хатти-ҳаракат билан рўёбга чиқмайди. Бу билан у католицизмдаги «аъроф» ва у билан боғлиқ индульгенция масаласини рад этади. Айтадики, папа фақат ўзи белгилаган жазони олиб ташлаши мумкин. Черков ҳеч қайси самовий жазодан инсонни озод қила олмайди. Тавба-тазарру қонунлари тириклар учун жорий қилинади (белгиланади). «Руҳлар учун индульгенция олган шахсларга тавба-тазарру қилиш талаб қилинмайди» деган таълимот Исо таълимоти эмас. Чиндан тавба қилган кишиларнинг гуноҳларини Худо кечади ва абадий азобдан озод қилади. Гуноҳкор папа ёрлиғисиз ҳам бундай мағфиратдан умид қилиши мумкин. Бу ерда ва кейинги бир қанча тезисларда папанинг аъроф устидан ҳукмронлиги рад этилади.
Лютер бир неча тезисларда таъкидлайдики, чиндан тавба қилган, надомат чеккан христиан «самовий жазога шошилмайди, яъни унга самовий жазо жорий этилмайди».
Лютернинг таъкидлашича, черковнинг ҳақиқий хазинаси муқаддас Инжил ва Худонинг марҳаматидир. «Хайрли амаллар хазинаси»нинг мавжудлиги камбағаллар учун эмас, бойлар учун фойдалидир, бу хазиналарга папа марҳамати билан эмас, ўз амаллари билан эришуви мумкин. Бу хил воситалар билан Худонинг меҳрини қозонмоқни Лютер сароб деб атайди.
Ҳақиқий христиан Исога эргашиш истаги билан ёнмоғи зарур. Нажот йўли рухсатнома ёрлиғида эмас, балки чин юракдан надомат чекмоқ ва тавба қилмоқдадир.
1517 йил 31 октябрда жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган тезислар шундан иборат. Кейинчалик бу кун протестантлар байрами бўлиб қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |