10.5. Эркин сайловларни ўтказишда оммавий ахборот воситаталарининг роли
Сўз ва фикр эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли. Айни чоғда, сайлов жараёнлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил этадиган бўлсак, ҳам миллий, ҳам халқаро амалий таж-рибага мувофиқ, ана шу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага тайёргарлик, уни ўтказиш даврида аҳолининг уч қатлами сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши айниқса жиддий аҳамият касб этади. Булар:
умумий аҳолининг муайян қисми ҳисобланувчи сайловчилар;
оммавий ахборот воситалари;
сайланадиган ўринлар учун курашаётган ёки овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатадиган сиёсий кучлар.
Сайловчиларнинг бу борадаги эркинликлари таъминланиши, шакшубаҳасиз, уларнинг тўла ва аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи нечоғли ижобат этилишида намоён бўлади. Сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг бундай эркинликлари эса ўз қарашларини эркин, ҳеч қандай сохталаштиришларсиз баён эта олиш, шунингдек, бу фикрлар сайловчиларга тушунарли бўладиган даражада етарли вақтга эга бўлиш лаёқатига боғлиқдир.
Демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар фуқароларнинг сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка кўрсатаётган номзодлари, сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаши лозим. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда муҳим восита бўлиб, фуқаролик жамиятининг сайловда фаол иштирок этишига жиддий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёни ва сайлов қандай ўтаётганини ёритиб бориши мустаҳкамланган. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситалари тенг шарт-шароит ва имкониятлар принципига амал қилган ҳолда, депутатликка номзодларга, сиёсий партиялар вакилларига ўз эфир вақти ва нашр майдонини қонунда белгиланган тартибда тақдим этади. Бундан ташқари, улар фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида сайлов жараёнида жамоатчилик назорати вазифасини бажаради.
Сайлов жараёнининг барча босқичлари очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ОАВ орқали ўз вақтида холис хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014, 2015 ва 2016 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил қилинди. Ушбу марказ Марказий сайлов комиссияси сайлов компаниясининг асосий босқичларига бағишлаб ўтказадиган брифинглар, матбуот анжуманларини ташкил этади, мамлакатимиз ва чет эл ОАВ вакилларини мазкур муҳим демократик жараён билан боғлиқ зарур ахборот материаллари билан таъминлайди. Журналистларни Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz сайтида эълон қилинган аккредитациядан ўтказиш тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига хорижий ва миллий ОАВ вакиллари билан қайтма алоқалар ўрнатилди.
Оммавий ахборот воситалари эркин демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Эркин ва адолатли сайловларнинг мазмун-моҳияти фақат мақбул муҳитда ўз овозини беришдан иборат эмас, балки сайлов жараёнларида барча сайловчиларга сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури, шунингдек, сайлов жараёнининг моҳияти ҳақида тўлиқ ахборот олиш шарт-шароитлари таъминланиши лозим. Бунинг натижасида сайловчилар тўлиқ ва етарли ахборот асосида ўзлари онгли равишда муносиб номзодни танлаб овоз бериш имконига эга бўлади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясини ёритиб бориш, сайловларнинг адолатли ҳамда қонуний ўтишига билвосита кўмаклашиш имконияти ҳуқуқий кафолатланган. Бинобарин, ушбу кафолатлар оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимиз сайлов тўғрисидаги қонунларида назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлари, мақсад ва вазифалари, бурч ҳамда масъулияти билан ўзаро уйғунлик касб этади.
Мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини кенг ёритишлари улар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Эркин ва адолатли сайловлар нафақат муайян муҳитда фуқароларнинг ўз овозларини бериш имконияти таъминланганлиги, балки уларнинг тегишли номзодлар ва умуман бутун сайлов жараёни тўғрисидаги ахборотларга доир ҳуқуқларни кафолатлаш билан ҳам амалга оширилади. Зеро, ҳар бир сайловчи ўзининг муайян номзодга бўлган овозини ушбу номзод ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлган тақдирдагина ишончли ва асосли бериши мумкин. Шу жиҳатдан олганда, демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Сайловлар жараёнида оммавий ахборот воситалари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланганлигини, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор бўлишини ҳам муайян даражада таъминлайди.
Оммавий ахборот воситалари давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайлови жараёнида сайловчиларни хабардор қилишда холис ва ҳаққоний бўлишлари, номзодлар ва партияларнинг тенглиги тамойилини бузмасликлари керак. Айнан ушбу ҳолат оммавий ахборот воситаларининг мазкур жараёнда амалга оширадиганфаолиятининг хусусияти ҳисобланади.
Сайловда иштирок этадиган барча номзодлар, сиёсий партиялар, қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўз ташвиқотини олиб бориши учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари, радиоэшиттириш, телекўрсатувларда сайловолди дастурлари билан чиқишлари учун тенг ва адолатли шарт-шароит яратилади. Ташвиқот фаолиятини юритишда оммавий ахборот эркинлиги суиистеъмол қилинишига, шу жумладан, давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қиладиган, уруш, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этадиган, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситишга қаратилган даъватларга йўл қўйилмайди.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, Марказий сайлов комиссияси қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда. Матбуот марказининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тегишли расмий маълумотлар, зарур материаллар билан таъминлашдир. Бу ерда ОАВ вакилларининг профессионал фаолияти учун барча зарур шарт-шароит мавжуд, интернет ҳамда алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятлари яратилган.
Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернет фаол татбиқ қилинмоқда. Айни шу нуқтаи назардан, сайловчиларнинг катта қисми интернетдан кенг фойдаланадиган ёшлар ҳисобланади. Шу боис сайлов жараёнига оид барча ахборотлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти
(www.elections.uz)га жойлаштирилиб, доимий равишда янгилаб борилмоқда. Марказий сайлов комиссияси сайти орқали фуқаролардан келиб тушаётган сайловга тайёргарликнинг бориши ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўровларга ҳам ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда.
10.6. Давлатнинг асосий органлари сайланиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши, тайинлаш йўли билан шаклланадиган давлат органларининг сайловчи ташкилотлар олдидаги жавобгарлиги.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида миллий сайлов қонунчилигимизга тамомила янги институтни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли ҳудудлардаги аҳоли томонидан бевосита сайлаш ғоясини илгари сурди26.
Ҳаракатлар стратегиясида Президент Ш.М.Мирзиёев илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” – принципини ижтимоий-сиёсий ҳаётда амалга оширишга доир дастурий мақсадлар ҳам мужассамлашган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жойларда ишларнинг ҳолатини ўрганиш ва халқ билан мулоқот қилишга доир фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори лойиҳасини ишлаб чиқилиб, унда ҳудудлардан сайланган депутат ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиши ҳамда тегишли хулосалар бериши, шунингдек Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси иштирокида ўрганиш натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларини ўтказиш, Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар бир вилоятда навбатма-навбат намунавий халқ депутатлари Кенгашлари ишини ташкил этиш белгиланди. Агар парламентнинг халқ иродаси ва манфаатлари асосида фаолият юритиши ҳамда қонунлар қабул қилиши энг асосий демократик қадриятлардан бири эканлигига эътибор берсак, депутатлар ва Сенат аъзоларининг ўз сайловчилари билан ўзаро мулоқотлари, жойлардаги муаммолардан хабардор бўлиши, уларнинг ечимларини топишда иштирок этиши, маҳаллий вакиллик органларини жонланишига кўмаклашиши мамлакатимизда фуқаролик жамияти унсурларини ривожланишига шарт-шароитлар яратади. Чунки, олий вакиллик органи депутати авваламбор ўз сайлов округидаги фуқароларнинг вакили, Сенат аъзоси эса ўзи сайланган минтақа маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакилидир. Шунинг учун ҳам парламент аъзоларининг халқ ичида кўпроқ фаолият юритиши давлатимиз барқарорлигини янада мустаҳкамлаш омилларидан биридир.
Ҳаракатлар стратегиясияда аҳолининг сенаторлар ва депутатлар билан ўзаро муносабатларини, Олий Мажлиснинг халқ билан мулоқотини такомиллаштириш мақсадида “Электрон парламент” тизимини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, уни қабул қилишга доир Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаш, унда миллий парламент фаолияти самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, парламент фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш воситасида халқ билан мулоқотни такомиллаштириш, депутатларга сайланган сайлов округлари жойлашган маҳаллий ҳокимият идораларининг қарорларини юбориш, шунингдек мазкур ҳудуддаги вазиятдан доимий равишда хабардор бўлиб туриш имконини яратиш вазифаларини белгиланган.
Ҳаракатлар стратегиясияда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назорат қилишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.
Мамлакатда “сайловчилар (фуқаролар) – сиёсий партиялар – парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари (маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари) – қонунлар, меёрий ҳужжатлар, давлат органлари қарорлари” схемаси асосида фуқароларнинг манфаатлари ва иродаларини давлат ҳокимияти, жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятида ифодалайди. Бошқача айтганда, маҳаллий давлат бошқаруви халқ манфаатлари асосида фаолият юритадиган орган сифатида намоён бўлади.
Ҳаракатлар стратегисида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги Доимий вакили (бундан кейин – Доимий вакил) лавозимини таъсис этиш, унинг доимий вазифаси қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг қонун ижодкорлиги соҳасида, шунингдек ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини ташкил этишда ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга қаратилиши кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ҳамда асосий ижрочисига айланиши зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмасди. Айни шу эзгу даъват ортидан депутат ҳамда сенаторларимиз ҳудудларга бориб, туман, шаҳар ва маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз туриб, уларнинг муаммолари билан танишдилар. Натижада, сайловда халқ ўзи ишониб, овоз берган депутатларини таниди, бевосита мулоқот чоғида дардини айтиш имконига эга бўлди.
Маълумки, яқин ўтмишда фаолият кўрсатган барча йўналишдаги депутатларнинг барчаси чуқур мафкуралашган мақсади ва фаолиятидан қатъи назар, бир хил фикрлар эди. Депутатлар корпуси ҳукмрон сиёсий партия манфаатларини ҳимоя қилар, унинг яккаҳокимлик сиёсатини қўллаб-қувватлар эди. Депутатлар кенгашларида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий эҳтиёжларини таъминлаш сингари умуминсоний қадриятлар ўз ифодасини топмаган эди. Барча депутатлар кенгашлари, мақомидан қатъи назар, сохта фаолият юритишар эди. Аслида Парламент бутун моҳияти билан халқ ҳокимиятидир. У вакиллик органи сифатида бутун ваколатни халқдан олади ва Конституция доирасида фаолият юритади. Демак, ҳар бир фуқаро парламент таркибида ўзи сайлаган, унга овоз берган шахс орқали ҳокимият ва давлат фаолиятида ўз овозига эга. Бошқача қилиб айтганда, парламент аъзоси ҳар бир депутат ёки сенатор ўз сайловчиларининг мақсад ва интилишларини, жамият ва давлат фаолиятига муносабатини ўзида ифода этади. Шу тарзда қонунчилик ҳокимияти ва халқ иродаси ва манфаатларини ҳимоя қилади.
Депутат ва сенаторлар ўз сайловчилари билан доимий учрашувлар, очиқ мулоқотлар жараёнида жамиятнинг яхлит кайфиятини, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжларини ўрганишади. Бу эса жамият тараққиётини белгилаб берадиган, ислоҳотлар жараёнини тартибга соладиган, унинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қиладиган қонунлар яратиш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |