Учинчи босқич (2010 дан ҳ.д.) –мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қилиш давридир. Ушбу давр Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов томонидан 2010 йил 12 ноябрдаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»нинг эълон қилиниши билан бошланди. Ушбу Концепцияда илгари сурилган таклиф ва тавсиялар асосида қонунчилик ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган «Сайлов эркинлигини янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2012 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2012 йил 5 декабрда Сенат томонидан маъқулланди ҳамда 2012 йил 19 декабрда Президент томонидан имзоланган ҳолда 2012 йил 20 декабрда матбуотда эълон қилинди23.
Мазкур янги қонуннинг қабул қилинишини Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштирилишининг янги босқичи сифатида эътироф этиш мумкин. Келгусида ушбу Қонуннинг амалга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи эркинлиги янада таъминланишига эришилди.
Юқорида қайд қонунларда сайлов тизими ва унинг мазмун-моҳияти, сайлов тизимининг асосий тамойиллари, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларни ташкил этиш, ўтказиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки, сайлов ҳуқуқининг кафолатлари, сайловларни молиялаштириш ва шу каби ўта муҳим масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш мезонлари белгиланди.
Амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларнинг барчаси миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини, икки палатали парламент сайловларининг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро тамойил ва меъёрларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига олиб келди. Ушбу қонунларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилди. Мамлакат Президенти лавозимига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни сиёсий партиялар томонидан, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни эса – сиёсий партияларнинг жойлардаги тегишли органлари томонидан кўрсатилиши тўғрисидаги тамойилиал қоида мустаҳкамланди. Депутатликка номзодларнинг давлат ҳокимияти ижро органлари томонидан кўрсатилиш амалиёти бекор қилинди ва бу мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш йўлидаги тамойилиал қадам бўлди24.
Сайлов қонунчилигимизга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган, энг ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайдиган мутлақ ваколатларнинг Марказий сайлов комиссиясига берилишини кўзда тутадиган ўзгартишларнинг киритилиши ўта муҳим аҳамиятга молик улкан воқеа бўлди. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, сайлов кампанияси жараёнига давлат ва ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмалари томонидан аралашишга қаратилган ҳар қандай уриниш қонун билан тақиқланиши ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.
Сайлов қонунчилигини ривожлантириш ва такомиллаштириш масаласига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Статегияси ва унинг асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида алоҳида этибор қаратилмоқда. Жумладан, сайлов амалиётимизда мавжуд бўлмаган Тошкент шаҳар туман кенгашларига сайлов ўтказиш тартиби ҳам жорий қилинди.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда мустақил давлатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида сайлов соҳасига доир бир қанча таклифларни билдириб ўтди: “Маълумки, 2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, Ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман.Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шу ўринда сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Бу борада қабул қилинган 6 та қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган. Шу сабабли халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим. Шунингдек, 2019 йилда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳозирдан киришиш керак. Дастурда мазкур сиёсий жараён янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур”25. 2019 йил 25 июнда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 18 боб, 103 та моддаданиборат.