10-МАВЗУ. ИҚТИСОДИЁТДА ФАОЛИЯТ КЎРСАТАЁТГАН КИЧИК БИЗНЕС ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБъЕКТЛАРИНИНГ ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ БАҲОЛАШ
Режа
Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳияти ва экспортёр корхоналарнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши
Экспортнинг товар ва географик таркибини такомиллаштириш
1. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳияти ва экспортёр корхоналарнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши
Экспорт диверсификацияси, яъни хорижга сотилаётган товарлар ва хизматлар номенклатурасининг кенгайиши, жами экспортда алоҳида товар ёки хизмат тури (айниқса, хом ашё) улушининг катта бўлишига барҳам берилиши, маҳсулотларимиз экспорт қилинаётган мамлакатлар географиясини кенгайтириш экспорт ҳажмининг барқарор бўлишини таъминлайди, миллий иқтисодиётнинг ташқи бозордаги салбий ўзаришларга таъсирчанлиги даражасини пасайтиради.
Експорт таркибида бир ёки бир неча товарлар улушининг сезиларли даражада ортиб кетиши бу товарлар нархи пасайган ёки уларга ташқи талаб қисқарган ҳолатларда экспортчи корхоналарни оғир аҳволга солиб қўйиши мумкин. Бунинг натижасида экспорт ҳажмининг қисқариши валюта тушумларининг камайиши, ташқи савдо балансининг ёмонлашуви ва корхоналар молиявий аҳволининг тангликка юз тутишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, экспорт умумий ҳажмининг кам сонли давлатларга боғланиб қолиши ҳам қалтис ҳолат ҳисобланади.
Президентимиз томонидан маърузада илгари сурилган тайёр рақобатбардош маҳсулотлар экспортини фаол ошириш ва бу маҳсулотлар етказиб бериладиган мамлакатлар географиясини янада кенгайтириш вазифасини амалга ошириш экспорт ҳажмини барқарор ўстириш, ташқи бозордаги ўзгаришлар таъсирида унинг ҳажми кескин камайиши хавфини бартараф этиш имконини беради.
Експорт қилинаётган товарларни диверсификация қилиш, уларни импорт қилувчи мамлакатлар географиясини кенгайтириш бу мамлакатлардан бири ёки бир гуруҳининг иқтисодиётида муаммолар рўй берганда ҳам экспорт ҳажмининг кескин пасайиб кетишига йўл қўймаслик имконини беради.
Ўтган йиллар мобайнида экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, ташқи савдо таркибида ижобий силжишларга эришиш, унинг ҳажмини барқарор ўстириш имконини бермоқда .
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, саноатнинг сермеҳнат тармоқлари бўлмиш озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва қурилиш материаллари саноати тармоқларида кичик корхоналар ходимларининг ўртача йиллик чекланган сони 200 кишигача оширилганлиги мазкур тармоқларда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сонининг кўпайишига имконият яратиб бераётганлигини алоҳида қайд этиш зарур.
2016 йилда ҳудудлар бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида 71,0 фоизни ташкил этган. Шунингдек, Наманган вилоятида бу кўрсаткич 69,4 фоизни ва Самарқанд вилоятида 60,1 фоизни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич бўйича ўрта даражада бўлган Жиззах, Андижон, Хоразм, Сирдарё, Бухоро, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари 45-60 фоиз оралиғидаги кўрсаткичларни қайд этган. Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 34,0 фоизни, Қашқадарё вилоятида 27,0 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 26,6 фоизни ва Навоий вилоятида 20,8 фоизни ташкил этиб, паст даражани қайд этган (2-жадвал).
2-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |